Давлатнинг нарх сиёсати – бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида нархларни эркинлаштириш ва миллий бозор нархларини жаҳон бозори нархларига яқинлаштиришга қаратилади.
Нархларни эркинлаштиришдан қуйдаги мақсадлар кўзланади:
хом ашё билан маҳсулот айрим турлари нархлари ўртасидаги номутаносибликни юмшатиш;
нарх билан аҳоли даромадлари ва корхоналар фойдаси ўртасидаги мутаносибликка эришиш;
инвестицион товарлар, истеъмол товарлари ва хизматлар нархларининг оқилона нисбатини таъминлаш;
ишлаб чиқариш воситалари, халқ истеъмол товарлари, бажарилган ишлар ва хизматларнинг эркин нархлари ҳамда тарифларига ўтиш;
миллий бозор нархларини жаҳон бозори нархларига яқинлаштириш.
Нархларни эркинлаштириш-иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиш-ларидан бири бўлиб, ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари кўп жиҳатдан шу муаммонинг ҳал этилишига боғлиқ бўлади. Нархларни эркинлаштириш хом ашё билан маҳсулот айрим турларининг нархлари, нарх билан аҳоли ва корхоналар даромадлари ўртасида мутаносибликка эришишга қандай ёндашилиши билан фарқланади. Шу ёндашувларга асосланиб, нархлар қуйидаги йўллар билан эркинлаштирилади:
а) нархларни бирданига ёки «эсанкиратадиган» тарзда қўйиб юбориш; б) нархлар ўсишини сунъий равишда тўхтатиб қўйиш; в) нархни давлат томонидан бошқариш ва назорат қилишни маълум даражада сақлаб қолиш.
6-мавзу. Тадбиркорлик фаолияти ва шакллари. Тадбиркорлик капитали ва унинг айланиши. Корхона сарф-харажатлари ва фойда.
Режа
1. Тадбиркорлик фаолиятининг шакллари
2. Капитал ишлаб чиқариш омили сифатида. Корхона ишлаб чиқариш фондларининг таркиби ва доиравий айланиши
3. Ишлаб чиқариш харажатлари,уларнинг моҳияти ва туркумланиши.
4. Фойда, унинг таркиби, шакллари ва унинг тақсимланиши.
1. Тадбиркорлик фаолиятининг шакллари
Республикамизда мустақилликнинг меваларидан бири – бу иқтисодиётда бозор тизимини жорий қилиниши ва хўжалик юритишнинг турли шаклларида олиб боришга имкон яратилишидир. Булар жумласига: тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитни яратиб бериш ҳам киради.
Тадбиркорлик фаолияти иқтисодий фаолиятнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Тадбиркорликнинг тарихи жуда узоқ ўтмишга бориб тақалса-да, унинг ҳозирги замон тушунчаси XVIII асрда пайдо бўлган ва кўпинча «Мулкдор» ибораси билан бир хил тушунилган.
Кейинчалик реал хўжалик ҳаётида иштироқ этувчи капиталнинг мулкдор капиталдан ажралиб чиқиши натижасида «тадбиркорлик» тушунчаси «мулкдор» тушунчасига тўғри келмай қолади.
Тадбиркорлик умуман пул топиш эмас. Пул топишни бир неча йўли бор, яъни ёлланиб ишлаш ёки иш юритмай капитал ҳисобидан даромад топиб, ўзлаштириш, қонунга хилоф ҳолда даромад топиб ўзлаштириш кабилар. Булар тадбиркорлик соҳасига кирмайди.
Тадбиркорлик фаолиятининг моҳияти тўғрисидай бир қатор назарий қарашлар мавжуд. Уларнинг асосийлари қуйдагилар:
Тадбиркор, бу ноаниқ даромадга эга кишилар. Таваккалчилик хатари унинг бош хусусиятидир (Р.Контильон. У бу атамани иқтисодий фанга ҳам олиб кирган);
Тадбиркор, тижорат билан шуғулланиб, фойда олиш мақсадида таваккалчилик қилувчи муок эгаси (А.Смит);
Тадбиркор, иқтисодий агент сифатида фойда олиш учун ўз тажрибаси ва билимини тиваккалчилик хатаридан кўркмай ишга солувчи шахс.(Ж.Б.Сей);
Тадбиркор, фойданинг ўсишини мақсад қилиб қўядиган, хатарга тайёр турадиган ва кишиларни бирлаштира оладиган ташаббускор шахс.(В.Замберг);
Тадбиркор, ишлаб чиқариш омилларни уйғунлашувининг янги нисбатини изловчи, иқтисодий ўсиши таъминловчи ва новаторлик хусусиятлари юқори даражада ривожланган киши. (И.Шумпетер).
Ҳозирги замон ғарб адабиётида ҳам тадбиркорликка фойда олиш мақсадини кўзлаб хўжалик юритиш санъати, иқтисодий ва ташкилий ижодкорлик, ташаббуснинг эркин намоён бўлиши, новаторлик, хавф-хатарга нисбатан тайёр бўлиш ва шу каби кўп қиррали томонлари билан қаралади.
Ҳозирги кунда бизнинг иқтисодий тафаккуримиз, аниқроғи бошқариш назарияси хам тадбиркорлик фаолиятини шундай тушуниш томон бормоқда.
Жумладан, «Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида таърифланишича тадбир-корлик (тадбиркорлик фаолияти) – юридик ва жисмоний шахслар томонидан мулкий маъсулият остида, мавжуд қонунлар доирасида, даромад (фойда) олиш мақсадида, таҳлика билан амалга ошириладиган иқтисодий фаолиятдир.
Қисқа қилиб айтганда, тадбиркорлик фаолияти фойда олишга қаратилган иқтисодий фаолиятдир.
Тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун албатта мулк эгаси бўлиш шарт эмас, у зарур воситаларни ижарага олиши, ссуда олиши ва ишни юритиши мумкин.
Тадбиркор бозордаги талабни қондириш имкониятларини олдиндан кўра олади ва уларни қондириш ниятида зарур бўлган сармояларни жалб қилади, ишчи кучи ва ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқариш жараёнида бирлаштиради.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган мулк ва бошқа бойликлар тадбиркорлик фаолиятисиз ўзини иқтисодий жиҳатдан тўла намоён қила олмайди ва, шубҳасиз, товар ишлаб чиқарувчиларга етарлича даромад келтирмайди.
Ҳозирги замон тадбиркори бозорни талабгир товарга тўйдира оладиган товар ишлаб чиқарувчидир. У янгиликни жорий эта оладиган, ишлаб чиқариш омилларидан оқилона фойдаланиб иқтисодий ўсишни таъминлайдиган, ўзи ва ўз жамияти бойлигини ошира оладиган бўлиши зарур.
Тадбиркорликнинг ривожланиши, ўз навбатида, бир қатор шароитларнинг мавжуд бўлишини тақозо этади, улар асосида умуман товар ишлаб чиқариш-нинг умумий ижтимоий – иқтисодий шарт-шароитлари ётади.
Биринчидан, тадбиркор хўжалик юритишда унинг бирон турини танлаш, ишлаб чиқариш жараёнини амалга ошириш, уни ўзгаришларга мослаштириш, манбаларни танлаш, ресурс топиш, маҳсулот сотиш, уларга баҳо белгилаш, фойдани тасарруф қилиш ва шу кабилар бўйича маълум хуқуқ ва эркинликлар мавжуд бўлишини тақозо этади.
Иккинчидан, тадбиркор ишлаб чиқариш воситаларига, ишлаб чиқарилган маҳсулот ва олинган даромадга мулкчилик хуқуқига эга бўлиши керак. Тадбиркорлик фаолияти мулкдорнинг ўзи томонидан ҳам, унинг мол-мулки асосида иш юритувчи субъект томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Хўжалик юритиш хуқуқи, яъни мол-мулкидан фойдаланиш ва даромадни тасарруф қилиш тадбиркор томонидан такрор ишлаб чиқариш жараёнини бошқаришининг муҳим шарт-шароитини ташкил қилади.
Маълумки, тадбиркорлик фаолиятининг вазифаси нафақат фойда олишга, балки уни қайси мақсадларда ишлатиш ва самарали сарфлаш йўлларини топишга қаратилади, яъни у истеъмол-тақсимотчи нуқтаи назаридан эмас, балки юқори рақобатбардошлиликни сақлаб туриш, хўжаликни такомиллаштириш, кенгайтириш ва шу кабиларни амалга оширишга асосланади.
Учинчидан, хўжалик юритиш йўлини эркин танлаш, даромадни инвестициялаш имконияти ва шу кабиларни реал таъминлайдиган маълум иқтисодий муҳит ва ижтимоий сиёсий шароит яратиши зарур.
Тўртинчидан, эркин тадбиркорлик, мулкчилик ва ўзлаштиришнинг турли-туман шакллари ва турларини тақозо қилади. Ўз навбатида турли-туман-лиликнинг ўзи объектив ҳодиса бўлиб, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши оқибати сифатида майдонга чиқади.
Етарли молиявий манбаларга, яхши маълумот ва малакали тайёргарликка эга бўлиш, умумий тижорат қонунчилиги, солиқ бўйича имтиёзлар, тадбир-корлик муҳити ва уни ривожлантиришда жамият манфаатдорлигининг мавжуд бўлиши тадбиркорликни ривожлантиришнинг навбатдаги шарт-шароитлари ҳисобланади.
Юқорида кўриб чиқилган барча шарт-шароитлар мавжуд бўлган давлатларда тадбиркорлик яхши ривожланади, акс ҳолда фаолиятнинг бу тури хуфёна иқтисодиёт соҳасига ўтиб кетади.
Тадбиркорлик деганда уни ўтмишдаги қўпол ёввойи шакллари эмас, балки унинг замонавий турлари, яъни маданийлашган шакллари ҳақида гап кетади.
Давлат корхоналарини учта гуруҳга бўлиш мумкин:
– бюджет корхоналари;
– давлат ишлаб чиқариш корхоналари;
– аралаш компаниялар;
Ҳуқуқий ва хўжалик мустақиллигига эга бўлмаган корхоналар бюджет корхоналарига киради. Ўзларининг ҳолати бўйича улар давлатнинг маъмурий – бошқариш тизимига киради ва бирон-бир вазирлик, маҳкама ёки маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига бевосита бўйсунади ёки уларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Улар олган фойдадан солиқ тўламайди. Барча даромад ва харажатлар давлат бюджети орқали ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |