3. Шартноманинг бекор бўлиши.
Шартнома шартларини ўзгартириш тартиби
Текин фойдаланиш шартномаси қонунда ва шартномада назарда тутилган ҳолларда бекор бўлиши мумкин. Жумладан, ФКнинг 630-моддаси мазмунига кўра, шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ссуда олувчи фуқаро вафот этган ёки ссуда олувчи юридик шахс тугатилган ҳолларда текин фойдаланиш шартномаси бекор бўлади.
Айни пайтда шартнома муддатидан илгари тугатилиши, бекор бўлиши ҳам мумкин. ФКнинг 627-моддасида шартноманинг муддатидан илгари бекор бўлиш асослари келтирилган бўлиб, улар ссуда берувчининг талабига кўра, қуйидагилардир.
Агар ссуда олувчи:
1) ашёдан шартномага ёки ашёнинг вазифасига мувофиқ фойдаланмаса;
ашёни соз ҳолда сақлаш ва уни асраш мажбуриятини бажармаса;
ашёнинг ҳолатини анча ёмонлаштирса;
ссуда берувчининг розилигисиз ашёни учинчи шахсга берган бўлса.
Агар ссуда олувчи ашёдан шартномага ёки унинг вазифасига номувофиқ ҳолда фойдаланиши ёхуд уни ссуда берувчининг розилигисиз учинчи шахсга бериши туфайли ашё нобуд бўлса ёки бузилса, текин фойдаланиш учун олинган ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи ссуда олувчининг зиммасида бўлади. Ссуда олувчи ўз ашёсидан воз кечиб, ссудага берилган ашёнинг нобуд бўлиши ёки бузилишини бартараф қилиш имкониятига эга бўлган бўлса ҳам, ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи унинг зиммасида бўлади.
Ссуда берувчи ашёдан фойдаланиш натижасида учинчи шахсга етказилган зарар учун, башарти бу зарар ссуда олувчи томонидан ёки бу ашё ссуда берувчининг розилиги билан қўлига тушиб қолган шахс томонидан қасддан ёхуд қўпол эҳтиётсизлик туфайли етказилганини ёинки зарар ссуда олувчининг эгалигидан ссуда берувчининг розилигисиз чиқиб кетган ашёдан фойдаланиб етказилганини исбот қилмаса, жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексидаги ссуда берувчининг ашёнинг камчиликлари учун контрагент-ссуда олувчи олдида жавобгарлигини белгилайдиган 621-моддасидан фарқли равишда ссуда берувчининг учинчи шахсга етказган зарарига нисбатан жавобгарлигини (илгари фуқаролик қонунларида учрамаган) кўзда тутади. Жавобгарликдан озод қилиниш ҳолати зарарнинг ссуда олувчи ёки ссуда берувчининг розилиги билан ашё қўлига тушиб қолган бошқа шахс томонидан қилинган ҳуқуқбузарлик (қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлик туфайли) натижасида келтирилганида бўлади. Бу ҳолатни исботлаш бурчи ссуда берувчига юкланади.
Ссуда олувчи текин фойдаланиш учун олган ашёни учинчи шахсга фойдаланиш учун фақат ссуда берувчининг розилиги билан ва унинг олдида масъул бўлиб қолган ҳолда беришга ҳақли.
Ссуда берувчи қуйидаги ҳолларда шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, агар ссуда олувчи:
ашёдан шартномага ёки ашёнинг вазифасига мувофиқ фойдаланмаса;
ашёни соз ҳолатда сақлаш ёки уни асраш мажбуриятларини бажармаса;
ашёнинг ҳолатини анча ёмонлаштирса;
ссуда берувчининг розилигисиз ашёни учинчи шахсга берган бўлса.
Ссуда олувчи қуйидаги ҳолларда текин фойдаланиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли:
ашёдан нормал фойдаланишни мумкин бўлмайдиган ёки қийин қилиб қўядиган нуқсонларни аниқлаган бўлса, бу нуқсонлар хусусида шартнома тузиш пайтида билмаган ва билиши мумкин бўлмаган тақдирда;
агар ўзи жавобгар бўлмаган ҳолатларга кўра ашё ундан фойдаланиш мумкин бўлмайдиган ҳолатга келиб қолса;
агар шартнома тузишда ссуда берувчи уни топширилаётган ашёга нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида огоҳлантирмаган бўлса;
ссуда берувчи ашёни ёки унга мансуб ашёларни ва тегишли ҳужжатларни бериш мажбуриятини бажармаса.
Агар ашёдан текин фойдаланиш муддати шартномада белгилаб қўйилган бўлмаса ва шартномада хабар қилишнинг бошқа муддати назарда тутилмаган бўлса, ҳар қайси тараф иккинчи тарафни бир ой олдин хабардор қилиб, шартномадан хоҳлаган пайтда воз кечишга ҳақли.
Агар текин фойдаланиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ссуда олувчи муддати кўрсатиб тузилган шартномадан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳар қачон воз кечишга ҳақли.
Ссуда берувчи ашёни бошқа шахсга беришга ёки уни ҳақ эвазига фойдаланиш учун учинчи шахсга топширишга ҳақли. Бунда аввал тузилган текин фойдаланиш шартномаси бўйича ҳуқуқлар янги мулкдор ёки фойдаланувчига ўтади, унинг ашёга нисбатан ҳуқуқлари қаторига ссуда олувчининг ҳуқуқлари қўшилади.
Ссуда берувчи фуқаро вафот этган ёхуд ссуда берувчи юридик шахс қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда текин фойдаланиш шартномаси бўйича уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари меросхўрга ёки бошқа ҳуқуқий ворисга ёхуд ашёга мулк ҳуқуқи ёки ашёни текин фойдаланиш учун топширишга асос бўлган ўзга ҳуқуқ ўтган бошқа шахсга ўтади. Ссуда олувчи юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда, текин фойдаланиш шартномасида бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, унинг шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ссуда олувчи фуқаро вафот этган ёки ссуда олувчи юридик шахс тугатилган ҳолларда текин фойдаланиш шартномаси бекор бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |