15-маъруза 15.1. Назорат-ўлчов асбобларини таъмирлаш ва ростлаш Тракторларга ўрнатилган назорат-ўлчов асбобларида қуйидаги носозликлар учрайди: электр симларининг узилиши; датчик ва кўрсаткич орасидаги занжирда туташувларнинг бузилиши; асбобларнинг ўзидаги ички шикастланишлар.
Асбобларнинг техник ҳолати эталон асбоблар билан солиштириб ёки текширилаётган иссиқлик ва масофадан бошқариладиган электромагнит асбоблар томонидан истеъмол қилинадиган ток қийматини ўлчаш йўли билан текширилади. Эталон сифатида характеристикалари техник шартларга жавоб берадиган текширилган ва ростланган датчиклар ва қабул қилгичлардан фойдаланилади. Приёмник эталон датчик билан комплект ҳолда, аксинча, датчик эталон ёки текширилган приёмник билан комплект ҳолда текширилади.
Мой босимини электр импулсли кўрсаткичини текшириш ва ростлаш. Мой босимини кўрсаткич ГАРО-531 асбобида текширилади. Дастлаб қабул қилгич текширилади. Бунинг учун уни уяларга ва марказий қайта улагичга уланади. Қайта улагич иккинчи ҳолатга ўрнатилади. Юклаш реостатининг дастаси билан синалаётган қабул қилгич занжиридаги ток секин-аста ошириб борилади ва қабул қилгичнинг стрелкаси нолни кўрсатишига эришилади. Сўнг микроамперметрни улаш тугмачаси босилиб, токнинг қиймати аниқланади. Натижада техник шартларда кўрсатилган қийматлар билан солиштирилади.
Қабул қилгич занжиридаги ток қиймати яна ошганда асбобнинг турига қараб унинг стрелкаси 0,5 МПа ёки 0,6 МПа га мос келадиган ҳолатга ўрнатилади.
Қабул қилгичнинг асосий носозликлари қуйидагилардан иборат: ростлашнинг бузилиши; биметалл пластина чулғамининг узилиши ёки куйиши. Чулғамдаги симнинг узилиши назорат лампаси ёридамида аниқланади. Чулғамдаги туташув омметр ёрдамида аниқланади. Соз чулғам 36-41 Ом га тенг бўлган қаршиликка эга бўлиши керак. Куйган чулғам алмаштирилади ва занжирдаги узилиш ёки биметалл пластинанинг туташуви бартараф этилади. Шикастланган чулғам чиқариб олингандан сўнг биметалл пластинага янги чулғам қўлда уралади. Чулғам материали сифатида константан сими олинади. Чулғам қисман шикастланганда, қабул қилгич чулғами билан кетма-кет уланган қушимча чулғам уралади. Иккала ҳолда ҳам симнинг узунлиги шундай бўлиши керакки, унда қаршилик меъёрий қийматга эга бўлсин. Қабул қилгичдаги носозлик бартараф этилгандан сўнг, унинг датчиги текширилади ва ростланади.
Датчикларнинг носозликлари ва уларни белгилари. Двигателда горизонтал жойлашган манометр датчиги текширилганда унинг асбобда тўғри жойлашганлигига аҳамият бериш лозим. Датчик қуйидагича текширилади. Уни насоснинг оралиқ муфтаси ва марказий қайта улагич дастасига уланад. Асбоблар датчиги уяларга уланади. Ҳаво насоси дастаси билан текширилаётган датчик ситемасида 0 ва 0,5 МПа ҳаво босими ҳосил қилинади ва асбоб манометри билан назорат қилинади. Агар микроамперметрнинг кўрсатиш тугмаси босилганда, кўрсатилган босимларда 8-15 мкА ва 120-140 мкА га тўғри келмаса, датчик ростланади.
Датчикни ростлашдан аввал унинг кожухидаги қалай билан кавшарланган тешик бигиз ёрдамида тозаланади. Махсус отвёртка билан ростловчи сектор буралади ва контакт пластиналар орасида зарур тирқиш ўрнатилади. Секторни соат стрелкаси бўйича буриб контактлар орасидаги тирқиш катталаштирилади ва кўрсаткичнинг стрелкаси нол томонга сурилади. Ҳаво насоси билан тизимда датчик занжирининг 120-140 мкА токида 0,5 МПа ҳаво босими ҳосил қилинади. Алмаштириладиган қаршиликни танлаш йўли билан датчик занжиридаги ток ростланади. Датчик кожухи махсус мосламадан олиниб, қаршилик чулғамига параллел уланиб қуйилади.
Ташқи кўздан кечириб биметалл пластинанинг яроқли-лиги, созлиги ва контактларнинг тозалиги текширилади.
Датчикнинг носозликларини аниқлаш. Куйган ёки ифлосланган контактлар аста-секин надфил билан тозаланади. Агар контактлар кавшарлари ажралган ёки куйган бўлса, биметалл пластинали томон 90-100°С га суриб қуйилади ва янги кумуш ёки кадмийли кумуш қотишмаси мавжуд бўлган контактлар кавшарланади. Сўнг пластинали кронштейн жойига ўрнатилади ва кавшарланган контактлар тозаланади.
Куйган ва изоляцияси куйган чулғам янгисига алмаштирилади. Унинг қаршилиги 8-11 Ом га тенг бўладиган қилиб уралади.
Нуқсонлар бартараф этилгандан сўнг кожух ёпилади, датчик юқорида кўрсатилгандек қайта ростланади. Ростлангандан сўнг, кожух дастаки прессда ёки штампли параллел тискиларда развалсовкаланади.
Авария ҳолатидаги босим сигнализаторини текшириш ва ростлаш учун у ГАРО-531 асбобига ўрнатилади ва сигнал лампасига уланади.
Электр-иссиқлик импулсли термометрлар қуйидагича текширилади ва ростланади: ростлашнинг бузилиши; қабул қилгич ва датчик чулғамларининг биметалл пластинкаларга туташуви; контктларнинг куйиши ёки кавшарлардан ажралиб кетиши; қабул қилгич қиздириш чулғамларининг ишдан чиқиши; датчикнинг ишдан чиқиши. Улардан ташқари асбоб герметиклиги бузилиши ва 185°С дан юқори ҳароратда асбоб баллонларининг гайка-штуцер билан туташтириувчи кавшарлари Эриб кетиши мумкин. Агар гайка ва баллон прессланган бўлса, асбоб герметиклигича қолади, аммо ҳарорат 200-250°С дан ошганда биметалл пластина чулғамининг шойи изоляцияси куйиши оқибатида ишдан чиқади.
Қабул қилгични текшириш ва ростлаш. Тўғри ростланган қабул қилгич ГАРО-531 асбобига ўрнатилганда унинг чулғамидаги ток маълум қийматга этганда 80°С ни кўрсатиши лозим.
Агар қабул қилгичнинг кўрсатиши техник шартларга мос келмаса, махсус калит билан секторлардан бири шундай бурилиши керакки, унда стрелка 100°С да тўхтасин. Сўнг иккинчи секторни буриб, стрелка 40°С га тўғриланади. Агар қабул қилгични ростлаб бўлмаса, уни қисмларга ажратиб таъмирлаш лозим.
Чулғам алмаштирилиб, узилиш ва массага уланиб қолишни бартараф этиб қабул қилгич таъмирланади.
Шикастланган чулғам биметалл пластинкадан чиқариб олинади ва янгиси қўлда уралади. Чулғам материали сифатида диаметри 0,1 мм бўлган симдан фойдаланилади. Симнинг узунлигини қаршилиги 36-40 Ом бўладиган қилиб танланади. Таъмирлангандан сўнг қабул қилгич икки сектордан фойдаланиб қайтадан ростланади.
Датчик иситкич билан бирга 2/3 қисм сув билан тўлғизилган стаканга жойлаштирилади. Қайта улагич биринчи ҳолатга ўрнатилади. Сувнинг ҳарорати 100°С га этиши билан синаладиган датчик уяларга уланади. Тугмаларни босиб микроамперметр уланади. Агар унинг кўрсатиши техник шартларга тўғри келмаса, датчик қисмларга ажратилади ва таъмирланади.