2. Шартномада қатнашувчи тарафлар, уларнинг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари
Шартномада қатнашувчи тарафларнинг ҳар бири бир вақтнинг ўзида ҳам сотувчи, ҳам сотиб олувчи ҳисобланади. Бу билан айирбошлаш олди-сотди шартномасига ўхшаб кетса-да, бироқ ундан фарқ қилади. Фарқи шундаки, бунда бир мулк иккинчисига пулсиз алмаштирилади. Айни пайтда айирбошлаш олди-сотдига ўхшашлиги туфайли, унга нисбатан баҳо ва харажатлар ҳақидаги қоидалардан ташқари, олди-сотдини тартибга солувчи барча қоидалар қўлланаверади.
Бозор муносабатлари шароитида баъзи ҳолларда товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар билан истеъмолчилар ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларини вужудга келтирувчи асослардан бири сифатида айирбошлаш (бартер) шартномаси қўлланади. Бартер битими (итал. baratare – айирбошламоқ; инг. barter transaction сўзидан олинган бўлиб, айирбошлаш шартномаси, мавоза деб ҳам юритилади13. У, айниқса, бозор тизимига ўтиш даврида ўзаро ҳисоб-китоблар яхши йўлга қўйилмаган давр учун бирмунча характерлидир. Валюта беқарор бўлган ҳозирги замон халқаро савдосида янада кенг тарқалмоқда. Бартер битими вақтида пул тўловларининг йўқлиги товар етказиб бериш баҳоларини ва уларни пул шаклида ҳисобга олишни истисно қилмайди.
Шартномада тарафлар сифатида жисмоний ва юридик шахслар қатнашиши мумкин.
Юридик шахсларнинг бу борадаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 9 июлдаги 616-сон “Бартер асосида амалга ошириладиган экспорт-импорт операциялари бўйича тартиб бузилишлари ва суиистеъмолликларга чек қўйиш тўғрисида”ги фармони билан мустаҳкамланган. Унга кўра, валютасиз асосда экспорт-импорт бартер операцияларини амалга ошириш учун шартномалар тузиш тақиқланади14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 11 апрелдаги 1096-сон “Экспорт-импорт операцияларини тартибга келтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2003 йил 15 январдаги 3194-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги, 2005 йил 20 сентябрдаги 3661-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги фармонларига кўра, 616-сон фармонга айрим жузъий ўзгартишлар киритилди15.
Таъкидланганидек, шартномада қатнашувчи тарафлар бир пайтнинг ўзида ҳам сотувчи, ҳам сотиб олувчи сифатида қатнашади. Шунинг учун ҳам шартномада қатнашувчи тарафлар деярли бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар.
Айирбошлаш шартномаси бўйича тарафлар:айирбошлана-ётган товарни ўз вақгида, келишилган тартибда қабул қилиб олиш;қабул қилинган товар эвазига айирбошланиши лозим бўлган товарни ўз вақтида топшириш;топширилаётган товарлар-нинг сифати, ассортименти, яхши бўлишини таъминлаш каби мажбуриятларга эгадирлар.
Шартнома мажбуриятларини муқобил равишда бажарган тарафлар иккинчи тарафдан товарнинг топширилишини; шартнома шартлари қўпол равишда бузилган бўлса, хусусан, сифатсиз товар айирбошланган, товарни топшириш муддати узрсиз узоқ муддатга кечиктирилган ҳолларда бир тараф шартномани бекор қилишга ҳақлидир.
Айирбошлаш шартномаси шартлари иккала тараф томонидан тўлиқ бажарилган бўлса, ҳар иккисида ҳам товарларга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |