Зарар етказишдан келиб чиқадиган жавобгарлик асоси ва шартлари. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар учун жавобгарлик асоси сифатида жабрланувчининг субъектив фуқаролик ҳуқуқларини бузилиши билан боғлиқ бўлган юридик факт – зарарнинг мавжудлиги ҳисобланади. Жавобгарлик шартлари эса, жавобгарлик асосларини тавсифловчи ва тегишли санкциялар қўлланилиши учун зарур бўлган қонунда белгиланган талаблардир. Шундай қилиб, фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик асослари ва шартлари бир-бири билан узвий боғлиқ унсурлар ҳисобланади.
Ҳуқуқий адабиётларда гарчи фуқаролик ҳуқуқбузарлик таркибини баҳсли эканлиги айтиб ўтилсада, ҳозирги кунда бу «таркиб» илмий жиҳатдан рад этилган эмас. Зеро, деликт мажбуриятларида зарарнинг мавжудлиги билан бирга, фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликнинг шартлари ҳисобланган: ғайриқонуний ҳатти-ҳаракат, зарар етказувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва зарар ўртасидаги сабабий боғланиш ва айбнинг мавжуд бўлиши фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни қўллаш имконини беради.
Деликт мажбуриятлари бўйича субъектив фуқаролик ҳуқуқининг бузилиши зарар етказилиши факти сифатида баҳоланади. Деликт жавобгарлигининг асоси деганда, фуқаро ёки юридик шахснинг мол-мулкига ёхуд номоддий неъматлар – фуқаронинг ҳаёти, соғлиғига зарар етказилиш факти тушунилади.
Зарар деликт жавобгарлигининг асоси сифатида. Зарар (зарарнинг мавжудлиги) деликт жавобгарликнинг бевосита зарурий асоси ҳисобланади.Зарар мавжуд бўлмаганда деликт жавобгарлик ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.
Агар, баьзи ҳолларда шартнома билан белгиланадиган жавобгарлик мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун кредиторга зарар етказилиш ёки етказилмаслигидан қатъи назар, бегиланса, шартномадан ташқари билгиланадиган жавобгарлик зарар бўлмаган тақдирга вужудга келиши мумкин эмас64.
Деликт жавобгарлигининг асоси сифатида зарар деганда фуқаролик ҳуқуқи субъектига тегишли мол-мулк шикастланиши ёки нобуд бўлиши натижасида, шунингдек фуқаронинг соғлиғига шикаст етиши ва вафоти натижасида вужудга келадиган салбий мулкий ва номулкий оқибатлар тушунилади.
ФКнинг 14-моддасида эса, зарар тушунчаси бузилган ҳуқуқни тиклаш воситаси сифатида таърифланади. Шу билан бирга бозор муносабатлари шароитида зарарнинг икки кўриниши мавжуд бўлиши ҳам мазкур моддада ифодаланган. Ушбу моддага мувофиқ, зарар деганда ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.
ФКнинг 985-моддасига мувофиқ, зарар «шахсга» ёки «мол-мулкка» етказилади. Мол-мулкка етказилган зарар деганда, одатда шахснинг мулкий мол-мулки камайиши ёки уларнинг қиймати пасайиши тушунилади. Баъзан, мулкий зарар жабрланувчининг зарар етказишдан олдинги ҳолати ва кейинги ҳолати ўртасидаги мулкий фарқ сифатида ҳам белгиланади.
Шахсга зарар етказишда ҳуқуқбузарлик объекти бўлиб, номоддий неъмат ҳисобланган – фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи тушунилади. Бироқ, мазкур зарар бўйича мажбурият вужудга келишида асосий эътибор мулкий ҳолатга қаратилади, яъни мулкий зарар қопланади. Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллардагина маънавий зарар ундирилади. Бироқ ҳамма вазиятларда ҳам зарар мулкий кўринишда қопланади. Зеро, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик ҳар доим мулкий кўринишда намоён бўлади.
Таъкидлаш лозимки, фуқаролик ҳуқуқида зарар тушунчаси билан бирга, зиён тушунчаси ҳам қўлланилади. ФКнинг 1009-моддаси боқувчиси вафот этганлиги натижасида зиён кўрган шахсларга зарарни қоплаш қоидаларини белгилайди. Бироқ, фуқаролик қонунчилигида бу икки тушунча ўртасида фарқ борлиги эътироф этилмайди. Кўпчилик вазиятлар «зарар» ва «зиён» атамалари синоним сўзлари сифатида қўлланилади. Шу билан бирга пул кўринишидаги зарар (русча - убыток) атамаси ҳам мавжуд бўлиб, одатда бу атама мутахасисслар томонидан мулкий зарарнинг пул кўринишидаги ифодаланиши сифатида талқин этилади. Зарарнинг мазкур кўринишлари ўзига хос мустақил аҳамият касб этмаслигини таъкидлаган ҳолда маънавий зарар деликт мажбуриятларида алоҳида ўрин тутишини эътироф этиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |