Иерархик тартиб асосида бошқаришда давлат асосий роль ўйнайди. Ишлаб чиқариш, тақсимот, айирбошлаш ва истеъмол бўйича барча қарорлар давлат томонидан қабул қилинади, муаммо ва масалалар ҳам давлат томонидан ечилади.
Ахборот олиш буйруқ ва топшириқлар асосида йўлга қўйилади. Бу юқоридан пастга қараб, иерархик тартиб асосида олиб борилади. Иерархия одатда бошлиқ ҳокимлигига таянади. Ибтидоий жамоа тузуми, қулдорлик, феодализмда иерархик тартиб муҳим роль ўйнаган. Иерархик бошқаришнинг ўзига хос шакли маъмурий-буйруқбозликка асосланган, марказдан режалаштириш асосида бошқариладиган иқтисод бўлиб, корхоналар асосан давлат мулки бўлиб, хўжаликни бошқариш иерархик тарзда олиб борилган. Ахборот олиш буйруқ ва топшириқлар асосида йўлга қўйилган. Нима, қанча, қандай саволлар давлат томонидан ҳал қилинган.
Иқтисодиётни тартибга солишни ўз-ўзини бошқариш орқали амалга ошириш эркин рақобат кураши хукмрон даврига хос. Бунда ресурсларни тақсимлаш ва бошқа масалалар стихияли тарзда бозор субъектлари томонидан тартибга солинган. Ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларга нархлар ўзгариши ҳақидаги маълумотлар сигнал йўли билан етказилади. Нархларнинг кўтарилиши ёки пасайиши хўжалик юритувчи субъектларга қандай ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатади.
Аралаш тартибда бошқаришда хусусий сектор билан бир қаторда давлат ҳам ресурслар ва неъматлар ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш, ва истеъмол қилишда муҳим роль ўйнайди. Давлат бозор иқтисодиётига аралашади, лекин бозорнинг ўзини-ўзи тартибга солиш ролини йўққа чиқармайди.
Мулкчилик муносабатлари ва мулк турлари
Мулкчилик муносабати жамиятнинг асосий негизи бўлиб, ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида мулкчилик тўғрисидаги ҳуқуқий қонунлар мажмуини ишлаб чиқаришга асосий эътиборини қаратади. Мулкчилик ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро иқтисодий муносабатларни ифодалайди. У ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг тақсимотини, айирбошлаш даражасини, ҳамда истеъмол қилиш шаклларини белгилайди. Ижтимоий мулкчилик эгалик шаклларига қараб жамият қай тартибда ва кимнинг манфаати учун хизмат қилишини аниқлаш мумкин. Мулкчилик муносабатлари жамиятнинг асосий негизидир.
Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат мулкчилик тўғрисида юридик ҳуқуққа эга бўлган конунлар ишлаб чиқади ва бу қонунларга шу давлатнинг фуқаролари бўйсунадилар. Шунга мувофиқ ҳар бир шахс қонун орқали ўзига тегишли бўлган мулккагина эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тақсимлаш ҳуқуқини олади. Иқтисодий жиҳатдан ёндашганда мулкчилик муносабатлари ишлаб чиқаришда мавжуд бўлган кишилар ўртасидаги мураккаб хўжалик муносабатларини акс эттиради. Мулкчилик муносабатлари моддий неъматларни ўзлаштириш, улардан хўжалик юритишда фойдаланиш ва уларни сотиш каби соҳаларни ҳам қамраб олади.
Мулкчилик юридик маънода мулкка эгалик муносабатини ифода этади. Шунинг учун, моддий бойликни турли субъектлар, яъни алоҳида кишилар, ижтимоий гуруҳлар ва давлат ўртасида қандай тақсимлаш, ўзлаштиришнинг ҳуқуқий меъёрлари аниқланади ва белгилаб қўйилади. Шунга мувофиқ мулк эгаси қонунда белгиланган буюмга тегишли бўлган мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тақсимлаш ваколатини, ҳуқуқини олади. Давлат мавжуд мулкчилик муносабатларини мустаҳкамлайди ва ҳимоя қилади.
Мулкчилик иқтисодий маънода ишлаб чиқаришда мавжуд бўлган кишилар ўртасидаги мураккаб хўжалик муносабатларини ифода этади. Ҳар қандай моддий неъмат ишлаб чиқариш кишиларнинг ўз манфаатлари учун табиат буюмларини ва энергияни ўзлаштиришдан иборатдир.
Лекин ижтимоий муносабатларда табиат ва инсонлар томонидан яратилган бойлик кимга тегишлигига кўра белгиланган миқдордан ортиғини ўзлаштириш мумкин эмас. Шунинг учун мулкчилик муносабати моддий неъматларни ўзлаштириш, улардан хўжаликда фойдаланиш ва иқтисодий жиҳатдан реализация қилиш соҳаларини қамраб олган. Буни кенгроқ кўриб чиқадиган бўлсак, ўзлаштириш буюмларга ўзиникидек муносабатда бўлишликни белгиловчи кишилар ўртасидаги иқтисодий ишлаб чиқариш воситаси эгаси айрим ҳолларда яратувчилик фаолияти билан шуғулланмайди. Бунда мулкдор ва тадбиркор ўртасида мулкдан хўжаликда фойдаланиш муносабатлари юзага келади. Мулк эгасига даромад келтиргандагина иқтисодий реализация қилинади. Бунда даромад ишлаб чиқариш воситаларидан фойдаланишдан натижасида яратилган қийматнинг ҳаммаси ёки бир қисмдан иборат бўлиб, фойда, солиқ ёки тўловлар шаклида ифодаланади. Масалан, ижарага берилганда, ижара ҳақи белгиланади. Ижара ҳақи деб, мулкни ижарага олиб, фойдаланиш натижасида олган даромадининг бир қисмини ижара ҳақи сифатида мулкдорга тўланган ҳаққа айтилади. Контракт тузилаётганда, аввалдан, вақтинчалик мулкдорга тўлаши керак бўлган тўлов ёки олинадиган ижара улуши белгилаб қўйилади. Ижарачи ишлаб чиқариш жараёнида ижарага олинган ишлаб чиқариш воситалари ва технологиялардан фойдаланади. Йирик ишлаб чиқариш корпорация, акционерлар жамиятида ва шунга ўхшаш йирик корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини одатда ишга ёлланган менежерлар томонидан бошқарилади, гарчан улар мулк эгаси ёки мулкни ижарага олган субъект бўлмаса ҳам. Бу ҳолатда мулк эгаси хўжалик субъект вазифасини бажармайди. Чунки у хўжаликни ижарага топширган. Кичик бизнес соҳаларида субъектлар ишлаб чиқариш жараёнини ўзлари ташкил этган ҳолда, унинг иқтисодий натижаларини тақсимлашни ҳам ўзлари амалга оширади.
Шундай қилиб ижрага берилган мулк эгаси бўлиб икки субъект, яъни мулк эгаси ҳисобланади ва ундан вақтинча фойдаланувчи. Мулкчилик муносабати бутун хўжалик жараёнининг фаолиятини, яъни ишлаб чиқариш, тақсимот, алмашинув ва истеъмол соҳаларини қамраб олади.
Мулк сўзининг моҳиятини таҳлил этишга яна мурожаат қиладиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки унинг объекти ўзининг шаклланишига кўра икки турга бўлинади:
Инсон томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликлар.
Жамиятда мавжуд бўлган табиий ва ишлаб чиқарилиши моддий бойликлар ва маънавий бойликлар (авлодлардан мерос тариқасида қолдирилган илмлар, ма-
лакалар ва тажрибалар, кўникмаларга) бўлинади.
Иқтисодиёт назарияси тарихида мулкчиликнинг 3 тури яъни шахсий, хусусий ва давлат мулки мавжуд деб келинган ва улар тавсифлаб берилган. Мулкчиликнинг мазкур 3 та тури иқтисодий адабиётларда кенг тушунтирилган ва изоҳлаб берилган. Шунга қарамай, мулкчилик муносабатлари юзасидан таҳлилларнинг тез-тез ўзгариб ва янги мулкчилик шаклларининг вужудга келиб тургани боис, уларнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгариб бормоқда. Хусусан, ҳозирги вақтда иқтисодий адабиётларда мулкчиликнинг қуйидаги турлари мавжуд деб қаралмоқда. Умумий мулк, аралаш мулк, хусусий, шахсий мулк, давлат мулки, жамоа мулки, ширкат мулки, маҳалла мулки, мерос мулк ва ҳоказолар. Баъзи бир иқтисодий адабиётларда давлат мулки, жамоа мулки, ширкат мулки, мерос мулк ва ҳоказоларни умумий мулкнинг таркибий қисмлари сифатида таҳлил қилсалар, хорижий мамлакатларнинг иқтисодий адабиётларида уларни алоҳида мулк тури сифатида тасвирлайдилар.
Мулкчилик муносабатлари бутун иқтисодий тизимнинг моҳиятини очиб беради, ўзаро манфаатлари ва истеъмол муносабатларини бир йўналишда умумлаштирган ҳолда намоён қилади. Унинг ижтимоий ва маънавий қадриятларини белгилаб беради. Мулкчиликнинг назарий ва амалий муаммолари ечимини топиш жамият тараққиётининг моҳиятини тушуниш ва идрок этиш, йўналишларини аниқлаш учун катта аҳамиятга эга бўлади. Қайси мулк шаклига асосланган ҳолда хўжалик фаолиятларини олиб боришдан қатъий субъектлар маълум даражада иқтисодий манфаатдорликка интиладилар. Иқтисодий манфаатдорлик ишлаб чиқариш субъектларини хўжалик фаолиятларини олиб боришга даъват этади. Унинг иқтисодий натижалари мулк шаклларига асосланган ҳолда иқтисодий манфаатдорликни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва фойдани тақсимотини таъминлайди.
Иқтисодиётнинг турли соҳалари ва тармоқларида ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқаришнинг умумлашув даражаси турлича бўлади. Меҳнат унумдорлиги, техникавий жиҳозланганлик, ишлаб чиқариш кучларининг малака даражасидаги фарқлар, турли хўжалик юритувчи субъектлар орасида, бутун жамиятдаги мулкчилик муносабатларини муқобиллаштиришни зарурлигини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |