3. Шартноманинг шакли, муддати. Шартнома бўйича тарафларнинг жавобгарлиги
Айирбошлаш шартномаси, одатда, фуқаролар ўртасида тузилганда ва шартнома предметининг баҳоси энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача бўлган ҳолларда оғзаки шаклда тузилиши мумкин. Шунингдек, ёзма шаклда тузилган шартномани бажаришга қаратилган битимлар, агар қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин (ФК, 106-модда, 3-банд). Қолган ҳолларда, яъни юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан тузган ушбу турдаги битимлари, фуқаролар ўртасидаги белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлари ёзма шаклда тузилади. Баъзи ҳолларда шартноманинг предмети ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулклар бўлганда, бундай битимлар нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинади (ФК, 110-111-моддалари тартибида). Шунингдек, ФК 497-моддасининг 2001 йил 7 декабрдаги таҳририга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги белгиланди.
Шубҳасиз, шартнома шаклига доир юқоридаги талабларга риоя қилмаслик бир қанча хуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради (ФК, 109, 112-мм.).
Айирбошлаш шартномасининг муддати тарафларнинг келишуви билан белгиланади.
Шартнома бўйича жавобгарлик олди-сотди шартномасидаги жавобгарликка жуда ўхшаб кетади. Умумий ҳолда ФКнинг 393-моддасига кўра, сотувчи товарни сотиб олувчига учинчи шахслар нинг ҳар қандай ҳуқуқлардан озод ҳолда топшириши шарт, деб белгилаб қўйилган. Қонунда агар топширилган товарни сотаб олувчидан учинчи шахслар олиб қўядиган бўлса, сотувчи тарафнинг бевосита жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Яъни, ФКнинг 501-моддасига кўра, айирбошлаш шартномаси бўйича олган товарини учинчи шахслар олиб қўйган тараф, ФКнинг 395-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, бошқа тарафдан айирбошлаш асосида олинган товарни қайтаришни ёки зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Кўриниб турибдики, айирбошланаётган товарни учинчи шахслар ҳуқуқидан озод қилмасдан айирбошлаш кейинчалик бундай ҳаракатни амалга оширган тарафнинг жавобгарлигини келтириб чиқарар экан. Бироқ шуни эсда тутиш керакки, сотиб олувчи учинчи шахсхиарнинг ҳуқуқлари бўлган товарни қабул қилишга розилик берган ҳоллар бундан мустаснодир.
Шартнома бўйича айирбошланаётган товарларнинг миқдори, ассортименти, унинг сифати, товарнинг бутлиги муҳим унсур ҳисобланиб, уларни шартномада келишилганидек бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик тегишинча тарафларнинг жавобгарлигини келтириб чиқаради.
Хусусан, товарни топширувчи шартнома шартларини бузиб, товарни қабул қилиб олувчига шартномада белгиланган миқдордан кам товар топширган бўлса, товарни қабул қилиб олувчи агар шартномада бошқача тартиб назарда тугалмаган бўлса, товарнинг етишмаётган миқцорини топширишни талаб қилишга ё топширилган товардан ва унинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю унинг эвазига келишилган товар топширилган бўлса, олдин топшириб қўйилган товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли. Умуман, айирбошлаш шартномаси бўйича кўп ҳолларда олди-сотдига доир қоидалар қўлланилгани боис, бу ҳақдаги нормалар батафсилроқ олди-сотдига бағишланган бобда келтирилди.
Шуни айтиш керакки, қонунда белгиланганидан ташқари, тўғридан-тўғри шартнома бўйича айирбошлаш натижасида ҳам жавобгарликнинг бошқа турлари назарда тутиши мумкин. Айирбошлаш шартномаси бўйича жавобгарлик фақат бир тарафда эмас, ҳар икки тарафда ҳам юзага келиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |