36-БОБ ТЕКИН ФОЙДАЛАНИШ
1. Текин фойдаланиш шартномаси тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари
Фуқаролик ҳуқуқида мавжуд шартномаларнинг аксарияти ва асосий қисми ҳақ бараварига тузиладиган шартномалар ҳисобланади. Шундай бўлсада, ижтимоий мақсадларга йўналтирилган шартнома конструкциялари ҳам мавжуд бўлиб, ушбу шартномалар бевосита тарафдан ҳақ тўламаган ҳолда муайян мол мулкдан фойдаланиш, текин манфаат кўриш имкониятини беради. Бундай шартномалардан бири бу текин фойдаланиш шартномасидир.
Мазкур шартнома ссуда шартномаси деб ҳам аталади. Фуқаролик Кодекси қабул қилингунига қадар бу термин шартли бўлиб, фуқаролик қонунчилигида кўриб чиқилаётган муносабатларга нисбатан қўлланмас эди. Замонавий шароитда “ссуда” сўзи фуқаролик ишларида ва норматив хужжатларда шунингдек, бироз бошқа маънода – қарз (жумладан, қисқа муддатли ва узоқ муддатли ссуда) сўзининг синоними сифатида хам кенг ишлатилади.
Худди шу маънода мазкур атамани кундалик мулоқотда ҳам ишлатишади. Бундан ташқари, турли имловий луғатларда берилишича ва одатга айланган амалиётга кўра ссуда молиявий ёки натура тарзида берилган қарзни англатади. Шунга қарамай, тўғри қўлланилишига қараб “ссуда” ҳозирда янги маънога эга бўлди.
Ссуда шартномаси тарафлари бу – ссуда берувчи ва ссуда олувчи. Ссуда шартномаси объекти – турга хос аломатли ашёдир.
|
Текин фойдаланиш шартномасининг тушунчасидан кўринадики, у (ҳадя каби) консенсул ва реал бўлиши мумкин. Биринчи шаклда шартнома икки тарафлама ҳисобланади, чунки, мажбуриятлар иккала тарафда ҳам юзага келади, иккинчи шаклда эса – бир тарафлама бўлади (мажбурият фақат ссуда олувчига юкланади). У вақтинча фойдаланишга олган нарсасини қайтаришга мажбур.
Қонунда ссудага олинган ашёнинг нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтарилиши кераклиги қайд этилганлигини алоҳида тушунтириш талаб этилади.
Ссуда ва ижара шартномаларининг алоҳида олинганда турга хос аломатли ашёни вақтинчалик фойдаланишга беришни англатувчи ўхшашлиги (биринчиси – фойда кўриш мақсадида, иккинчиси – текинга) сабабли ссуда шартномасига ижара тўғрисидаги қатор умумий қоидалар қўлланилади.
Фуқаролик Кодекси текин фойдаланиш мулк ижараси тўғрисидаги қатор нормалар билан тартибга солинишини назарда тутади. Улар ўртасидаги ўхшашлик салмоқли бўлишига қарамай,қатор фарқлар мавжуд. Асосий фарқ сифатида кўпинча бирининг текинга тузилиш, иккинчисининг эса фойда кўриш мақсадида эканлиги деб кўрилади.
Мазкур қоида фойдаланишга берилаётган объектлар (ФК 537-моддаси), шартнома муддати (ФК 540-моддаси), фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари (ФК 545, 548, 615-моддалари) шартномани номуайян мудатга янгидан тузилган деб тан олиш имконияти (ФК 553-моддаси), фойдаланишга топширилган мулкни яхшилашга кетадиган харажатларни тарафлар ўртасида тақсимланиш тартибини (ФК 55-моддаси) белгиловчи тегишли моддаларни санаб ўтади.
Фуқаролик кодексининг 6261-моддасида уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси шакли ҳақида янги қоида белгиланган. Унга кўра, уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади, бундан уй-жойни яқин қариндошларга (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно.
Таъкидлаш лозимки, фуқаролар ўртасида уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши шарт. Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасига нисбатан Фуқаролик кодексининг 606-моддасининг иккинчи қисмида, 607-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 609, 610-моддаларида, 612-моддасининг биринчи қисмида, 615-моддасининг биринчи қисмида, учинчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошиларида, тўртинчи ва бешинчи қисмларида, 616-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилишини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим20.
Мулкдорнинг нарсани бошқа шахсга бериш ҳуқуқи унинг ўзига тегишли ваколатдир. У ўз мулкини тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширишни хусусий кўринишини ўзида ифодалайди. Бундай ҳуқуққа қонун ёки мулкдор томонидан ваколат берилган шахслар ҳам эга бўладилар. Мулкдор розилиги билан ҳаракат қилувчи шахсга келадиган бўлсак, бундай ҳуқуқ ишончнома бериш ёки бошқа қандайдир келишувнинг амалга оширилиши натижасида қўлга киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Републикаси Уй-жой Кодексининг 88-моддасига асосан арендага олувчи арендага берувчининг розилиги билан арендага берилган турар жойни иккиламчи арендага (ижарага) беришга ва аренда шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижара), арендага берилган турар жойни текин фойдаланишга беришга ҳақлидир. Бундай ҳолларда арендага олувчи арендага берувчи олдида шартнома бўйича жавобгар бўлиб қолади. Қолаверса, текин фойдаланиш шартномаси муддати ижара шартномаси муддатидан узоқроқ муддатга тузилиши мумкин эмас.
“Гаров тўғрисидаги” Ўзбекистон Републикасининг янги таҳрирдаги Қонунининг 21- модда, 3-қисми, учинчи хатбошиси гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини бошқа шахсга бериш, уни ижарага ёки бепул фойдаланиш учун бошқа шахсга топшириш ёхуд уни бошқача тарзда тасарруф этишга рухсат беради.
Алоҳида ҳолларда қонун баъзи чекловларни киритган ҳолда шахсга мулкни текинга фойдаланишга рухсат беради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 184-моддасига асосан васий васийлик органларининг аввалдан берилган рухсатисиз бундай келишувларни амалга оширишгахаққи йўқ.
Тижорат ташкилотларига мулкни шахсларга текин фойдаланишга топширишни тақиқлашдан мақсад, бу шахсларнинг тижорат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларда суистеъмол ҳолатларининг олдини олишдан иборат. Агар бундай ҳаракатлар содир этилса, улар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 116-моддасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган битим деб топилиб, ўз-ўзидан ҳақиқий саналмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |