Рембрандт Харменс ван Рейн (1606.15.7 – 1669.4.10)
Рембрандт - голланд рассоми; голланд ва жаҳон реалистик рангтасвирига кучли таъсир кўрсатган мўйқалам, расм ва гравюра устаси, Рембрандт ижоди воқеликни ва инсон ички дунёсини унинг барча руҳий кечинмалари билан теран фалсафий идрок этиш орқали йўғрилган. Рембрандтнинг новаторлик санъати образларнинг ҳаётийлиги билан ажралиб туради.
Рембрандт Лейден университетида қисқа муддат таҳсил кўргач (1620), ўзини санъатга бағишлади. Лейденда Я.Ван Сваненбюрх(1620-23) ва Амстердамда П. Ластман(1623)дан рангтасвирни ўрганди. 1625-31 йиллар Лейденда ишлади, бу давр ижодий изланишлар даври бўлди. “Авлиё Павел” (тахминан, 1629-30) ва “Симон ибодатхонада” (1631) асарларида Рембрандт илк бор образларнинг кўтаринки ва ҳиссий жўшқинлигини ифодалашда нурсояни қўллади; портрет устида изланди, кўплаб автопортрет ва портретлар туркумини яратди.
Рембрандт. «Адашган ўғилнинг қайтиши».
У 1623 йилдан Амстердамда яшаган. 1630-йилларда яратган асарлари (“Доктор Тюлпнинг анатомия дарси”, 1632; “Саския билан автопортрет”, 1635 ва б) да гуруҳ портрет яратиш масаласини янгича ҳал этди, ҳаёт завқи, кишилар кайфиятини катта маҳорат билан ифодалади. Буюртма портретларни ўта аниқ, ижтимоий хусусиятлари билан ишлаган рассом яқинларининг портретларини чизишда, асарнинг руҳий ва таъсирчанлигини оширишда эркин ижод қилди. 1640 йилларда Рембрандтнинг эркин интилишлари, реализми, демократиклиги голланд киборларининг талабларига зид келади, айниқса, ватанпарварлик кайфияти акс этган асарлари (жумладан, “Тунги соқчилар”, 1642)дан кейин зиддият янада кучаяди. 1640 йилларда Рембрандтнинг ижодидаги ташқи таъсирчанлик ва унга хос бўлган жўшқинлик йўқолди, сокин, илиқлик билан йўғрилган асарлар яратилди (“Давид ва Ионафан”, 1642; “Муқаддас оила”, 1645 ва б), уларда ички кечинмалар, меҳнат аҳлининг кўрки, маънавий бойлиги, табиат манзараси жозибадор акс эттирилди. Рембрандт графикасида ҳам рангтасвирида бўлганидек нозик нурсоя ўйини алоҳида эмоционал муҳит яратишда катта аҳамиятга эга бўлди (“Беморларни даволаётган Исо” ёки “100 гулденлик қоғоз” графика варағи, тахминан 1642-1646; ҳаво ва нур ҳаракатига тўлиқ манзарали “Уч дарахт” офорти, 1643).
1650-йиллардаги ҳаётининг оғир синовлари даврида Рембрандтнинг ижодий баркамол даври намоён бўлди. Кўпроқ портрет жанрига мурожаат қилган рассом ижодида оддий одамлар кенг ўрин ола бошлади (2-хотини Хендрикье Стоффельс портретлари; “Ўғлим Титус мутолаада”, 1657; “Бургамистр Ян Сикс” 1654 ва б), армон ва йўқотишларга тўлиқ кексалар ҳаёти унинг диққатини тортди (“Рассом акасининг хотини”, 1654; “Қизил кийимдаги мўйсафид”, тахминан 1652-1654 ва б), қўл ва юз қиёфаларига эътиборини қаратади, образларнинг қоронғиликдан майин нур оғушида чиқиб келиши орқали рассом образларнинг теран руҳий ҳолатини беришга эришади.
1660 – йилларда инжил мавзуидаги композицияларида ўта драматик ҳолатларга мурожаат қилади (“Ассур, Аман ва Эсфирь”, 1660; “Давид ва Урия”, 1665 ва б), “Адашган ўғилнинг қайтиши” (тахминан 1668-1669) асарида инсонга хос англаш, қайғуриш ва кечиримлилик ҳисларини ифодалаган. Рембрандтнинг бадиий мероси ўта ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |