Қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорлари қарашича, товарларни айирбошлаш уларнинг қиймати асосида амалга оширилади. Қийматнинг миқдори эса, ижтимоий зарурий меҳнат сарфлари билан, яъни ижтимоий зарурий иш вақти билан ўлчанади.
Ижтимоий зарурий иш вақти ишлаб чиқаришнинг мавжуд ижтимоий нормал шароитида ва шу жамиятда меҳнат маҳорати ва жадаллигининг ўртача даражасида бирон истеъмол қийматини тайёрлаш учун талаб қилинадиган иш вақтидир.
Ижтимоий нормал (ёки типик) ишлаб чиқариш шароити муайян турдаги товарларнинг аксарият қисми яратиладиган шароитдир. Бу одатда ўртача шароит, фақат шу шароитда ўртача маҳоратга эга бўлган ва ўртача жадаллик билан ишлайдиган ишлаб чиқарувчи бир соатлик меҳнат мобайнида бир ижтимоий нормал шароитга мос қиймат вужудга келтиради. Ходимнинг маҳорати ва меҳнатининг жадаллиги жамиятда қарор топган ўртача даражадан юқори ёки пастроқ бўлса, бу ҳолда бир соатлик меҳнат мобайнида яратган қиймат тегишлича кўп ёки кам бўлади.
Қийматнинг меҳнат назариясига кўра ижтимоий зарур иш вақти ўзига хос ижтимоий меҳнат меъёри ролини ўйнайди. Бу меъёр бозорда аниқланади ва товар ишлаб чиқарувчилар унга амал қилишлари зарур. Керагидан ортиқча меҳнат сарфлари жамият томонидан эътироф этилмайди. Бозорда муайян турдаги товарларнинг асосий массасини ишлаб чиқариш учун зарур бўлганидан амалдаги ортиқча меҳнат сарфларига ҳеч ким ҳақ тўламайди.
Товар қийматида оддий меҳнат ифодаланади. Оддий меҳнат деганда махсус тайёргарлик талаб қилмайдиган меҳнат тушунилади. У шундай бошланғич негизки, бошқа меҳнат турлари малакаси жиҳатидан унга тенглаштирилади. Бинобарин, мураккаб меҳнат даражасига кўтарилган ёки кўпайтирилган оддий меҳнат сифатида намоён бўлади. Мураккаб меҳнатни оддий меҳнатга тенглаштириш бозорда индивидуал сарфларни ижтимоий зарур сарфларига тенглаштириш билан бирга содир бўлади.
Қийматнинг меҳнат назарияси тарафдорлари – товар хўжалиги шароити-да ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни, тартибга солувчи, объектив қиймат қонунини мавжуд бўлишини тан олади. Улар фикрига кўра, бу қонунга биноан товар ишлаб чиқариш ва айирбошлаш уларнинг қиймати асосида амалга оширилади.
Қиймат қонуни товар ишлаб чиқарувчиларни уларнинг индивидуал меҳнат сарфлари билан ижтимоий зарур меҳнат сарфлари ўртасидаги фарққа боғлиқ ҳолда табақалаштиради, сарфларни камайтирган ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиради ва иқтисодий ресурслар ҳамда ишчи кучининг тармоқлар ва соҳалар бўйича тақсимланишини тартибга солиб туради. Масалан, энг юксак меҳнат унумдорлигига эришган ишлаб чиқарувчилар ўз товарларини ижтимоий зарур сарфларидан камроқ лекин айрим индивидуал сарфларидан юқори баҳоларга сотишлари ва юқори фойда олишлари мумкин.
Қиймат қонунининг тартибга солиб турувчи механизми рақобат кураши натижасида бозор нархларининг стихияли равишда тебраниб туришидан, уларнинг ижтимоий қийматдан фарқ қилиб туришидан иборат. Товар нархи-нинг ижтимоий қийматидан четга чиқиш шарт-шароитлари қуйидагилардан иборат деб ҳисобланади:
Талаб = таклиф, бўлса нарх = қиймат
Талаб > таклиф, бўлса нарх > қиймат
Талаб < таклиф, бўлса нарх < қиймат
Шундай қилиб, товарлар нархининг улар қийматидан фарқ қилиши товар ишлаб чиқарувчиларнинг хоҳиши билан содир бўлмай, балки объектив қиймат қонунининг кучи таъсири остида рўй беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |