Фалсафа фан сифатида бундан 3 минг йил илгари қулдорлик тузуми даврида, ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажрала бошлаган бир шароитда инсоннинг объектив борлиқда ва ўз-ўзига бўлган муносабатлари тўғрисидаги назарий билимлар тизими шаклида пайдо бўлади. Фалсафанинг пайдо бўлишида жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиёт муҳим роль ўйнайди. Чунки, фалсафа ижтимоий онгнинг алоҳида ўзига хос шакли сифатида жамиятнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаёти билан чамбарчас боғлик, бўлиб, уларни ўзида акс эттиради. Фалсафа жамиятнинг ижтимоий эҳтиёж ва манфаатлари, ғоявий-сиёсий қарашлари, умуман, унинг моддий ва маънавий ҳаёти билан алоқадор бўлиб, ижтимоий борлиқни акс эттиради ва ўз ўрнида унга фаол таъсир кўрсатади, ўзининг тамойиллари, қонун ва категориялари орқали янги ғоя ва назариялар, ижтимоий идеаллар, маънавий қадриятлар шаклланишига ёрдам беради. У фан сифатида борлиқни, яъни табиат, жамият, инсон ва унинг тафаккури тараққиётининг энг умумий муаммоларини ўрганади.
Фалсафа фанининг услубий вазифасини изоҳлаш учун, аввало, услуб(методология)тушунчасини билиб олиш лозим. Методология фалсафа фанининг тадқиқот объектини ўрганишга йўналтирилган энг умумий тамойиллар, усул ва воситалар тизимидир. Методология сўзининг мантиқий мазмуни ҳам борлиқни билишнинг усул ва воситалари ҳақидаги таълимот, деган маънони англатади. Шу маънода фалсафа бошқа фанлар учун методологиядир. Фалсафанинг гносеологик вазифаси, унинг борлиқни билиш учун умумий методлар тизимини яратиш билан боғлиқдир. Бунда билимларнинг ҳақиқийлиги масаласи асосий ўрин тутади. Фалсафанинг эвристик вазифаси(“эвристика” грекча сўз бўлиб, кашф этиш, деган маънони англатади) гносеологик вазифаси билан боғлиқ бўлиб, табиат, жамият ва инсон тафаккури ривожланишининг умумий янги қонунларини кашф этишни характерлайди. Шу биргаликда, бу вазифага ўзини ўзи англашни, миллий ўзликни англашни ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир. Фалсафа тарбиявий вазифани бажаради. Инсонннинг маънавий баркамолликка етишишида фалсафанинг ўрни ва аҳамияти каттадир. Хусусан, “Ахлоқ фалсафаси” кишида юксак ахлоқий меъёрлар -ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ғоявийлик, эътиқод, ижтимоий-сиёсий фаоллик ва масъулиятни ҳис этиш туйғуларини тарбиялайди. Шунингдек, “Ҳуқуқ фалсафаси”, “Табиатшунослик фалсафаси” ўзига хос тарбиявий вазифаларни бажаради. Фалсафанинг праксеологик вазифаси фалсафий ғоя ва назарияларнинг ижтимоий ҳаётга амалий тадбиқ этилиши билан изоҳланади.Ҳар қандай амалий фаолият мустаҳкам илмий назарияга асосланмаса, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Фалсафанинг бу вазифаси назарияни амалиётга жорий этиш услуб ва воситаларни аниқлашни ҳам ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |