Ўзбекистон Республикасининг қонун-қоидаларини бузганлик учун Бош бухгалтерга нисбатан қўлланиладиган санкциялар
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бузганлик учун бош бухгалтерга нисбатан қўлланиладиган санкциялар
Бош бухгалтер — мансабдор шахс ҳисобланади, ўз фаолиятида у қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши лозим. Бош бухгалтер ўзининг лавозим мажбуриятларини бажариш жараёнида йўл қўйиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни ҳамда улар учун белгиланган жавобгарлик чораларини кўриб чиқамиз.
Санкция ўзи нима
Санкция — ҳуқуқбузарликка нисбатан қўлланиладиган маълум таъсир чорасидир.
1-мисол. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш, - мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 1751-моддаси 1-қисми). Жарима – бу санкциядир.
Қонун ҳужжатларини бузганлик учун бош бухгалтер қандай жазо олади
Бу саволга жавоб ҳуқуқбузарлик тусига боғлиқ бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар назарда тутилган. Агар бош бухгалтер жиноий ҳуқуқ нормаларини бузган бўлса, унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жазо қўлланилади.
Бош бухгалтерга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жиноий-ҳуқуқий жазолар маъмурий жазоларга қараганда кўпроқ эканлиги кўриниб турибди. Бунинг сабаби жиноий моддалар санкциялари, одатдагидек, муқобил ҳисобланади, яъни унда бир нечта жазо турлари назарда тутилади.
2-мисол. Лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, - ЭКИҲнинг 25 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади (ЖКнинг 190-моддаси 1-қисми). Санкцияларнинг бир нечта турлари мавжудлиги судга кузатилаётган турли омиллардан келиб чиқиб жазонинг энг мақбул турини танлаш имконини яратиб беради.
Бош бухгалтерга нисбатан санкцияларни қўллашга ким ҳақли бўлади
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига кирадиган органлар бош бухгалтерни маъмурий тартибда жаримага тортиши мумкин:
Жиноий жазо чораси фақат қонунда белгиланган судларда жиноий ишларни юритиш таомилларига риоя қилган ҳолда чиқарилган суд ҳукмларига кўра тайинланади. Бошқа органлар жиноий санкцияларни қўллашга ҳақли эмас.
Қандай ҳуқуқбузарликлар учун бош бухгалтерни жавобгарликка тортиш мумкин
Бош бухгалтерни жазолаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг тўлиқ рўйхатини келтириш анча мушкулдир. Ҳар бир муайян ҳолатда меҳнат шартномаси шартларига, лавозим йўриқномасига ва корхонанинг бошқа локал ҳужжатларига мувофиқ унинг зиммасига юкланган лавозим мажбуриятлари эътиборга олинади.
Масалан, кичик бизнесда бош бухгалтер кадрлар бўйича инспектор лавозимида ўриндошликда ишлайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Мазкур ҳолатда унга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги (МЖТКнинг 49-моддаси), ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузганлиги (МЖТКнинг 2232-моддаси) учун жарима солиниши мумкин.
Шу боис биз бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг касбий мажбуриятлари билан бевосита боғлиқ ҳуқуқбузарликларгагина тўхталиб ўтамиз.
Бош бухгалтерга нисбатан қўлланиладиган санкцияларнинг қандай ҳуқуқий оқибатлари мавжуд
Маъмурий ундирувнинг қўлланилиши ходим учун қўшимча салбий оқибатларни келтириб чиқармайди, бироқ бир йил давомида маъмурий ҳуқуқбузарликлар такрор содир этилган тақдирда ҳисобга олинади ва жавобгарлик чорасини қучайтиради.
3-мисол. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини биринча марта бузганлик учун бош бухгалтерга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда - ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 1751-моддаси).
Жиноий жазонинг қўлланилиши судланганлик ҳолатини келтириб чиқаради, бу ҳолат жазо ўталганидан кейин, қонунда белгиланган муддатлар ўтгач тугалланади. Агар бухгалтер озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий ундирув ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоа ёки бухгалтернинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд ЖКнинг 78-моддасида кўрсатилган муддатларнинг камида ярмини ўтаганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин. Бундан ташқари, судланганлик афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин.
Қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас (“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси 8-қисми).
Do'stlaringiz bilan baham: |