3. Франшизинг шартномасини тузиш
Франшизингнинг, одатда, исботсиз қабул қилинадиган, етарлича шарҳ берилмаган жиҳати шундан иборатки, лицензион комплексга мутлақ ҳуқуқлар франчайзерга тегишли бўлади. Кўпинча Ўзбекистонлик тадбиркорлар жаҳонга машҳур компания билан ҳамкорлик қилиш мақсадида уларнинг МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий ваколатхонасига мурожаат қиладилар, ваҳоланки, воколатхона бош корхонага тегишли лицензион комплекс ҳамда бошқа ақлий мулк объектларининг ҳуқуқий эгаси эмас. Тегишинча, франшизинг шартномасини тузишдан олдин тадбиркорларга франчайзердан ақлий мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларни берувчи ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхасини сўраш тавсия этилади. Фирма номига -нисбатан бундай ҳужжат юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат руйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномасидир. Товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси гувоҳнома билан тасдиқланади, кашфиётлар, фойдали моделлар ва саноат намуналари эса, патентга эга бўлиши лозим, уларнинг ҳар иккаласи Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк Агентлиги томонидан берилади. Агар франчайзер хорижий юридик шахс бўлса, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик муассасалари томонидан тасдиқланиши ва легаллаштирилиши лозим.
Шартнома мазмуни ҳақида шуни айтиш мумкинки, франшизинг шартномасининг тарафлари фақат тижорат ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар бўлиши мумкин.
Франшизинг шартномаси лицензия комплекси, савдо белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва қўриқланадиган тижорат ахборотидан фойдаланишнинг минимал ва ёки максимал ҳажмини белгилайди. Хусусан, франчайзернинг фирма номидан ва товар белгисидан фойдаланиб сотииши мумкин бўлган маҳсулотлар ёки кўрсатиладиган хизматлар рўйхати қайд этилади ёки қандай тижорат ахбороти берилиши белгилаб қўйилади ва ҳ.к. Мазкур бўлимнинг асосий шарти франчайзига ўзига тегишли лицензион комплекс ёки унинг бир қисмини худди шундай шартларда сублицензия асосида бошқа шахсларга фойдаланиш учун рухсат бериш хуқуқини бериш масаласидир.
Аксарият ҳолларда томонлар франчайзи муайян соҳада (франчайзердан олинган ёки франчайзи ишлаб чиқарган товарларни сотиш, хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўз фаолиятини амалга ошириш мажбуриятини оладиган ҳудудни белгилаб оладилар. Франчайзер франчайзи фаолиятини алоҳида шаҳар ёки бутун мамлакат худуди билан чегаралаб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, у франчайзининг мутлақ хуқуқлар комплексини учинчи шахсларга бериш ҳуқуқини ҳам чеклаб қўйишга ҳақли. Мукофот суммаси ҳам унга қараб белгиланади.
Франшизинг шартномасида муддат кўрсатилиши ҳам, кўрсатилмаслиги (муддатсиз шартнома) ҳам бўлиши мумкин.
Франшизинг шартномасида муддат кўрсатилган бўлса, бундай шартнома тарафларининг келишуви билан ёки шартнома талаблари бир тараф томонидан жиддий бузилганда, бошқа тараф талаби билан бекор қилиниши мумкин. Агар франшизинг шартномаси муддатсиз тузилган бўлса, тарафларнинг ҳар бири исталган пайтда уни ижро этишдан бош тортиши мумкин, аммо бу ҳақда камида олти ой олдин бошқа тарафни хабардор қилиши шарт, агар шартномада хабар беришнинг бошқа узунроқ муддати кўзда тутилмаган бўлса.
Франчайзер учун мукофот ҳақидаги шарт алоҳида аҳамиятга эга. Мукофот қатъий қайд этилган бир марталик ёки мунтазам тўловлар, фойдадан ажратмалар ва шартномада белгиланган бошқача шаклда белгиланади. Франшизинг шартномаси доирасидаги тўлов солиқ мақсадлари учун роялти деб аталади.
Шартнома франчайзернинг техник ва тижорат ҳужжатларини, шунингдек унга франшизинг шартномаси бўйича берилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур бошқа ахборотни франчайзига бериш ҳамда унга ва унинг ходимларига ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича йўл-йуриқлap бериш мажбуриятини белгилайди. Бундан ташқари, франчайзер франчайзига мунтазам техник ва маслаҳат ёрдамини бериб туради, жумладан ходимларни ўқитиш ва малакасини оширишга кўмаклашади.
Бошқа томондан, шартнома франчайзига шартномада шартлашилган фаолиятни амалга оширишда франчайзернинг фирма номидан фойдаланиш, шунингдек ишлаб чиқарилаётган товарлар, кўрсатилаётган хизматлар ёки бажарилаётган ишларнинг сифати бевосита франчайзер томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар, кўрсатилаётган хизматлар ва бажарилаётган ишларнинг сифатига тўлиқ мос келишини таъминлаш мажбуриятини юклайди.
Шу билан бирга, франчайзи франчайзернинг лицензион комплексга кирган мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш хусусияти, усуллари ва шартларига боғлиқ барча йуриқномалари ва кўрсатмаларига амал қилиши шарт. Бунга, шунингдек, франчайзи унга шартнома асосида берилган ҳуқуқларни амалга оширишда фойдаланадиган тижорат хоналарининг ташқи кўриниши ва ички жиҳозланиши бўйича кўрсатмалар ҳам киради. Булардан ташқари, франчайзи франчайзернинг ишлаб чиқариш сирларини ва ундан олинган бошқа маҳфий тижорат сирини ошкор қилмаслик мажбуриятини ҳам олади.
Франшизинг шартномасида чеклайдиган (эксклюзив) шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин, хусусан:
франчайзернинг франчайзига бириктириб қўйилган ҳудудда фойдаланиш учун бошқа худди шундай комплекс тадбиркорлик лицензияларини бермаслик ёки ушбу ҳудудда бевосита мустақил фаолият олиб бормаслик мажбурияти;
франчайзининг франчайзер рақобатчилари билан бошқа франшизинг шартномаларини тузишдан воз кечиши;
франчайзининг унга шартнома асосида берилган ҳуқуқларни амалга оширишда фойдаланадиган тижорат хоналарининг жойлашуви, шунингдек уларнинг ташқи кўриниши ва ички жихозланишини франчайзер билан келишиб олиш.
Аммо шуни ҳам айтиш жоизки, мавжуд бозордаги аҳвол ҳамда тарафлар иқтисодий холатидан келиб чиқиб ушбу чекловчи шартлар, агар улар монополияга қарши қонунчиликка зид бўлса, монополияга қарши орган ёки бошқа манфаатдор шахснинг даъвоси билан ҳақиий эмас деб тан олиниши мумкин.
Кўпинча франчайзер чекловчи шартлар белгилаш йўли билан франчайзининг фаолиятини назорат қилишга ҳаракат қилади. Шу муносабатда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ шартномадаги қуйидагича шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади:
франчайзернинг франчайзи ўрнига товарнинг сотув нархини ёки бажарилаётган ишлар (хизматлар) нархини белгилаши ёки нархларнинг энг юқори ёки энг паст чегараларини белгилаб қўйиши;
франчайзининг фақат маълум тоифадаги, шартномада белгиланган муайян худудда жойлашган (турар жой бўйича) харидорлар (буюртмачилар)га товарлар сотиши, хизматлар кўрсатиши ва ишлар бажариши мумкинлиги.
Агар франчайзернинг лицензион комплексга кирган фирма номига бўлган ҳуқуқи тўхтаса, франшизинг шартномаси ҳам фирма номини янгисига алмаштирмасдан бекор қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |