Юридик шахснинг ёки фуқаронинг ўз ходими томонидан етказилган зарар учун жавобгарлиги. Маълумки, юридик шахс номидан унинг фаолиятини унинг органлари, раҳбарлари ва ходимлари амалга оширадилар. Одатда юридик шахс ходимининг хизмат вазифаси бўйича бажарган иши ва унинг натижалари юридик шахсга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келтиради. Шу муносабат билан юридик шахс ўз ходим томонидан учинчи шахсларга етказилган зарарни тўлайди. Айнан шу қоидани бошқа фуқаронинг ёлланма меҳнатидан фойдаланаётган фуқарога нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкин. Бозор муносабатлари шароитида бир фуқаронинг иккинчи фуқаро ёлланма меҳнатидан фойдаланиши одатий ҳол сифатида қаралади. Бироқ, бунда иш берган фуқаро иш берувчи юридик шахслар каби ўз ходими етказган зарарларни қоплаши лозим. ФКнинг 989-моддасига мувофиқ, юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди. Масалан, автопаркка тегишли автобус ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги туфайли, фуқаро А.га тегишли девор шикастланади. Фуқаро А. етказилган зарарни ундириш тўғрисида судга мурожаат қилса, зарарни қоплаш мажбурияти ҳайдовчига эмас, автопарк зиммасига тушади.
Мазкур вазиятда юридик шахс ёки ёлланма меҳнатдан фойдаланаётган фуқаронинг жавобгарлиги бировларнинг ҳаракатлари ва бировларнинг айби учун эмас, балки ўз айби учун белгиланадиган жавобгарлик бўлиб кўрилади. Зеро, ходим ҳар доим юридик шахс ёки ўз иш берувчиси бўлган фуқаронинг вакили сифатида унинг номидан ҳаракат қилади.
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар қоидаларига мувофиқ, меҳнат шартномаси асосида, шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида иш бажараётган фуқаролар, агар бунда ишларни бехатар олиб бориш юзасидан тегишли юридик шахснинг ёки фуқаронинг топшириғи бўйича ёки назорати остида ҳаракат қилган бўлсалар ёки ҳаракат қилишлари лозим бўлган бўлса, ходимлар деб эътироф этиладилар.
Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, ишлаб чиқариш кооперативлари ўз иштирокчилари (аъзолари) томонидан улар ширкат ва жамият ёки кооперативнинг тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ёки бошқа фаолиятини амалга ошириш вақтида етказилган зарарни қоплайдилар. Иштирокчиларнинг ширкат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳатти-ҳаракати натижасида етказилган зарарлар эса хўжалик ширкати ва жамиятлари томонидан қопланмайди. Шу билан бирга коммандит ширкатида коммандитчи (ҳисса қўшувчи) ширкат фаолияти ёки ширкат аъзоларнинг ғайриқонуний ҳаракати натижасида етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди (Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари тўғрисида»ги 2001 йил 6 декабр Қонуннинг 30-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |