Назорат учун саволлар:
1. Мукофот ошкора ваъда қилинганда вазият жиддий ўзгариши муносабати муносабатга қандай таъсир кўрсатади?
2. Мукофотни ошкора ваъда қилиндан сўнг ваъда бекор қилиниши ҳолатларини изоҳланг.
3. “Тандем” компанияси “Йилнинг энг яхши қорбобоси” танлови ўтказилиши ва танлов ғолибига мукофот берилишини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилди. Ушбу ишда тажрибага эга бўлган бошқа тадбиркорлар билан бир қатор “Ботир” МЧЖ иштирок этди. Бироқ, танлов эълон қилингандан сўнг, “Тандем” компанияси янги йилга жуда оз муддат қолганлиги сабабли, мукофот ҳақидаги ошкора ваъдани бекор қилганлиги эълон қилди. Шундан сўнг, “Ботир” МЧЖ ушбу мукофотни олиш учун бир қанча ҳаражатлар қилгани хусусан, “Қорбоболар” клубида таҳсил олгани, танлов юзасидан янги кийимлар, сўзлар, викториналар ташкил қилганлиги муносабати билан ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилди.
Низо қандай ҳал қилинади. Вазиятга ҳар икки тараф нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо беринг.
56-БОБ. ҚИМОР ВА ГАРОВ ЎЙИНЛАРИ ЎТКАЗИШ
ФКнинг 56-бобида қимор ва гаров ўйинлар ўтказишнинг хуқуқий оқибатлари белгилаб қўйилган. ФКнинг 983-моддасида кўрсатилишича, фуқаролар ва юридик шахсларнинг таваккалчиликка асосланган қимор ва гаров ўйинлар (қимор ва бас бойлаш) уюштириш ва уларда иштирок этиш билан боғлик талаблари судда химоя қилинмайди деб кўрсатилади. Маълумки, қимор ўйинлари икки ва ундан ортиқ шахснинг мулкий манфаат кўриш мақсадида таваккал қилган ҳолда маълум турдаги ўйин шартлари асосида ҳатти-ҳаракатларини амалга ошириш тушунилади. Бунда ўйинда иштирок этувчи бир ёки бир нечта тараф ҳисобига бошқа тараф, яъни ютган томон - мулкий манфаат кўради (масалан, карта, ошиқ ва ҳоказо ўйинлар).
Бас бойлашиш деганда икки еки бир неча шахс ўртасида маълум бир ходисанинг рўй бериши ёки рўй бермаслиги, маълум бир субъект томонидан бирон нарсага эришиш ёки эришмаслиги бас бойланади. Бунда тарафларнинг қарама-қарши фикрлари фарқ қиладиган, бас бойлашишда кимнинг фикри тўғри бўлса, ўша ғолиб чиқади ва мулкка эришади. Баъзи хусусияти билан у шарти кечиктирилган битимларга ўхшайди. Бас предмети бўйича тахмин қилинаётган нарсага эришиш тарафларнинг эрки-иродасига боғлиқ бўлиши мумкин ёки бўлмаслиги мумкин. Масалан: икки футбол ишқибози томони бас бойлашишида руй берадиган ҳодиса томонларнинг эрк-иродасига боғлиқ бўлмайди.
Агарда футбол ишқибозлари ўртасида ўйинчининг маълум ўйинда гол уриши ёки гол уролмаслиги тўғрисида бас бойлаш, қимор ва бас боғлаш тўғрисидаги ўйинлардан фарқ қилиб, кўнгилочар ўйинлар ҳисобланади. Кўнгилочар ўйинларда ютиш ва ютқазиш мавжуд бўлса ҳам мулкий манфаат мавжуд бўлмайди. Қимор ўйинларига ружу қўйиш, уни доимий касб қилиш ахлоқ; нуқтаи назаридан салбий баҳоланади. Қимор ўйинлари айрим ҳолларда қонунлар билан тақиқланади. Қимор ўйинлари билан боғлиқ бўлган талаблар, яъни ютуқни бермаслиқ ютқазилганликни тан олмаслик суд орқали ҳимоя қилинмайди. Агарда қимор ва гаров ўйинлари алдов, зўравонлиқ тахдид қилиш таъсирида ёхуд ўз вакилининг қимор ёки гаров ўйинлари ташкилотчиси билан ғаразли келишуви туфайли иштирок этган шахсларнинг талаблари (алдаш орқали ютиш, қимор ўйнашга мажбур этиш ва шу каби ҳолатларда) агар талаб қилувчи шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган бўлса, судда ҳимоя қилиниши мумкин. Бунда Фуқаролик кодексининг 122, 123-моддаларида кўрсатилган оқибатлар вужудга келади.
Фуқаролик кодекси 984-моддасида лотереялар, тотализаторлар ва бошқа ўйинларнинг давлат томонидан ўтказилиши билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлар белгилаб қўйилган. Лотереялар, тотализаторлар, ўзаро бас бойлашишлар ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинлар ташкилотчиси - давлат, ваколатли давлат органидан рухсатнома (лицензия) олган шахслар ва ўйинларнинг иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар шартномага асосланади. Бундай шартнома лотерея билети, патта ёки бошқа ҳужжат бериш орқали расмийлаштирилади ва иштирокчи лотерея билети қийматини тўлаган ёки ўйинда иштирок этишга бошқа тарзда ҳақ тўлаган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Бундай шартномалар реал шартномалар ҳисобланади. Ўйин ташкилотчиси билан ўйин иштирокчилари ўртасидаги шартнома тузиш туғрисидаги таклиф ўйинларни ўтказиш муддати ва ютуқни аниқлаш тартиби ҳамда унинг миқдори ҳақидаги шартларни ўз ичига олган бўлиши лозим. Таклифда бундай шартлар ташкилотчиси шартнома бўйича уларни белгиланган муддатда ўтказишдан бош тортган тақдирда, ўйинларнинг иштирокчилари уларнинг ташкилотчисидан ўйинларни қолдириш ёки уларнинг муддатини бошқа вақтга кўчириш туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Лотерея, тотализатор ёки бошқа ўйинларни ўтказиш шартларига мувофиқ ютган деб эътироф этиладиган шахсларга (масалан: спортлото бўйича 6 ёки 5 рақамни олдиндан топган шахслар) ўйинлар ташкилотчиси томонидан ютуқ ўйинлари ўтказиш шартларида назарда тутилган миқдорда, шаклда пул-буюм ёки туристик йўлланма ҳолида ва муддатларда, агар бу шартларда муддат кўрсатилмаган бўлса, уйинларнинг натижалари чиқарилган пайтдан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан тўлаши лозим. Уйин натижалари, ғолибларини аниқлаш ўйинлар ташкилотчиси томонидан ёхуд холис, учинчи шахслар томонидан (масала: ҳакамлар ҳайъати томонидан) очиқ, ошкоралик асосида белгиланади.
Ўйинлар ташкилотчиси ўйинлар натижаларини матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқача тарзда эълон қилиши шарт. Ўйинлар ташкилотчиси ғолибларга ютуқни тўлаш ҳақидаги мажбуриятни бажармаган тақдирда ютган иштирокчиларнинг талаблари суд орқали қаноатлантирилади. Ўйинлар ташкилотчиси иштирокчиларга ютуқларни тўлаш билан бирга, шартнома шартларини бузиш оқибатида етказилган бошқа зарарларни ҳам қоплаши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |