Назорат учун саволлар:
Оддий ширкат шартномасининг ҳуқуқий белгилари ва аҳамиятли белгиларини кўрсатинг.
“Тўлиқ ширкат” ва “оддий ширкат” тушунчаларининг умумий ва алоҳида белгиларини кўрсатинг.
“Савдо” МЧЖ ва якка тартибдаги тадбиркор Л. ва Т.лар ўртасила муддати беш йил бўлган оддий ширкат шартномаси тузилди. Ўзаро фаолиятдаги тўрт йилдан сўнг МЧЖ шартномани бекор қилиш, олинган фойдани тақсимлаш ва унинг ҳисса сифатида киритган мол-мулкини қайтаришни талаб қиляпти.
МЧЖ нинг оддий ширкат иштирокчилари қаторидан чиқиш тартиби қандай? Асосли жавобни баён этинг.
Икки нафар якка тартибдаги тадбиркорлар О. ва Е. очиқ шериклик асосида ўзаро фаолият юритдилар. Календар йили тугаганидан сўнг шериклар 10 000 000 сўм миқдорида олинган фойдани тақсимлашни қарор қилдилар. Лекин фойдани тақсимлаш жараёнида иштирокчиларда 3 000 000 сўм миқдорида ҳаражатлари ҳам мавжудлиги маълум бўлди.
Оддий ширкат иштирокчилари ўртасида фойда, ҳаражатлар ва зарарларни тақсимлаш тартиби қандай?
54-БОБ. ОММАВИЙ ТАНЛОВ
Оммавий танлов фуқаролик ҳуқуқида ўзига хос муносабат бўлиб, бир томоннинг ҳатти-ҳаракати натижасида вужудга келиши билан белгиланади. Оммавий танлов бир шахснинг муайян ишни бажариш ва натижага эришиш учун номуайян доирадаги шахсларга ёки муайян шахслар доирасига қаратилган ва энг яхши натижага эришган шахс учун муайян мукофот ёки рағбатлантиришни кўзда тутадиган муносабат ҳисобланади.
Ишни энг яхши бажарганлик ёки бошқа натижаларга эришганлик учун пул мукофоти тўлаш ёки бошқа мукофот бериш тўғрисида (мукофот тўлаш тўғрисида) ошкора (оммавий танлов) эълон қилган шахс танловни ўтказиш шартларига мувофиқ унинг ғолиби деб топилган кимсага шартлашилган мукофотни тўлаши лозим.
Ҳозирги кунда оммавий танловлар ўтказиш тўғрисидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Бунда оммавий танловларни ҳуқуқий тартибга солиш тегишли давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқарув органлари томонидан чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, Фуқаролик кодекси оммавий танловлар ўтказиш бўйича бошқа ҳуқуқий манбаларга (қонунлар, ҳуқуқий ҳужжатлар)га ишора қилмайди. Бунда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқарув маҳаллий органлари томонидан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжатлар оммавий танловлар иштирокчиларига эмас, балки органларнинг ўзларига, уларнинг танловларни ўтказиш борасидаги фаолиятини тартибга солишга мўлжалланганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, бундай актларда оммавий танловларнинг мақсадлари, танлов комиссиясининг таркиби ва унинг вазифалари, танлов комиссиясининг мажбуриятлари, танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда мавжуд бўлган мазкур танловларни ўтказиш борасидаги қўшимча маълумотлари ва хоказолар акс эттирилган бўлиши мумкин.
Бозор иқтисодиёти шароитига ўтиш ва бозор инфраструктурасини шакллантириш муносабати билан бир томонлама ҳаракатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар, жумладан, турли танловлар, аукционлар ва ҳоказолар ўтказиш кўпайиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 августдаги ПК-436-сонли “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республика олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 13 декабрдаги 284-сонли буйруғига биноан республика олий таълим муассасаларида талабаларни илмий-тадқиқот, ижодиёт ва бунёдкорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларни илм-фанни жадал ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшишларига ва илм-фаннинг услубиётини ўзлаштиришга етарли шарт-шароитлар яратиш, таълим билан фаннинг самарали интеграциясини таъминлаш мақсадида аспирант, докторант, тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларнинг илмий ишлари республика танловини ўтказиш белгиланган. Ўзининг юридик табиати бўйича оммавий танлов бир томонлама битимлар жумласига киради.
1964 йилги Фуқаролик кодексида “танлов” “конкурс” деб кўрсатилган. “Конкурс” лотинча ибора бўлиб, бир неча шахсларнинг муайян мақсадга эришиши учун ўзаро мусобоқада бўлишини билдиради. Бундан кўриниб турибдики, оммавий танловда маълум бир объектлар ўзаро қиёслаб, сифатига кўра баҳоланади. Шунинг учун кўпинча оммавий танловдан фойдаланиш кўзланган мақсадга тезроқ эришишда муваффақият келтиради.
Ишни энг яхши бажарганлик ёки бошқа натижаларга эришганлик учун пул мукофоти тўлаш ёки бошқа мукофот бериш тўғрисида (мукофот тўлаш тўғрисида) ошкора (оммавий танлов) эълон қилган шахс танловни ўтказиш шартларига мувофиқ, унинг ғолиби деб топилган кимсага шартлашилган мукофотни тўлаши лозим. (ФК 976-модда).
Оммавий танлов эълон қилишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижодий фаолиятларни, шунингдек, моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги муайян вазифаларни тўла ва яхшироқ ҳал қилиш масаласини ўз олдига қўяди. Оммавий танлов эълон қилиш адабиёт, фан ва санъат соҳасида баркамол ва юксак ғоявий асарлар яратиш ҳамда техника тараққиёти масалаларини ҳал қилишга қаратилади.
Амалдаги фуқаролик қонунчилиги оммавий танловларни ўтказишга муайян шартлар (талаблар) қўяди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 54-моддаси нормаларини таҳлил қилган ҳолда қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
Оммавий танловнинг ошкора ўтилиши муайян ишни бажарганлик учун мукофот тўлаш ошкора ваъда қилинган ва муайян ёки номуайян шахслар (номаълум ҳар бир шахсга нисбатан) доирасига қаратилган бўлади. Шу белгисига кўра оммавий танлов иккига бўлинади:
а) очиқ;
б) ёпиқ;
Очиқ танловда танловни уюштирувчининг танловда иштирок этишга таклифи матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида барча хоҳловчиларга қаратилади. Бунда оммавий танлов иштирокчилари доираси кенгроқ ёки торроқ, миқдори ноаниқ бўлади. Ёпиқ оммавий танловда иштирок этишга таклиф танловни уюштирувчи томонидан ўзи хоҳлаган муайян доирадаги шахсларга юборилади. Бунда танловда қатнашувчи шахслар доираси чегараланган ва уюштирувчига маълум бўлади.
Шуни айтиш лозимки, ҳуқуқий адабиётларда оммавийлик турли маъноларга эга. Айрим муаллифларнинг фикрича, оммавийлик шарти ўтказилаётган танловларнинг мақсадларининг ижтимоий фойдалилигини англатади.
Ҳуқуқий адабиётларда оммавий танловлар тўғрисидаги эълон мажбурий равишда оммавий ахборот воситалари орқали бажарилиши лозимлигига аҳамият берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 976 моддасининг иккинчи қисми асос бўлади. Унга кўра оммавий танловни уюштирувчининг танловда иштирок этишга таклифи матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўли билан барча хоҳловчиларга қаратилганда очиқ ёки танловда иштирок этишга таклиф танловни уюштирувчининг хоҳиши бўйича муайян доирадаги шахсларга юборилганда ёпиқ бўлиши мумкин. Ушбу матнда қўлланилган “бошқа” сўзи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида фақатгина оммавий ахборот воситалари ва матбуотларни кўзда тутишини тушуниш мумкин. Чунки, биринчидан, агар сўз фақатгина оммавий ахборот воситалари тўғрисида кетган бўлса, уларни санаб ўтишга эҳтиёж бўлмас эди (матбуот сўзининг ўзи кифоя қиларди), иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 976-моддаси 2-қисмининг асосий талаби шундан иборатки, оммавий танловда иштирок этиш барча хоҳловчиларга қаратилган бўлиши лозим. Бунга эса нафақат оммавий ахборот воситалари, балки бошқа услублар, яъни оммавий танлов тўғрисидаги ёзма эълонлар ҳам киради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси бўйича оммавий танловларнинг ўтказилиши тўғрисидаги эълон “оммавий ахборот воситаларида” бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаби айрим шубҳалар туғдиради. Фуқаролик кодексининг мазкур талаби, биринчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида матбуот сўзи билан боғлиқ бўлган низоли вазиятларни келтириб чиқаради, иккинчидан, оммавий танловларни эълон қилишда фуқаролик жамиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган замонавий информацион ва электрон технологияларнинг (масалан, интернет) қўлланишини чеклайди. Ундан ташқари, оммавий танловларни эълон қилишга ўхшаш бўлган бошқа ҳуқуқий конструкцияларни (савдоларнинг эълон қилиниши ва оммавий оферта) Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ўз ичига қамраб олмайди.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси танловнинг оммавийлик шарти, биринчидан, ҳаммага ва ҳар кимга қаратилган бўлиши, иккинчидан, қонунда назарда тутилган услублар орқали амалга оширилиши лозим. Иккинчидан, оммавий танлов маълум бир фойдали мақсадларга эришишни кўзлаб амалга оширилади. Учинчидан, мукофот муайян ишни яхшироқ бажарганлик учун ваъда қилинади. Бу бир неча шахслар томонидан эришилган натижаларни бир-бири билан қиёслаб, энг яхшисини танлаб олиш имконини беради. Шу сабабли танловда фақат бир иш ёки бир шахснинг бир нечта иши қатнашган бўлса, танлов ўтказилмаган ҳисобланади. Шу билан бирга, ишнинг танловда кўрсатилган шартларга мос бўлиши ҳам талаб қилинади.
Ушбу белгиларга кўра, оммавий танловга қуйидагича таъриф бериш мумкин: оммавий танлов – уни эълон қилиш, ишларни топшириш, баҳолаш ва ваъда қилинган мукофотни тўлаш борасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий нормаларнинг йиғиндисидир.
Оммавий танловнинг субъектлари сифатида бир томондан танловни уюштирувчилар ва иккинчи томондан иштирокчилар сифатида турли юридик ва жисмоний шахслар қатнашади, унинг объекти эса иштирокчилар томонидан бажарилган ва конкурсга тақдим этилган ишлар бўлиб ҳисобланади.
Оммавий танловга оид ҳуқуқий муносабат бирмунча мураккаб бўлиб, танлов эълон қилиш, шартларини аниқлаш, ишларни топшириш, конкурс мезонларини, тартибини, натижаларини белгилаш каби жараёнларни ўз ичига олади.
Хусусан, Фуқаролик кодексининг 976-моддаси 4-қисмида кўрсатилганидек, оммавий танлов тўғрисидаги эълон топшириқнинг моҳиятини назарда тутувчи шартларни, ишнинг натижаларини ёки бошқа ютуқларни баҳолаш мезонлари ва тартибини, уларни тақдим этиш жойи, муддати ва тартибини, тўланадиган мукофот миқдори ва шаклини, шунингдек, натижаларни эълон қилиш тартиби ва муддатларини ўз ичига олган бўлиши лозим. Шу билан бирга, 976-модданинг 3-қисмига биноан, танловни уюштирувчи танловда иштирок этиш истагини билдирган шахсларни дастлабки саралашдан ўтказган тақдирда, очиқ танловда иштирокчиларнинг дастлабки малакаси ҳақида шарт ҳам қўйилиши мумкин. Бу шартлар мажбурий, яъни оммавий танлов эълон қилиниши вақтида уларнинг кўрсатилиши керак бўлган шартлар ва факультатив, яъни танлов ўтказувчининг хоҳиши билан киритиладиган шартлардир. Мажбурий шартлардан бирининг бўлмаслиги танловни эълон қилинмаган деб топилишига олиб келади. Бу шартлар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:
а) топшириқнинг мазмуни ҳақидаги маълумотлар. Уларнинг қай даражада ёритилиши танловнинг мақсад ва хусусиятидан келиб чиқади. Шунинг учун танловни эълон қилишда топшириқни аниқ ва равшан кўрсатиш керак. Масалан: бирон-бир асарни яратишда унинг жанрини кўрсатиш;
б) топшириқни бажариш муддати. Бу муддат шундай даврни ўз ичига олиши зарурки, бу вақт ичида топшириқнинг бажаришнинг реал имконияти бўлиши керак. Муддат аниқ бир сана (масалан: 2016 йил 1 майгача) билан ҳам ёки маълум бир вақт оралиғи (масалан: уч ой ичида) билан ҳам кўрсатилиши мумкин. Топшириқни кўрсатилган вақтда бажармаслик танловда иштирок этишни рад этишга олиб келади ва уни на суд тартибида, на маъмурий тартибда шикоят қилишга асос бўла олади;
в) ишларни ёки бошқа натижаларни тақдим этиш тартиби, аввало, унинг қай шаклда топширилиши билан изоҳланади. Баъзи бир ишларни тақдим этиш танлов характеридан келиб чиқади ва уни бевосита топширишда ифодаланади. (қўлёзма, лойиҳа, модель ва ҳоказолар). Баъзи топшириқлар эса бевосита ижро этиш (масалан: роль ижро этиш, қўшиқ, шеър айтиш ва ҳоказо) билан амалга оширилади;
г) ишни топшириш жойи нафақат иштирокчилар учун, балки жамоатчиликни жалб этиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу айниқса, ижрочилик қобилиятини намойиш этишда яққол намоён бўлади;
д) ишларни қиёсий баҳолаш тартиби, мезонлари ва муддати берилган топшириқнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқади. Кўп ҳолларда танлов бир неча турларда ўтказилиши, баъзи ҳолларда ишлар олдиндан танлаб олиниши ва кўриб чиқилиши мумкин. Якуний баҳолашдан олдин ишлар оммавий ахборот воситалари орқали намойиш қилиниши ва бу билан уларнинг таклифларини ўрганиб чиқиш имконига эга бўлиши назарда тутилиши мумкин. Якуний баҳолаш эълон қилинган кун ғолибга мукофот бериш тўғрисида қарор чиққан кун ҳам бўлиб ҳисобланади;
е) мукофот миқдори маълум сумма ёки мулкий қийматга эга бўлган ашё билан белгиланади;
ж) танлов натижаларини эълон қилиш тартиби ва муддатлари ҳақида танлов эълон қилинган шаклда ёки бошқача тарзда иштирокчилар огоҳлантирилиши керак. Чунки баъзи ҳолларда, айниқса, муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ ишларда ишларни бажаришга қабул қилинган вақтдан бошлаб шартномавий муносабатлар амалга оширилади. Бошқа иштирокчилар учун эса бу қарор ҳуқуқий муносабат тугаганлигини билдиради61.
Танловнинг факультатив белгилари танлов ўтказувчи томонидан киритилади ва томонларнинг ўзаро муносабатларини аниқлаштиришга ёрдам беради. Уларга хакамлар хайъати таркиби, асарларнинг қайтарилиши тартиби ва ҳоказолар киради.
Оммавий танлов шартларининг ҳар қандай ўзгартирилиши тўғрисида унинг иштирокчиси бўлиши мумкин бўлган барча шахслар хабардор қилиниши керак. Бундай хабардор қилиш танловнинг ўзи қайси усулда эълон қилинган бўлса, шундай усулда (масалан: танлов матбуот, радио, телевидение орқали эълон қилинган бўлса, унга киритиладиган ўзгартиришлар ёки уни бекор қилиш ҳам шу тартибда) эълон қилиниши мумкин. Бу талабга риоя қилиш танловни ташкил қилувчини дастлабки шартлар бўйича бажарилган ишларни қабул қилиш бурчидан озод қилади. Бироқ у эълонда назарда тутилган ишни конкурс шартларининг ўзгартирилиши ёки уни бекор қилиниши ўзига маълум бўлгунча ёки маълум бўлиши лозим бўлгунча бажарган ҳар қандай шахснинг харажатларини тўлашга мажбурдир. (ФКнинг 977-моддаси 3-қисми). Танловни эълон қилган шахс агар кўрсатилган иш танловдан мустасно тарзда, хусусан, танлов тўғрисидаги эълонга қадар бажарилганлиги ёхуд аввал бошданоқ танлов шартларига номувофиқ бўлганлигини исботласа, харажатларни тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.
Агар танлов шартларини ўзгартириш ёки бекор қилишда танлов эълон қилган шахс ўзгартириш муддатлари ва усули тўғрисидаги талабларни бузган бўлса, эълонда кўрсатилган шартларга жавоб берадиган ишни бажарганларга мукофот тўлаши лозим. Танлов топшириғини унинг шартларига риоя қилиб ижро этган шахс хизмат ҳақи (мукофот) олишга ҳақли бўлади. Фуқаролик кодексининг 978-моддасида ифода этилганидек, мукофотни тўлаш тўғрисидаги қарор танлов ҳақидаги эълонда белгиланган тартиб ва муддатларда чиқарилиши ҳамда оммавий танлов иштирокчиларига маълум қилиниши лозим. Иш танловга топширилишининг ўзи уни бажарилган шахсга мукофот ҳуқуқини вужудга келтирмайди. Бундай ҳуқуқ фақат кейинчалик, иш танлов шартларига мувофиқ яхши ва мукофотга сазовор деб топилгандагина вужудга келади. Танловга топширилган ишларни кўриш, таққослаш, баҳолаш ва унинг натижаларини белгилаш учун танловни ташкил қилувчи, одатда, танлов комиссиясини таъсис этади ёки баъзи ҳолларда унинг ўзи томонидан баҳоланади ёхуд баҳолаш учун бошқа шахсга топширади. Танлов ҳаётининг аъзолари танлов натижаларидан манфаатдор шахс бўлмасликлари лозим.
Танлов натижаларини белгиловчи ҳайъат қуйидаги мазмундаги қарорларни, чунончи, танлов талабларига жавоб берган ишга мукофотлар тўлаш тўғрисида ёки мукофот тўлашни рад қилиш, мукофотларнинг сонини камайтириш ёхуд рағбатлантириш, мукофотларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Танлов ҳайъати ўз қарорини қандай асослар бўйича қабул қилинганлигини кўрсатмаслиги ҳам мумкин. Танлов натижалари ва мукофотлар тўлаш тўғрисидаги қарор танлов тўғрисидаги эълонда кўрсатилган муддатда чиқарилган бўлиши керак. Бу бурч бузилган тақдирда танлов шартларига жавоб берадиган ишларни топширган шахслар суд тартибида ўз меҳнатлари учун ҳақ ва танлов топшириқларини бажариш муносабати билан қилинган харажатларнинг тўланишини талаб қилишлари мумкин. Мукофот тўлаш тўғрисидаги қарор танлов ҳақидаги эълонда белгиланган муддатда иштирокчиларга билдирилиши лозим. Одатда бундай маълумотлар танлов ғолибларига ёзма хабарлар юбориш ва танлов натижаларини матбуотда эълон қилиш йўли билан амалга оширилади.
Танловда ғалаба қозонган шахсларга тегишли мукофотлар, унга бошқа турдаги мукофотларнинг, чунончи, муаллифлик гонорари ёки ихтирони берганлик учун тўланадиган мукофотдан қатъи назар, тўланади. Мукофот танлов шартларига жавоб берган ва танлов ҳайъати томонидан ижобий баҳоланган ягона иш учун берилади. Бинобарин, агар бир топшириқни бажаришда бир неча шахслар биргаликда иштирок этган бўлсалар, мукофот улар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланади. Агар бундай келишувга эришилмаган бўлса, мукофотни тақсимлаш тартибини суд белгилайди. Танловни ташкил этувчи мукофотни бутунлай ёки қисман тўлашдан бош тортганда, шунингдек, танлов иштирокчисига тегишли мукофотни тўлаш мудддатларини бузганида тегишли мукофот суд тартибида ундирилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 979-моддасида кўрсатилганидек, агар оммавий танлов предмети фан, адабиёт ёки санъат асаридан иборат бўлса, танловни эълон қилган шахс, башарти танлов шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартлашилган мукофотга сазовор бўлган муаллиф билан унга тегишли ҳақни тўлаган ҳолда, асардан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуқни қўлга киритади.
Оммавий танловни эълон қилган шахс, агар танлов тўғрисидаги танлов эълонида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки бажарилган ишнинг хусусиятидан келиб чиқмаса, мукофотга сазовор бўлмаган ишларни танлов иштирокчиларига қайтариши шарт (ФКнинг 980-моддаси). Бу қоидага кўра, танловга топширилган, аммо мукофотга сазовор бўлмаган ишлар танлов натижалари эълон қилиниши биланоқ дарҳол муаллифларига қайтарилиши лозим. Танловни ташкил этувчи томонидан бу бурчнинг бажарилмаслиги танлов иштирокчиларига топширган ишларининг қайтарилишни талаб қилиш ҳуқуқини, ишнинг йўқотилгани ёки зарарлантирилгани ҳолда эса, зарарларнинг тўланиши ҳақида даъво қўзғатиш ҳуқуқини беради. Аммо танлов шартларида танловга топширилган ишларнинг қайтарилмаслиги ёки муаллифларнинг талаби бўйичагина қайтарилиши назарда тутилиши мумкин. Шу билан биргаликда, танлов шартларида бундай талабларнинг муаллифлар томонидан қўйилиши, шунингдек, ишларнинг танловни ташкил қилувчи томонидан қайтарилиш муддатлари ҳам кўрсатилиши мумкин.
Танлов иштирокчиларига уларнинг мукофотга сазовор бўлмаган ишларнинг қайтарилиши пайтидан эътиборан оммавий танловга оид муносабат бекор бўлади.
Оммавий танловларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши ва ўтказилиши тўғрисида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш лозим. Оммавий танлов қачонки ташкилотчи ва иштирокчи унинг ўтказилишига доир фуқаролик қонунчилигига риоя қилсагина, иқтисодий фаолиятнинг турли соҳаларида юқори натижа ва самара (танлов ташкилотчиси учун) бериши мумкин. Акс ҳолда, оммавий танловни ҳақиқий эмас деб топилиши, ташкилотчилар ва иштирокчилар ўз олдига қўйган мақсадларига эришмасликлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |