3. Транспорт экспедицияси шартномаси шартларини бузганлик
учун жавобгарлик ва шартномани бекор бўлиш асослари
ФКнинг 728-моддасида транспорт экспедицияси шартномасининг шартларини бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик масаласи ўз ифодасини топган. Унга асосан тарафлар шартнома бўйича ўзларига юкланган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда жавобгар бўлишлари назарда тутилган.
Экспедитор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли мижозга етказилган зарарни тўлаши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, экспедитор мижознинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, - даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин.
Бой берилган фойдани аниқлашда мижоз томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади.
Транспорт экспедицияси шартномасида экспедиторлар икки ёки ундан ортиқ бўлган ҳолларда субсидиар жавобгарлик вужудга келади. Субсидиар жавобгарлик асослари ва шартлари шартнома ва қонун ҳужжатларида назарда тутилади.
Агар экспедитор мажбуриятнинг бузилиши ташиш шартномалари тегишли равишда бажарилмаганлиги туфайли келиб чиққанини исботласа, экспедиторнинг мижоз олдидаги жавобгарлиги тегишли ташувчи экспедитор олдида жавобгар бўладиган қоидаларга мувофиқ белгиланади.
Экспедитор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади. Айбнинг йўқлиги мажбуриятни бузган шахс томонидан исботланади.
Башарти, қонунда ёки транспорт экспедицияси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади. Мажбуриятни қасддан бузганлик учун жавобгарликни бартараф қилиш ёки чеклаш тўғрисидаги аввалдан келишилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилади.
ФКнинг 730-моддасига асосан агар транспорт экспедицияси шартномасидан экспедиторнинг ўз мажбуриятларини шахсан бажариши шартлиги келиб чиқмаса, экспедитор ўз мажбуриятларини бажаришга бошқа шахсларни жалб қилишга ҳақли. Мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш экспедиторни транспорт экспедицияси шартномасининг бажарилиши учун мижоз олдидаги жавобгарликдан озод қилмайди.
Мижоз ёки экспедитор ўн кун олдин бошқа тарафни огоҳлантириб, транспорт экспедицияси шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли.
Транспорт экспедицияси шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортилганида, бу ҳақда маълум қилган тараф шартноманинг бекор қилиниши туфайли кўрилган зарарни иккинчи тарафга тўлайди (ФКнинг 731-моддаси).
Шартнома шартларини ўзгартириш ва бекор қилиш ФКнинг умумий қоидаларидан келиб чиққан ҳолда тарафларнинг келишуви билан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |