Ресурсларнинг нисбий тақчиллиги. Барча иқтисодий ресурслар ёки ишлаб чиқариш омиллари бир умумий туб хусусиятга эга: улар тақчил ёки чекланган миқдорда мавжуддир. Бизнинг «Ер космик (фазовий) кемамиз» товар ва хизматларни ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлган ресурсларнинг чекланган миқдорига эга. Ҳайдаладиган ерлар, фойдали қазилмалар, капитал ускуналар ва иш кучи (иш вақти) – уларнинг миқдори муайян чегара билан чекланган. Ишлаб чиқариш ресурсларининг тақчиллиги ва ишлаб чиқариш фаолияти олдига тақчиллиқ қўйган чегара оқибатида ишлаб чиқариш хажми ҳам зарурат туфайли чеклангандир. Жамият ўз ҳоҳишидаги товар ва хизматлар ҳажмини тўлиғича ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш имкониятига эга эмас.
4.3. Иқтисодиёт ва самарадорлик
Иқтисодиёт – бу жамиятни чексиз эҳтиёжларини (ишлаб чиқариш мақсади) энг юқори ёки максимал даражада қондиришга эришиш имконини берувчи тақчил ресурсларни (ишлаб чиқариш воситаларини) қўллаш ёки фойдаланиш муаммосини тадқиқ этувчи ижтимоий фандир. Иқтисодиёт мавжуд омиллардан фойдаланишнинг энг яхши йўлини ўрганади. Бизнинг эҳтиёжларимиз деярли чексиз, ресурслар эса тақчил бўлганлиги боис жамиятнинг барча моддий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун ушбу эҳтиёжларни энг юқори даражада қондиришга эришиш лозим. Иқтисодиёт – бу самарадорлик, тақчил ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги фандир.
Шунинг учун иқтисодий самарадорлик «ҳаражатлар-ишлаб чиқариш» муаммосини қамраб олади. Аниқроқ қилиб айтганда, у ишлаб чиқариш жараёнида қўлланувчи тақчил ресурслар бирлиги ва пировардида ишлаб чиқарилаётган у ёки бу турдаги эҳтиёждаги маҳсулот миқдори ўртасидаги алоқадорликни тавсифлайди. Белгиланган харажатлар ҳажми ҳисобига олинаётган кўпроқ миқдордаги маҳсулот самарадорликни ошганлигини билдиради. Харажатларнинг белгиланган миқдори ҳисобига камроқ маҳсулот ишлаб чиқарилиши самарадорликни пасайганлигини билдиради.
Тўлиқ бандлик ва тўлиқ ишлаб чиқариш хажми
Жамият тақчил ресурсларидан самарали фойдаланишга интилади, яъни у чекланган ресурслар ҳисобига максимал миқдордаги товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ҳохлайди. Бунга эришиш учун, у тўлиқ бандликни ҳам, тўлиқ ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам таъмин этиши лозим.
Тўлиқ бандлик деганда бунинг учун яроқли барча ресурслардан фойдаланиш тушунилади. Ишчилар мажбурий тартибда ишсиз қолмаслиги керак; иқтисодиёт меҳнат қилиш истаги ва қобилиятли бўлган барчанинг бандлигини таъминлаши лозим. Шунингдек, ҳайдаладиган ерлар ва капитал ускуналар туриб қолмаслиги керак. Таъкидлаймиз, бунинг учун фақатгина яроқли ресурслар фойдаланилиши лозим. қўллаш учун айнан қайси турдаги ресурслар яроқли эканини белгилаб берувчи маълум кўникмалар ва тўпланган тажриба ҳар бир жамият учун хосдир. Масалан, болалар ва қариялар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмаслиги одатлар ва қонунчиликда кўзда тутилган. Худди шу каби ҳайдаладиган ерлар унумдорлигини таъминлаш мақсадларида улар даврий равишда экилмасдан қолдирилиши зарур.
Бу ерда тўлиқ ишлаб чиқариш ҳажми ресурсларни самарали тақсимлаш зарурати, яъни қўлланилаётган ресурслардан умумий ишлаб чиқариш ҳажмига энг қимматли улуш қўшиш имконини берувчи даражада фойдаланиш лозимлигини билдиради.
Астрофизикларни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига, тажрибали фермерларни эса фазовий тадқиқотлар марказларига аралашишига йўл қўймаслик зарур. Биз, пахта ва буғдой етиштириш учун яроқли қишлоқ хўжалиги ерларига самарасиз экин турларини экилишини ҳам ҳоҳламаймиз. Тўлиқ ишлаб чиқариш ҳажми фермерни буғдой йиғиб олишда содда конвейер технологияси ёрдамида эмас, балки мавжуд технологиялардан энг яхшисини қўллашни кўзда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |