Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижоди
(1848-1934 ЙИЛ)
Режа:
Авлонийнинг ҳаёт йўли.
Маърифатпарварлик қарашлари.
Ноширлик ва театрчилик фаолияти.
Авлоний – етук шоир. Авлоний – драматург.
Ўзбек адабиётининг юксак босқичга кўтарилишида ўзининг беназир фазилатлари билан улкан ҳисса қўшган Абдулла Авлоний 1848 йил 12 июль Тошкентнинг Эски шаҳар Шайҳонтоҳур даҳа Мерганча маҳалласида фақир бир оилада туғилган. Отасининг исми Миравлон, онасининг исми Фотима бўлиб, отасининг туб касби тўқувчи. У Ярмарка бозорида ёймачилик қилиб, бўз ва чит билан савдо қилар эди. Шундай бўлса-да, фарзандлар таълим-тарбиясига катта эътибор берган Миравлон ака ўғли Абдуллани 1885 йилда бошланғич мактабга ўқишга беради. Бу ерда у Акромхон домлада саводини чиқаради. Шоир Абдулла ўз таржимаи ҳолида ибтидоий ўқиш йилларини шундай ёзади: «1890 йилда мактабни битириб, маҳалладаги мадрасада дарс ўқий бошладим. Ёшим 13 га етгач, йўқсиллик менга таъсир қилди. Ёз кунларида мардикорлик қилиб, ота-онамга бироз ёрдамда бўлиб, қиш кунларида ўқир эдим. Сўнгра Ўқчи маҳалладаги домламизнинг кам ҳафсалалигидан ўқувда давомсизлигидан Ўқчи мадрасасин тарк этиб, 14 ёшимда Шойҳонтовурдаги Абдулмаликбой даҳмасига келиб Мулло Умар Охунддан дарс ўқий бошладим. Бу чоғларда ҳам қиш кунларида ўқиб, ёз кунларида мардикор ишламоққа мажбур эдим. 1894 йилдан бошлаб шеър ёзишга тутиндим. Замонга мувофиқ, ҳар хил мавзуда шеърлар ёза бошладим. 18 ёшдан бошлаб, мардикорликдан қутулиб, усточилик даражасига эришдим. Ғишт усточилиги, сувоқчилик, печкачилик, дурадгорлик устолиғини қилар эдим. 1890 йилда уйланиб, оила бошлиғи бўлиб қолдим. Шу йилда отам ўлиб, ўгай онам билан бир укам қарамоғимда менга боқим бўлиб қолди. Бу вақтда бутун оилани боқмоқ учун қиш кунларида ҳам ишламоқға тўғри келганлигидан қуввати муҳофазам ўрта даража бўлғон ҳолда мадрасани ташлаб чиқиб кетувға тўғри келди. Шул чоғларда ўзим меҳнат ичида яшаганлигимдан бойларга ва муллаларга қарши шеърлар ёза бошладим. Мадрасадан чиқиб кетсам ҳам маориф ишларидан чиқиб кетмадим. Турли газеталара ўқишга тутиндим. Шул замонларда Русиянинг турли шаҳарларида матбуот ва журналлар билан танишиб, ўқиб маълумотимни орттира бордим. «Таржимон» газетасини ўқиб замондан хабардор бўлдим».
Авлоний сиёсий фаолиятини маърифатпарварлик билан қўшиб олиб боришини энг тўғри йўл деб билди. Фурқат ва Саттархонлар бошлаб берган, Саидрасул Азизий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Шакурийлар томонидан янгича шаклларда давом эттирилган маърифатпарварликни ривожлантирди. У Мирободда «усули савтия» деб таърифланган мактаб очди. Унда ўқитишнинг бепул бўлишидан ташқари, савод тез чиқарилар эди. Янги мактаб ҳақидаги бундай илиқ гапларнинг эл орасида тез тарқалиши табиий, албатта. Эшитганлар камбағалбоп мактаб очилганлигидан хурсанд бўлиб бирин-кетин оқиб кела бошладилар. Бу эса эски усулдаги мактабдорлар ғазабини кучайтирди.
Авлоний камситилди, таҳқирланди, таъқиб остига олинди. Лекин бу фитналар унинг қалбидаги маърифат оловини бир лаҳза бўлса-да, сўндира олмади, аксинча алангалантирди. 1908 йилга келиб Авлонийга қарши фитналар янада кучайди. Ғаразгўйлар Мирободдаги мактабнинг ёпилишига эришадилар. Орадан бир йил ўтгач, Авлоний худди ана шундай мактабни Дегрез маҳалласида очади.
Абдулла Авлонийнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти Октябрь инқилобидан кейин янада ривожланди. У бу инқилобга зўр ишонч билан қаради. У «Ўлка ишчи ва солдат депутатлари совети»га сайланди. «Ўқитувчилар союзи»ни тузди. Бундан ташқари, бир қатор масъул вазифаларда ишлади. Тошкент фирқа ташкилотининг фаолларидан бири сифатида жонбозлик кўрсатди. 1918 йилнинг 17-29 декабрида бўлиб ўтган Туркистон Коммунистик фирқасининг II-қурултойида Марказий Қўмита аъзолигига сайланди.
1921 йилдан бошлаб у маориф соҳасига ўтди. Ўша йили Тошкентдаги ўлка ўзбек билим юртида, 1923 йилда Тошкент хотин-қизлар билим юртида мудирлик, 1924 йилда В.И.Ленин номли ҳарбий мактабда ўқитувчилик қилди. 1925-1930 йилларда Ўрта Осиё Коммунистик университети (САКУ), Ўрта Олий Қишлоқ хўжалиги мактабида (САВКС – XIII), Ўрта Осиё давлат университети (САГУ) да дарс берди». 1930 йилда А.Авлоний САГУнинг профессори бўлди. У бу йилларда асосан, тил соҳаси бўйича илмий ишлар қилди. Бир қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилди.
Абдулла Авлоний 1934 йил 25 августида вафот этди.
Халқни маърифатли қилиш орзусида саъй-ҳаракатлар қилган зиёлилар сафида, шубҳасиз, Абдулла Авлонийнинг ҳам алоҳида ўрни бор. У янги усулдаги мактаблар учун дарслик ёзган муаллиф сифатида ҳам бир талай хайрли ишларни амалга оширди. Унинг илк дарслиги «Биринчи муаллим» дунёга келди. А.Авлоний дарслигида бола ҳарфлар, уларнинг ёзилиш қоидалари билан таништирилгач, содда ва ихчам қилиб тузилган матнларга ўтилади. Дарсликдан ўрин олган матнлар ҳар жиҳатдан болаларбоп қилиб тузилган.
1912 йилда А.Авлонийнинг «Иккинчи муаллим» деб номланган дарслиги босилди. Бу китоб «Биринчи муаллим»нинг мантиқий давоми бўлиб, ундаги матнлар ўзининг бадиийлиги, ҳаётийлиги, тилининг пухта, равонлиги, содда ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Унда ҳам таълим ва тарбия масалалари етакчилик қилади. Муаллиф халқ оғзаки ижоди намуналаридан усталик билан фойдаланади. Бу китоб ҳам худди биринчи китоб каби янги усулдаги мактаб мадҳига бағишланган шеър билан очилади. У ўқувчиларга қарата:
Мактаб сизни инсон қилур,
Мактаб ҳаёт эҳсон қилур,
Мактаб ғамни вайрон қилур,
Ғайрат қилуб ўқинг, ўғлон.
Деб мурожат қилади. Абдулла Авлонийнинг «Мактаб гулистони» (1913) китоби аввалги дарсликларнинг мантиқий давоми бўлиб, асосан, юқори синф ўқувчиларига мўлжаллаб ёзилган. Китобдан ўрин олган асарларнинг кўпчилигини И. Криловнинг таржима қилинган асарлари ташкил қилади.
А.Авлонийнинг дарслик сифатида яратилган асарлари ичида, шубҳасиз, «Туркий Гулистон ёҳуд ахлоқ» (1913) китоби алоҳида қимматга эга. Бу китоб ҳам «Мактаб гулистони» каби асосан юқори босқич ўқувчиларига мўлжаллаб ёзилган бўлиб, одобнома руҳидаги асардир. Бу китоб Саъдийнинг «Гулистон»и таъсирида яратилган.
Авлоний серқирра ижодкор эди. Бу бетакрор маърифатпарвар муаллим, бир қатор дарсликларнинг муаллифигина эмас, балки етук ношир, ажойиб ташкилотчи, даврнинг муҳим қирраларини илғаб, унга ўз муносабатини билдира оладиган мақоланавис ҳам эдики, бу ҳақда шоир ўз таржимаи ҳолида шундай дейди: “1906 йилда «Тараққий», «Хуршид» газеталари чиқиб, эски ҳукумат томонидан тўхтатилганидан сўнг 1907 йилда мен ўз муҳаррирлигим билан ҳамда темир йўл ишчиларининг социал-демократ фирқасининг алоқа ва ёрдами билан «Шуҳрат» исмидаги газетни сапёрний кўчада чиқардим. 1915 йилда Тошкентда чиққан «Садои Туркистон» газетасига муҳаррирлик қилдим ҳамда шу йилда устав-қонун тузиб, «жамияти ҳайрия» очдик”.
Абдулла Авлоний ўзбек миллий труппасининг вужудга келтирган ва уни саҳна асарлари билан таъминлаган ижодкор сифатида ҳам бир талай ишларни амалга оширди. У 1913 йилда ўзбек театри труппаси – «Туркистон»ни тузди. У бу даврда озор ва татар маслакдошлари билан ижодий ҳамкорлик қилди. Татар режиссёри Закки Боёзидский билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга оширди. У бу труппанинг актёри, режиссёри, муаллифи ҳам эди. Труппа 1914-1915 йилларда ташвиқот ишларини олиб боришида фаол иштирок этди.
Профессор Б.Қосимов фикрларига таяниб шуни айтиш мумкинки, «Адвокатлик осонми?», «Пинак», «Икки севги», «Биз ва сиз», «Португалия инқилоби» каби драмаларини ёзган ва ўзи саҳналаштирган бўлса-да, улардан айримларининг қўлёзмалари ёки нашр қилинган нусхалари сақланиб қолмаган.
Авлоний шеъриятида ҳам миллат тақдири, Ватан қисмати алоҳида ўрин тутади. У «ғунчаси маориф учун зор ўлан Ватан» образини чизар экан, унинг эртанги куни ҳақида умидбахш сатрларни келтириш билангина чегараланмайди, балки Ватан мустақиллиги учун халқни уйғотишга ундайди:
Етарсан тобакай ғафлат қучоғинда, уён миллат,
Жаҳолат жомасин устингдан ирғит тур замон миллат
А.Авлоний шеърларида, юқорида таъкидлаганимиздек, миллат ва Ватан мавзулари доимо ёнма-ён келади. У миллат истиқболида Ватан эркини, Ватан истиқболида миллий туйғулар тантанасини кўради. Жумладан, у «Ватан» шеърини шундай сатрлар билан бошлайди.
Сенинг исминг бу дунёда муқаддасдур,
Ҳар ким сенинг қадринг билмас ақли пастдур.
Сенинг туйғунг юракларга савдо солур,
Сенинг дардинг бошқа дардни тортиб олур.
А.Авлонийнинг 20-йилларда яратган бир қатор асарларида маърифатни улуғловчи фикрлар устувор турганлигининг гувоҳи бўламиз. У яратган асарлар, шубҳасиз, янги давр адабиётининг гўзал намуналари сифатида ёшлар учун ибрат мактаби бўлғусидир.
Адабиётлар:
1. Аваз Ўтар ўғли. «Девон». Т, 1976 йил.
2. Ю.Юсупов «Аваз». Т, 1954 йил.
3. Ю.Юсупов «Хоразм шоирлари». Т, 1967 йил.
4. В.Мирзаев «Аваз Ўтар ўғли. Ҳаёти ва ижоди». Т, 1961 йил.
5. «Аваз». Сайланма. Т, 1984 йил.
6. «Айёмий». Сайланма. Т, 1984 йил.
7. Н.Қобулов, В.Мўминова, И.Ҳаққулов «Аваз ва унинг адабий муҳити». Т, 1987 йил.
8. Б.Қосимов «Излай-излай топганим…». Т, 1983 йил.
9.С.Сиёев «Аваз». Роман. Т, 1987 йил.
10. www.ziyonet.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |