Bog'liq Фуқаролик ҳуқуқи Х II-қисм дарслик 30.08.2018
Давлаторганлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик. ФКнинг 15-моддасига мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак. ФКнинг 15-моддаси оммавий ҳокимият органларининг умумий жавобгарлик асосларини белгилайди ва бунда оммавий ҳокимият органларининг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида етказилган зарарларгина қопланиши назарда тутилади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳолат деликт жавобгарлигининг алоҳида тури ҳисобланади. Ушбу мажбуриятларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, бунда зарар етказувчи бўлиб, ҳокимият ваколатларига эга бўлган оммавий ҳокимият органлари ва ўзларининг ҳокимият функциялари асосида ҳаракат қиладиган ва ижро этадиган мансабдор шахслар ҳисобланади. Деликт мажбуриятларида субъекти сифатида давлат ҳокимияти барча тармоқларидаги органлари – қонунчилик, ижроия ва суд органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эътироф этиладилар. Мансабдор шахс бўлиб эса, махсус ваколат асосида ҳокимият вакили функциясини доимий ёки вақтинча амалга ошираётган фуқаролар ёхуд ҳокимият органларида, ушбу органлардан ташқаридаги ташкилий-тартибот вазифасини амалга оширадиган мансабда ишлаётганлар ҳисобланадилар.
Давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларининг мансабдор шахслари ҳисобланмайдиган бошқа барча ташкилотлар, шу жумладан, давлат ёки муниципал муассасалар (таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва шу кабилар) улар томонидан етказилган зарарни ФКнинг 989-моддаси асосида қоплайдилар. Бу қоида давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ушбу органларнинг ҳокимият ваколатларига эга бўлмаган ходимлари (масалан, вазирлик ёки идоранинг хавфсизлик хизмати бошлиғи, хўжалик бошқаруви раҳбари) ёхуд мансабдор шахс ҳисобланмайдиган шахслари (масалан, хизмат автомобили ҳайдовчиси) етказган зарарга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Шу муносабат билан бу деликт мажбуриятларида мансабдор шахс атамаси жиноят-ҳуқуқий категория учун хос ҳисобланади.
Юқорида санаб ўтилган ташкилот (орган) ва фуқаролар (мансабдор шахслар) ҳокимият ваколатларини амалга оширар экан, улар ўзларига шундай имкониятни яратиб берган оммавий-ҳуқуқий – тузилма – давлат номидан ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам давлат ўзининг органлари ва мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Оммавий-ҳуқуқуқий тузилмалар ўз органлари ва мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарларни ўз мулклари ҳисобидан қоплайдилар. Шу билан бирга қонун етказилган зарарни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкинлигини назарда тутади (ФКнинг 15-моддаси).
Бош деликт тамойилига асосланадиган мулкий зарар учун жавобгарликнинг умумий шартларидан фарқ қилиб, жавобгарликнинг бу тури вужудга келишининг биринчи шарти сифатида жабрланувчи исботлаши лозим бўлган оммавий ҳокимият органи ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати ёки ҳаракатсизлигининг ғайриқонунийлиги эътироф этилади. Бунда юқоридаги органлар ва шахслар ҳаракати нафақат ғайриқонуний, балки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам зид бўлиши, бошқача айтганда ҳуқуққа хилоф бўлиши лозим.
Мазкур ҳолатда бош деликт тамойилидан чекиниш ҳолати сифатида зарар етказувчи ҳаракатнинг ҳуқуққа хилофлигини исботлаш вазифаси жабрланувчига юклатилиши муҳим асосларга зга. Зеро, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракати нафақат бир томонлама мажбурий, ҳокимият тусига эга балки, ўз табиатига кўра, кимнингдир мулкий манфаатлари билан тўқнаш келади ва бунда кимнингдир мулкий манфаатларига путур етиши табиий, бу эса битта ҳолат асосида улар ҳаракатини ҳуқуққа хилоф деб баҳолашга асос бўлмайди. Таъкидлаш лозимки, давлат фақатгина механик ҳаракатлар қилиш учун ташкил қилинмаган. Шу сабабли ҳам унинг органлари ва мансабдор шахсларининг ўз функцияларини бажаришлари ҳар доим ҳуқуқийдир, гарчи бунда зарар етказилиш ҳолати вужудга келсада. Бу ҳаракатлар ваколатсиз ёки ваколатдан четга чиқиб амалга оширилганда ёхуд ҳокимият ваколатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланилган бўлса ғайриқонуний ҳисобланади.
Оммавий ҳокимият органларининг ҳаракатлари билан зарар етказилиши улар томонидан ҳокимият ваколатларини амалга оширишга хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжат (буйруқ, йўриқнома, кўрсатма) ни қабул қилиниши шаклида намоён бўлади. Шу билан бирга мансабдор шахснинг зарар етказувчи ҳаракати унинг ҳуқуққа хилоф-хулқ атвори ёки оғзаки фармойиш бериш орқали ифодаланади. Шунингдек, мансабдор шахс томонидан фуқаролар ёки юридик шахслар учун мажбурий тусга эга бўлган тегишли ёзма фармойиш берилиши ҳам ғайриқонуний бўлса, етказилган зарар қопланиши лозим. Шундай қилиб, оммавий ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракати деганда, нафақат, улар томонидан қабул қилинган ноқонуний норматив ёки индивидуал ҳуқуқий ҳужжат, балки ноқонуний тусга эга бўлган уларнинг амалдаги ҳаракатлари ҳам тушунилади.
Оммавий давлат ҳокимияти ҳуқуқларини лозим даражада амалга оширмасликнинг ўзигина ҳуқуқа хилоф ҳисобланмайди, балки унинг органлари ва мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари, ҳокимият мажбуриятларининг амалга оширилмаслиги – ҳаракатсизлиги ҳам ҳуқуққа хилофлик сифатида баҳоланади. Масалан, тегишли рухсат ёки ҳужжатни беришни ноқонуний рад қилиш, давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш, жабрланувчига мулкий зиён етказишорқали ва ҳ.к.
Умумий қоидага кўра давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари қонуний ҳисобланади, шунинг учун ҳам мулкий жавобгарликни белгилаш учун дастлаб суд тартибида бундай ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш лозим бўлади. ФКнинг 12-моддасига мувофиқ, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Давлат органи ёки ўзини ўзи бошқариш органларининг ноқонуний ҳужжати натижасида фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашнинг асоси сифатида бундай ҳужжатнинг қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжат нормасига зид келиши ҳисобланади. Бу ҳолат нафақат фуқаролик-ҳуқуқий тусига эга бўлган ҳужжатларга, балки фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мулкий манфаатларига таллуқли бўлган барча норматив ҳужжатларга тегишлидир. Бошқача айтганда муайян ҳужжатнинг ҳуқуққа хилофлиги фуқаролик ҳуқуқи доирасидан ташқарида бўлиши ҳам мумкин, бироқ ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан вужудга келган мулкий оқибат ҳар доим фуқаролик-ҳуқуқий тусга эга бўлади.
Фуқаролик қонун ҳужжатларида оммавий ҳокимият органлари ва улар мансабдор шахслари етказган зарари учун жавобгарлик шартлари тўғрисида бошқа кўрсатмалар мавжуд эмас. бу эса ўз навбатида бундай жавобгарлик деликт жавобгарлигининг умумий асосларида белгиланишини англатади. Шу билан бирга, бу жавобгарлик мавжудлиги назарда тутиладиган зарар етказувчи – ҳокимият органи ёки мансабдор шахс айбига асосланади.