Назорат учун саволлар:
1. Энг қадимий шартномалардан бири айирбошлаш шартномаси ҳисобланади. Бозор муносабатлари шароитида эсаайирбошлаш шартномаси янгича мазмун-моҳият касб этди. Айрим ўринларда эса мазкур шартноманниг ҳаракат доираси ва қўлланилиш соҳалари чегараланишга ҳам йўл қўйилади. Бугунги кунда айирбошлаш шартномаси борасидаги қонунчилик ва ундаги чекланишлар ва чегарланишларни изоҳланг?
2. Айирбошлаш шартномасида қиймати ўртасидаги фарқ бўлган ҳолатларда унинг баҳоси қандай ҳал қилинади?
3. Фуқаро М. 1997 йил 1 сентябрида фуқаро Н. билан айирбошлаш шартномасини тузади. Шартномага мувофиқ, Н. ҳовлисини М. ҳовлисининг 1/3 қисмига алмашади. М.нинг қизи А. 1997 йил 1 декабрда судга мурожаат қилиб, уйнинг ярми ўзига тегишли эканини ва унинг розилигисиз отаси ҳовлининг бир қисмини алмаштирганини кўрсатиб, мазкур шартномани бекор қилишни сўрайди. У ўз талабини асослаш учун уйнинг бир қисми онасидан мерос бўлиб, ҳали отаси билан бўлиб олмаганлиги сабабли, уйни алмаштириш натижасида эгалик ҳуқуқининг бузилганини кўрсатади.
М.нинг позицияси, Н.нинг позицияси қандай бўлиши лозим? Суд фуқаро А.нинг талабини қондирадими?
4. Фуқаро К. эгасиз турар жойга ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган. 1998 йил 1 апрель куни бу уйни фуқаро Д.га қарашли автомобиль билан айирбошлаш тўғрисида шартнома тузишган. Аниқланишича, К. бу уйга 1986 йил 1 январдан 1998 йил 1 апрель кунигача эгалик қилган.
Фуқаро К.да ушбу уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келганми? У мазкур объект юзасидан шартномада тараф сифатида иштирок эта оладими?
31-БОБ. ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ. ХАЙР-ЭҲСОН
1. Ҳадя шартномаси тушунчаси, ҳуқуқий белгилари
ва предмети
Ҳадя деб шундай шартномага айтиладики, унга кўра бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талабини) беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёйинки озод қилиш мажбуриятини олади (ФКнинг 502-моддаси). Ҳадянинг моҳияти шундаки, бунда мулк текин топширилади, яъни ҳадя қилувчининг тасарруфида бўлган ашё ҳадя олувчига мол-мулк қилиб ўтказилади.
Бозор муносабатлари тобора чуқурлашиб боргани сари шартномаларнинг мазмуни, доираси, кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Чунончи, 1963 йилги фуқаролик қонунчилигида ҳадя шартномаси деганда, бир тараф (ҳадя қилувчи) мулкни иккинчи тарафнинг (ҳадя олувчининг) эгалигига текинга топшириши16 нормаланган эди. Амалдаги ФКда эса, бу ҳолат сезиларли такомиллаштирилди. Бунинг натижасида юқоридаги ҳадя предмети доираси кенгайтирилиб, у ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин бўлди:
биринчидан, бир тараф бошқа тарафга текинга мол-мулк қилиб бериладиган ашёларни;
иккинчидан, бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни берадиган ё бериш мажбуриятини олган ҳолларда мулкий ҳуқуқни;
учинчидан, бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи) ни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қиладиган ёхуд озод қилиш мажбуриятини олган ҳолларда ҳам мулкий ҳуқуқни.
Кўриниб турибдики, ҳар бир ҳолатда мустақил икки тушунча қўлланилган ашёни топширади ёки топшириш мажбуриятини олади, мулкий мажбуриятдан озод қилади ёки озод қилиш мажбуриятини олади. Бу мазкур шартномагагина хос бўлган хусусиятдир.
Шартнома реал бўлса-да, айни пайтда ҳадя қилувчи ҳадя олувчига келгусида ҳадя қилиш мажбуриятини олади. Аммо ҳамма ҳолларда ҳам ҳадя шартномаси вужудга келавермайди. Айтайлик, ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди (ФК, 502-модда, 2-қисми). Бундай шартномаларга ФКнинг 250-моддаси, 124-модданинг иккинчи қисми қоидалари қўлланилади.
Шунингдек, юқоридаги учта ҳолатга тўртинчи мустақил ҳолатни ҳам киритиш мумкин. Яъни, бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга бериш ёки бирон-бир шахсни мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади (ФК, 502-модда, 3-қисми).
Ҳадя бир тарафлама, реал, текинга тузиладиган шартнома ҳисобланади.
Шубҳасиз, ҳадя бир тарафлама битим бўлиб, тарафларнинг ўзаро келишувига асосланади. У ҳадя олувчининг таклиф қилинган мулкий ҳуқуқни қабул қилишга розилик беришида ифодаланади, айнан шу белгиси билан ҳадя қарз шартномасидан фарқ қилади.
Фуқаролик қонунчилигида ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширилишини назарда тутувчи шартнома тан олинмайди. Бундай ҳадяга нисбатан васиятнома тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Ҳадянинг васиятномадан фарқи шундаки, мулк ҳадя қилувчининг тириклигида топширилади, бу унинг мулки камайишига олиб келади, васиятнома эса инсоннинг ҳаётлигида унинг мулкий ҳуқуқларида акс этмайди. Васиятнома бекор қилиниши, ўзгартирилиши мумкин, ҳадя эса қоида тариқасида ортга қайтмайди. Ҳадяни шартнома дейиш мумкин, васиятнома эса одатда, бир тарафлама битим бўлиб кўрилади.
Ҳадя шартномасининг предмети фуқаролик муомаласидаги объектлар: ашёлар, мулкий ҳуқуқлар, кўчар ва кўчмас мулклар бўлиши мумкин.
Баъзи ҳолларда шартнома ҳадя қилувчининг ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилиш ёки озод қилиш мажбуриятини олиш орқали амалга оширилади. Бундай ҳолда шартноманинг тузилиш вақти мулк ҳуқуқининг ўтиш даври билан мос келмаслиги мумкин. Бунда мажбурият-ҳуқуқий муносабатлари вужудга келади, унинг мазмунида ҳадя қилувчининг ўз мулкини камайтириш ҳисобидан ҳадя олувчини бойитиш ётади. Шартномада ҳадя предмети аниқ кўрсатилиши керак. Номаълум ашёни ҳадя қилишга йўл қўйилмайди, бинобарин, улар ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Ҳадя олувчини қарздан озод қилиш ҳақида қилинган ваъдада ҳам ушбу қарз суммасини аниқ кўрсатиш лозим.
Ҳадя шартномасининг шакли унинг мазмунидан келиб чиқади. Умумий ҳолда ҳадя қилиш, яъни ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки тарзда амалга оширилиши мумкин. Кўпинча, ҳадяни топшириш, уни тақдим қилиш рамзий топшириш (масалан, янги квартирани ёки автомобиль калитини топшириш) ёки мулкий ҳуқуқни гувоҳлантирувчи бирон-бир ҳужжатни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.
Кўчар мулклар бўйича қуйидаги ҳолларда ҳадя шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади:
ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;
фуқаролар ўртасида энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;
шартнома бўйича келажакда ҳадя қилиш ваъда қилинган ҳолларда.
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Шунингдек, ФК 504-моддасининг 2001 йил 7 декабрдаги таҳририда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги белгиланди.
Ҳадя шартномаси одатдаги шартномалардан баъзи ҳуқуқий белгиларига кўра фарқ қилади. Айтайлик, буни мазкур турдаги шартноманинг ҳақиқий саналмаслиги ҳолларида ҳам кўриш мумкин. Битимларнинг ҳақиқий саналиши учун одатдаги қўйиладиган шартлардан ташқари, ҳадяда, биринчидан, ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклидаги ҳадя ашёсини (предметини) аниқ кўрсатиш керак; иккинчидан, ҳадя предмети ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг тириклигида топширилиши керак. Шунингдек, юқоридаги учта ҳолат бўйича тузилган шартномалар, албатга, оддий ёзма шаклда тузилиши, кўчмас мулкларни ҳадя қилиш эса, айни пайтда, нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳам керак.
Ҳақиқий саналмаслик ҳолати ҳадя олувчининг номи ва нарсаси кўрсатилмаган ҳадяни вакил томонидан амалга оширилувчи ишончномаларга ҳам тааллуқли.
Do'stlaringiz bilan baham: |