1.3. Талончилик (ЖК 166-м.)
Қонунга кўра, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш талончилик дейилади.
Талончиликнинг бевосита объекти ўзганинг мулки ва қўшимча объекти жабрланувчининг соғлиғини (ЖК 166-м. 2-қ.) таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Объектив томондан талончилик ўзганинг мол-мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилишда ифодаланади.
Мулкни очиқдан-очиқ талон-торож қилиш объектив ва субъектив мезонларга асосланган бўлиши лозим.
Очиқдан-очиқ талон-торож қилишнинг объектив мезони айбдор томонидан ўзганинг мулкини мол-мулк эгаси ёки мол-мулк ихтиёрида ёхуд муҳофазасида бўлган шахсларнинг, ўзганинг мулки талон-торож қилинаётганлиги англаб турган бегона кишиларнинг кўзи олдида талон-торож қилишда намоён бўлади.
Очиқдан-очиқ талон-торож қилишнинг субъектив мезони айбдор ўзганинг мулкини очиқ-ойдин талон-торож қилаётган вақтида ўзининг хатти-ҳаракатлари мулк эгаси томонидан ёхуд мол-мулк тасарруфида бўлган ёки бегона шахслар томонидан кузатиб турилганлигини англаган ҳолда амалга оширганлигини назарда тутади.
Талончилик айбдор очиқдан-очиқ эгаллаган мулкдан ўз хоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш ёхуд тасарруф этиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, агар ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланиб, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан сезиб қолинганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб, ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса босқинчилик деб тавсифланиши лозим.
Субъектив томондан талончилик тўғри қасд билан ғаразгўйлик ниятида содир этилади.
Жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин.
Талончилик: а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб; б) анча миқдорда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 166-моддаси иккинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Талончилик: а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; б) уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб; в) кўп миқдорда содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 166-моддаси учинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Талончилик: а) жуда кўп миқдорда; б) ўта хавфли рецидивист томонидан; в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 166-моддаси тўртинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |