Bog'liq 2 Нарзуллаев Б Тижорат банклари амалиётида кулланиладиган кредитлаш
1-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН КРЕДИТЛАШ ШАКЛЛАРИ ВА ЖАРАЁНИНИНГ НАЗАРИЙ-ХУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ 1.1. Тижорат банклари кредитлаш шакллари ва кредитлаш жараёнининг назарий асослари Кредитлаш жараёни – бу мижоз банкка ариза билан мурожаат этган кун ва улар орасида кредит шартномаси имзоланган даврдан бошлаб, то олинган ссудани сўндиришгача бўлган даврни ўз ичига оладиган жараёндир. Кредитлаш жараёнинг бошланиши мижоз ва банк ўртасида кредит муносабатларининг ўрнатилганлагини билдиради. Ушбу жараёнда банк қарз олувчидан исталган ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига ва ссуда беришдан аввал, қарз олувчининг молиявий ҳолатини батафсил ўрганиб чиқиш, уни кредит тўловига лаёқатлилиги тўлиқ ўрганилгандан сўнг, мизозга кредит берилиши ва кредит ва унга ҳисобланган фоизлар тўлиқ сўндирилишига қадар уни доимий мониторинг қилиб бориши лозим.
Мижозни алоҳида ссуда ҳисобрақамидан бир маротабали кредитлаш шакли - Банк томонидан мижозга кредит бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ссуда ҳисобрақами очилади ва кредит ҳисобидан мижознинг тўлов мажбуриятлари бўйича бир маротабалик тўлов амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси банк амалиётида ҳозирги кунда энг кенг қўлланилаётган кредит шакли ҳисобланади. Республикамизда кредитнинг мақсадлилик принципи амал қилганлиги сабабли кредит суммаси мижознинг жорий ҳисобрақамига ташлаб берилмайди.
Ушбу кредитлаш шаклининг камчиликлари: * тижорат банкини берилган кредитдан фойдаланиш жараёнини назорат қилиш имконияти чекланиб қолади;
* мол етказиб берувчи томонидан товарларни етказиб беришнинг кечикиши ёки умуман етказиб берилмаслиги натижасида кредит олган мижоз учун кредитдан фойдаланиш самарадорлиги пасаяди ёки умуман юзага келмайди.
* мижоз томонидан кредит сўраб ҳар сафар банкка мурожаат қилиш зарурияти сақланиб қолади.
Кредит линияси очиш йўли билан кредитлаш шакли - ушбу шаклда тижорат банки кредит олувчи мижоз учун кредитлаш лимити ўрнатади ва ушбу лимитдан фойдаланиш даврини белгилайди. Тараққий этган мамлакатлар амалиётида мижоз кредит линиясининг фақат ишлатилган қисми учун фоиз тўлайди. Аммо республикамиз банклари кредит линиясининг ишлатилмаган қисми учун ҳам фоиз тўловини ундиради. Россия банкларида кредит линиясининг ишлатилмаган қисми учун қўшимча тўлов ундирилади.
Мазкур кредитлаш шаклининг афзалликлари: 1. Мижоз ҳар сафар кредит сўраб банкка мурожаат қилиш заруриятидан халос бўлади.
2. Кредитдан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш имконияти юзага келади. Чунки, мижоз етказиб берилган товарлар учунгина тўловни амалга оширади.
3. Тижорат банки кредит шартномаси шартларини бажарилишини назорат қилиш имкониятига эга бўлади. У шартнома шартлари бузилса кредит линиясини вақтинчалик ёпиб қўйиши мумкин.
4. Мижоз кредитлаш лимитининг фақат фойдаланилган қисми учун фоиз тўлайди.
Кредитлашнинг овердрафт шакли - овердрафт сўзи инглизча сўз бўлиб, белгиланган чизиқни, чегарани босиб ўтиш деган маънони англатади. Кредитлашнинг овердрафт шакли инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда кенг қўлланилади ва яхши ривожланган. Айниқса, Англия банкларида овердрафт шаклида кредитлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Овердрафт кредити мижознинг банкдаги жорий ҳисобрақамининг дебетли қолдиғи суммасига берилади. Овердрафт кредитида алоҳида ссуда ҳисобрақами очилмайди. Компьютер дастури автоматик равишда берилган овердрафт кредитини ҳисобга олади.
Овердрафт кредити ва унинг фоизи мижознинг жорий ҳисобрақамига пул тушиши билан ундириб олинади.
Овердрафт кредити юқори рискли кредит ҳисобланади. Чунки, овердрафт кредитлари, одатда, гаровсиз берилади. Бунинг сабаби шундаки, овердрафт кредитларида гаров қийматини аниқлаш қийин. Чунки, биринчидан, банк мижознинг жорий ҳисобарқамида қачон пул етишмаслигини юзага келишини билмайди; иккинчидан, қанча миқдорда пул маблағи етишмаслигини олдиндан билмайди.
Англия банклари овердрафт кредитлари бўйича юзага келадиган кредит рискини пасайтиришнинг ишончли усулини қўллашади. Яъни, мижозга ҳар ойининг сўнгги иш кунида жорий ҳисобрақамнинг кредитли қолдиғини таъминлаш талаби қўйилади. Натижада, овердрафт кредити бўйича қарздорликнинг кейинги ойга ўтиб кетишининг олди олинади.
Овердрафт кредитлари белгиланган лимит доирасида берилади.
Ўзбекистон тижорат банклари амалиётида кредитлашнинг овердрафт шакли мавжуд эмас.
Овердрафт кредити тўловга қобиллик даражаси юқори бўлган мижозларга берилади.
Кредитлашнинг контокоррент шакли - немис тилида сўзлашувчи мамлакатларда кенг қўлланилади ва яхши ривожланган. Айниқса, Германия ва Швейцария банкларида овердрафт шаклида кредитлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Кредитлашнинг ушбу шаклида мижознинг жорий ҳисобрақами ёпилади ва унинг ўрнига контокоррент ҳисобрақами очилади. Контокоррент ҳисорарқамини банк юритади. Контокоррент ҳисобрақамининг кредитида мижознинг фаолиятидан келадиган барча пул маблағлари акс этади, унинг дебетида эса, мижознинг барча тўловлари акс этади. Контокоррент ҳисобрақамининг дебетли қолдиғи суммаси контокоррент кредитнинг суммасини билдиради ва мижоз банкка шу қолдиқ учун фоиз тўлайди. Контокоррент кредитининг кредитли қолдиғи учун банк мижозга фоиз тўлайди. Ушбу фоиз даражаси талаб қилиб олинадиган депозитларга тўланадиган фоиз даражасида бўлади ва одатда жуда паст фоиз ставкасидир.
Контокоррент кредити ҳам, овердрафт кредити каби юқори рискли кредит ҳисобланади. Шу сабаблаи, уларнинг фоиз ставкалари тижорат банкларининг бошқа кредитларининг фоиз ставкаларига нисбатан юқори бўлади.
Контокоррент кредити тўловга қобиллик даражаси юқори бўлган мижозларга берилади.
Кредит шартномасида кўзда тутилган бўлса, тижорат банки мижознинг кредитга бўлган талабини қондиришни кечикишига йўл қўйса, жарима тўлайди.
Мижоз кредит линиясини ишлатилмаган қисми учун комиссион ҳақ тўлайди. Чунки, у банкка зиён етказган ҳисобланади.
Кредитлашнинг факторинг шакли - факторинг сўзи инглизча factor сўзидан олинган бўлиб, агент, воситачи деган маънони англатади.
Тижорат банкининг факторинг кредити – бу мижознинг сотилган товарлар бўйича тўловни ундириш ҳуқуқини банкнинг дисконт ставкасида регресс ҳуқуқи билан ёки регресс ҳуқуқисиз сотиб олинишидир.
Факторинг операцияси 3 қисмдан иборат: 1. Дебитор қарздорликни инкассация қилиш. 2. Кредитлаш. 3. Кредит ва валюта рискидан кафолатлаш.