Натурага қараб ҳайкал ишлаш
Натурага қараб ҳайкал ишлаш машғулотлари 5-7-синфларда катта ўринни эгалламайди. Чунки, болаларнинг натурага қараб ҳайкал ишлаш юзасидан малакалари 1-4 синфларда маълум миқдорда шаклланган бўлади. Шу сабабдан 5-7 синфларда натурага қараб ҳайкал ишлашга эътибор камаяди ва унинг вазифалари кўпроқ ҳайкалторошлик композицияси дарсларида амалга оширилади. Натурага қараб ҳайкал ишлаш методикаси бошланғич синфлардагидан деярли фарқ қилмайди. Улар асосан қўйиладиган вазифаларни маълум миқдорда ўқувчиларнинг ѐшларини ҳисобга олиб, мураккаблашиб бориши билан фарқланади. Бу фарқлар кўпроқ натура тузилишининг мураккаблиги (ҳайвон, қуш, одам), шунингдек, натуранинг ҳаракатда тасвирланиши кабиларда кўзга ташланади.
4.8. Композиция (рангтасвир, декоратив, ҳайкалтарошлик)
Композиция дарслари уч йўналишда олиб борилади. Биринчи йўналиш рангтасвир композицияси, иккинчиси декоратив композиция, учинчи йўналиш ҳайкалтарошлик композицияси ҳисобланади.
Рангтасвир композицияси
5-7-синфларда рангтасвир композицияси 1-4-синфлар билан умумийликка эга ва унинг давоми ҳисоблансада, бироқ, уларнинг бир-бирларидан фарқи бор.
Бунда асосий эътибор мавзулар ва топшириқларни ўқувчиларнинг ѐши, қобилияти, уларнинг авваллари ўзлаштирган билим ва малакалари ҳисобга олинади. Рангтасвир машғулотлари, ўқитиш методикаси таълим мазмуни асосида ташкил этилади. Бунда топшириқлар ўқитувчи томонидан тавсия этилган мавзулар асосида ўтказилади. Улар асосан, манзара, турмуш, тарихий, батал, афсонавий, марина, анимал жанрлар асосида бўлади.Болалар бешинчи синфнинг дастлабки машғулотларида композиция, ҳажм, рангшунослик, ѐруғсоя, перспективадан назарий билимларни ўзлаштирганликларини ҳисобга олиб, 6-7-синфларда рангтасвир композициясидан бериладиган топшириқлар маълум миқдорда мураккаблашади, уларни бажаришга ажратиладиган соатлар ҳам ошади.
Чунки, 5-7-синфлардаги рангтасвирдан композиция ишлаш маълум тайѐргарлик асосида олиб борилади. Бундай, машғулотлар кўпроқ рангтасвирчи рассомнинг ижодий иш услубига яқинлашади. Бунда ўқувчи мавзуни билиб олгандан сўнг шу асосда биронта ғояни илгари суради. Айтайлик, Ўзбек халқининг мустақиллик учун курашини кўрсатувчи мавзу тавсия этилса, болалар Ўзбек халқининг миллатпарвар, ватанпарвар эканлигини, ўз халқи, Ватани учун жонини ҳам аямаслигини, халқ жасоратини тасвирлашни ўз сувратининг ғояси сифатида илгари суради. Ана шу ҒОЯ асосида мавзу юзасидан материаллар тўплаши керак бўлади. Сўнгра ана шу тўпланган материаллар асосида сувратнинг бир неча вариантдаги эскизлари ишланади. Суръат мазмуни юзасидан қатъий бир эскиз танлангандан сўнг уни бажаришга киришилади. Ўқувчилар рассомлар каби юқорида қайд қилинганидек катта тайѐргарлик ишларини олиб бормасаларда, ҳар қалай
маълум ишларни бажаришлари керак бўлади. Мактаб шароитида рангтасвирдан топшириқ мавзуси эълон қилингач, ўқитувчи уни тушунтиради. Бунда фақат топшириқни эмас уни бажариш тартиби ҳақида ҳам фикр юритади. Мавзу юзасидан суҳбатда ўқитувчи унинг мазмуни ҳақида тўхталади. Бу мазмун, албатта, мавзу асосида бўлади. Маълумки, 5-6- синфларнинг тасвирий санъат дастурида рантсвир юзасидан «Карвон»,
«Муқанна қўзғалони», «Сув ости дунѐси», «Олтин куз», «Ойим нон ѐпяптилар», «Жалолиддиннинг сўнгги жанги», «Улуғбек расадхонасида»,
«Хива-қўриқҳона шаҳар», «Мен севган касб», «Дорбозлар» каби мавзулар ўрин олган.
Ўқитувчи эса аввало мавзу мазмунидан келиб чиқиб суҳбат ўтказади. Кейин эса мавзуга доир санъат асарларининг репродукциялари, фотолари, табрикома, этюд ва бошқа ҳомаки ишлар кўрсатилиб таҳлил қилинади. Бундай кўргазмали материалларни тўплашни ўқитувчи ўқувчиларга аввалги дарсда топшириқ тарзида берган бўлади. Чунки, бунда болалар мавзу ҳақида кенгроқ фикр юритадилар ва ўқитувчига кўргазмали материалларни тўплашга ѐрдам берадилар. Шундан сўнг, ўқитувчи синф доскасида композицянинг 2-3 вариантини чизиб кўрсатади ѐки уни ўзи аввалдан тайѐрлаб қўйган расми орқали тушунтиради. Ҳар қандай композиция ишлаш қатъий кетма-кетлилик асосида бўлади. Хусусан: 1. Мавзу юзасидан мазмун танлаш. 2. Мавзу юзасидан кузатиш ишларни олиб бориш. Айниқса, манзара, турмуш, анимал жанрларда расм ишлаганда бу метод қўл келса, тарихий, батал, марина жанрларида расм ишлаганда эса санъат асарларининг репродукциялари, слайд, фото ва откриткалардан фойдаланилади. 3. Расм ўлчови ва форматини танлаш. 4.Танланган мазмунни дастлабки кичик ўлчовдаги ишчи эскизда акс эттириш. 5. Расм учун қоралама, рангламаларни бажариш. У дарс, дарсдан ташқари вақтларда бажарилиши мумкин. 6. Рангтасвирни чизиқли тасвирини ишлаш. 7. Рангтасвирни бўѐқлар билан тасвирини ишлаш. Мазкур тартиб мавзу, мазмун, ўқувчиларнинг тайѐргарлиги, қобилияти, тасвирлаш имкониятларига қараб ўзгариши мумкин. Бу ўзгариш иш ҳажмини кўпайиши ѐки камайиши ҳисобига, шунингдек, тайѐргарлик ва расм ишлаш босқичларида ҳам бўлиши мумкин. Рангтасвир композицияси машғулотларига кўпинча 2-3 соат вақт ажратилади. Уларнинг биринчи соатида мавзу, мазмун аниқланади, материал тўпланади, ишчи эскиз тайѐрланади, чизиқли расм ишланади. Машғулотларнинг иккинчи соатида эса расмни бўѐқлар билан бўялади. Мураккаб мазмундаги расмлар ишлаганда эса, биринчи соатда тайѐргарлик, иккинчисида эскиз ва чизиқли расм, учинчисида, иш бўѐқлар билан бажарилади. Болалар ўз расмларини тезроқ бўяб тугаллашга жуда қизиқишлари оқибатида уларнинг расмлари композиция жиҳатдан бўш ва чала бўлиб қолади. Бунга йўл қўймаслик учун болалар расмни бўяшга фақат ўқитувчининг рухсати билангина ўтишларига рухсат этилади. Ўқувчиларнинг фикрларини бойитиш ва
ҳаракатларини қўллаб- қувватлаш мақсадида ѐрдамчи кўргазмали материаллар фақат дарснинг бошланиш қисмида эмас, болаларнинг мустақил ишлари жараѐнида ҳам амалга оширилади. Бу кўргазмали материаллар расмдаги айрим образларга таалуқли деталлар, композиция, схематик расмлар, перспектива, ѐруғсоя, бўѐқлар билан ишлашга оид бўлиши мумкин. Дарснинг сўнгида синф ишига якун ясаш мақсадида муаффақиятли, ўртача ва бўш ишланган болалар расмларидан айримларини ажратиб олинади ҳамда улар бутун синф иштирокида таҳлил қилинади. Бунда ишдаги ютуқ ва камчиликлар аниқланади ҳамда уларнинг сабаблари қайд қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |