3-мавзу. Товар-пул муносабатларининг ривожланиши. Бозор иқтисодиётининг мазмуни ва амал қилиши.
Режа
1. Хўжалик юритиш турлари. Товар ва унинг хоссалари. Қиймат ва нафлилик назарияси.
2. Пулнинг келиб чиқиши ва вазифалари. Конвертирланган пул ва пул массаси.
3. Бозор иқтисодиётининг мазмуни ва унинг асосий белгилари.
4. Бозор ва унинг турлари. Бозор инфратузилмаси ва унинг элементлари.
5. Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос хусусияти.
1. Хўжалик юритиш турлари. Товар ва унинг хоссалари. Қиймат ва нафлилик назарияси.
Ижтимоий хўжалик – инсоният жамияти тараққиётининг алохида узоқ даврлари давомида ишлаб чиқаришнинг мақсадини анча тўлиқ ифодалаб қоладиган, барқарор умумий белгиларга эга бўлган ва ривожланишида маълум бир қонуниятларга асосланган хўжалик юритишнинг барқарор турларидир.
Натурал ишлаб чиқариш. Умумий иқтисодий шаклларнинг тарихан биринчиси натурал ишлаб чиқариш бўлган, бунда меҳнат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчининг ўз эҳтиёжларини қондириш учун, ички хўжалик эҳтиёжлари учун мўлжалланган. Истеъмол кўпинча ишлаб чиқаришга мос келган, уларнинг бир-бири билан боғланиши бевосита ушбу хўжаликнинг ўзида рўй берган. Бундай хўжаликлар ибтидоий жамоада ҳукм сурган. Патриархал деҳқон хўжалигини ва феодал поместьелари ҳам асосан натурал хўжалик бўлган. Натурал ишлаб чиқариш ижтимоий меҳнат тақсимотининг ривожланмаганлиги оқибати сифатида вужудга келган, у вақтда ижтимоий меҳнатдан унинг у ёки бу тури эндигина ажрала бошлаган. Бундай шароитда биқиқ ёки ўз эҳтиёжларини ўзи қондирадиган ишлаб чиқариш организмлари пайдо бўлган. Меҳнат уларнинг тор доирасидагина ижтимоий характерга эга бўлган. Натурал ишлаб чиқариш шакли барча иқтисодий жараёнларни бир хўжалик доирасида қатъий чеклаб қўяди, ташқи алоқалар учун йўл очилмайди. Натурал хўжалик шаклларининг худди шу хусусиятлари қишлоқ хўжалик жамоалари минг йиллар давомида барқарор яшовчан бўлиб қолганлигининг «сири»ни очиб беради. Натурал хўжалик ишлаб чиқариш мақсадларини ниҳоят чеклаб қўяди, ишлаб чиқариш ҳажм жиҳатидан жуда оз ва тури жиҳатидан кам хил бўлган эҳтиёжларини қондиришга бўйсунади. Шунинг учун ҳам жамият аста-секинлик билан товар ишлаб чиқаришга ўтади.
Натурал хўжаликнинг асосий белгилари қуйдагилар:
Мехнат тақсимоти етарлича ривожланмаган;
Ишлаб чиқариш биқиқ характерга эга бўлиб, ишлаб чиқарувчиларнинг ўз эҳтиёжларини қондиришга бўйсиндирилган;
Ишлаб чиқариш билан истеъмол ўзаро мос келиб, бевосита хўжалик ичида бир-бири билан боғланган;
Меҳнат тор доирада ижтимоий характерга эга бўлган;
Ишчи кучининг ҳаракатчанлиги чекланган.
Товар ишлаб чиқариш. Товар ишлаб чиқариш натурал хўжаликнинг ривожланиши натижасида пайдо бўлди.
Товар хўжалигида кишилар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар буюм орқали, улар меҳнати маҳсулларини олди-сотди қилиш орқали намоён бўлади. Товар ишлаб чиқаришнинг натурал ишлаб чиқаришдан фарқи шундаки, бунда товар ёки хизмат ўзининг истеъмоли учун эмас, балки бозорга сотиш учун яратилади.
Натурал хўжаликни сиқиб чиқариш ва товар айирбошлашнинг ривож-ланиш жараёни меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви, ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви, хусусий мулкнинг вужудга келиши ва ривожланиши асосида индивидуал хўжаликларнинг товар айирбошлашга, олди-сотдига ўтиш йўли билан боради. Айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашув, уларни турли хил ишлаб чиқарувчилар ўртасида айирбошлашни зарур қилиб қўяди. Ихтисослашув эса меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келади, демак товар айирбошлаш фақат зарургина эмас, балки фойдали бўлиб боради. Айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашув, уларни турли хил ишлаб чиқарувчилар ўртасида айирбошлашни зарур қилиб қўяди. Вақтни ва моддий ресурсларни тежаш қонуни товар хўжалигини ривожлантиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб чиқади. Товар айирбошлашга тортиладиган ишлаб чиқарувчилар бир-бирига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қола бошлайди.
Ниҳоят, бозор вужудга келишининг муҳим шарт-шароитларидан бири эркин айирбошлаш ҳисобланади. Чунки ижтимоий меҳнат тақсимоти, ихтисослашув ва иқтисодий алоҳидалик эркин айирбошлаш ва хўжалик субъектлари фаолиятининг энг самарали йуналишини кўрсатиб берадиган эркин баҳоларнинг шаклланишига ёрдам беради.
Шундай қилиб товар хўжалигининг белгилари сифатида қўйдагилар чиқади:
Ижтимоий меҳнат тақсимотининг мавжуд бўлиши;
Ишлаб чиқарувчиларнинг мулк эгаси сифатида бир-биридан алоҳидалашуви;
Маҳсулотларнинг бозор учун эркин айрибошлаш мақсадида ишлаб чиқарилиши.
Товар – пул муносабатларини тушунишда товарнинг мазмунини, унинг хусусиятларини билиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Товар деб бирон-бир нафлиликка ва қийматга эга бўлган айирбошлаш учун яратилган маҳсулотга айтилади. Бошқача айтганда, товар нафлиликка ва алмашув қийматига эга бўлган бозор учун ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки хизматлардир.
Демак, товарнинг икки хусусияти бор: биринчидан, у кишининг қандайдир эҳтиёжини қондиради: иккинчидан, у бошқа буюмга айирбошлана оладиган буюмдир.
Буюмнинг яна бир хусусияти шундан иборатки, у кишилар учун фойдали, нафлидир. У шахсий истеъмол буюми сифатида бевосита ёхуд ишлаб чиқариш воситалари сифатида билвосита кишиларнинг бирон-бир эҳтиёжини қондиради.
Хўш, товарнинг маҳсулотдан фарқи нимада? Товар, энг аввало, ўз истеъмоли учун эмас, балки бошқаларнинг истеъмоли учун бозорга сотиш мақсадида тайёрланадиган маҳсулотдир.
Ҳар бир товар маълум бир нафлиликка эга, лекин у яратувчининг ўз эҳтиёжлари эмас, балки айирбошлаш орқали бошқа кишилар эҳтиёжини қондиради. Нафлилик қиймати товарларнинг бошқа товарларга айирбошланиш қобилиятига эга бўлганлиги учунгина, у ўзининг яратувчисини қизиқтиради. Товарнинг шу хусусияти, айирбошланувчанлиги унинг алмашув қиймати номини олади. Товарларни сотишда уларнинг нарх кўрсаткичи алмашув қийматини яққол кўрсатади. Инсон меҳнати билан яратилмаган кўплаб буюмлар масалан, булоқдаги сувлар, ёввойи дарахт мевалари нафлиликка эга бўлади. Лекин улар ҳар доим ҳам товар бўлавермайди. Буюмлар товар бўлиши учун, у айирбошлашга мўлжалланган, маълум миқдорда иқтисодий ресурс сарфланган, бозорга сотишга чиқарилган бўлиши зарур.
Алмашув тарафдорларининг хисоблашича, қиймати нимага асосланади? Қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорлари1, товарлар қийматининг умумий асоси – бу меҳнат, шу сабабли улар маълум миқдорларда бир-бирига тенг-лаштирилади. Уларнинг фикрича товарларнинг табиий хусусиятларидан бирортаси – оғирлиги, ҳажми, шакли ва шу кабилар айирбошкашга умумий асос бўла олмайди, фақат меҳнат сарфлари шундай асос ҳисобланади. Алмашишнинг зарур шарти айирбошланадиган товарларнинг ҳар хил нафлиликка эга бўлиши ҳисобланади. Лекин истеъмол қийматлар меҳнат қиймати назариячилари қарашларича миқдорий ўлчамга эга эмас. Миқдор жиҳатдан бараварлаштириш эса улар фикрича ҳамма товарлар учун сифат жиҳатидан умумий, ягона бирон-бир нарса бўлишини тақозо этади, бундай умумий нарса уларни яратиш учун сарфланган меҳнатдир.
Бу ўринда сўз меҳнатнинг муайян, аниқ турлари тўғрисида бормайди. Бу турлар бир-биридан сифат жиҳатдан фарқ қилади ва шу сабабли улар аниқ истеъмол қийматларининг хусусиятларини келтириб чиқаради. Товарлар ўлчовдош бўлишининг боиси шуки, уларнинг ҳаммаси инсон меҳнати ва иқтисодий ресурс сарфлари маҳсулидир. Айнан шу сабабга кўра товарлар бир хил ва ўлчовдошдир. Товарда мужассамлашган ижтимоий меҳнат яъни жонли ва буюмлашган меҳнат унинг қийматини ташкил қилади. Бу қиймат товар айирбошлаганда кўринади, шунинг учун алмашув қиймати қиймат шакли бўлиб хизмат қилади. Товарнинг ўзи истеъмол қиймат, яъни нафлилик ва қийматнинг узвий бирлигидан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |