1.1. Босқинчилик (ЖК 164-м.)
Босқинчилик деганда, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш тушунилади.
Босқинчилик жиноятининг бевосита объекти ўзганинг мулки ва қўшимча бевосита объекти шахснинг соғлиғини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Босқинчилик жиноятининг объектив томони ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ҳужум қилишда ва шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда намоён бўлади.
Ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда, унинг ишлатилиши жабрланувчининг ҳаёти учун аниқ бўлган хавфни вужудга келтирувчи ҳолат (масалан, жабрланувчини бўғиш, бошини сув остида ушлаб туриш ва ҳ.к.) тушунилади.
Соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда, жабрланувчи соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган даражада баданга шикаст етказиш ёки шундай жароҳат етказиш хавфини туғдирувчи ҳаракатлар тушунилади3.
Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфни келтириб чиқарувчи ҳаракатлар эса бўйнини қўл билан бўғиш, арқонни бўйнига солиш, шарқона кураш усулларни намойиш қилиш ёки ўювчи (кислота) моддаларни кўрсатиш билан қўрқитиш кабиларда ифодаланади.
Ҳужум қилиш деганда, очиқ ёки яширин равишда тўсатдан жабрланувчига тажовузкорона зўрлик ишлатиш тушунилади. Босқинчиликда ҳужум қилиш жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш билан боғлиқ бўлиб, очиқ ва яширин хусусиятларга (масалан, оғир предметлар билан орқадан уриш, яширин жойдан ўқ узиш ва ш.к.) эга бўлади. Шунингдек, ҳужум ниқобланган (яширин жойдан орқасига уриш) ҳамда жабрланувчига аниқ ёки яширин таъсир ўтказиш хусусиятга эга бўлиши мумкин.
Босқинчиликдаги қўрқитиш оғзаки равишда ёки ҳаёт ва соғлиқ учун хавфни келтириб чиқарувчи ҳаракатларда ҳам акс этиши мумкин. Қўрқитиш аниқ хусусиятга эга бўлиши ва жабрланувчи айбдор томонидан қилинган қўрқитишни дарҳол қўллаши мумкинлигини англаган бўлиши лозим.
Босқинчилик жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитилган ҳамда ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум бошланган вақтдан бошлаб, тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан босқинчилик фақат тўғри қасдда ифодаланади.
Жиноят таркиби субъектив томонининг зарурий белгиси бу қилмишдан кўзда тутилган мақсад ҳисобланади. Босқинчилик жиноятининг мақсади ўзганинг мулкини талон-торож қилиш ҳисобланади.
Босқинчилик жиноятининг субъекти 14 ёшга тўлган ақли расо шахс ҳисобланади.
Босқинчилик: а) қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; в) анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 164-моддаси иккинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Босқинчилик: а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 242-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан; б) кўп миқдорда; в) уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда; г) баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 164-моддаси учинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Босқинчилик: а) жуда кўп миқдорда; б) ўта хавфли рецидивист томонидан; в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 164-моддаси тўртинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |