Буйрак коптокчалари касалликлари – гломерулопатиялар
Гломерулонефрит
Коптокча амилоидози
Идеопатик нефротик синдром ёки подоцит ҳужайралар кичик ўсимталари касаллиги ҳам дейилади.
Буйрак каналчалари касалликлари – тубулопатиялар
Эгри-бугри каналчалар эпителийси некрози ёки ўткир буйрак етишмаслиги (ОПН, шок буйраги)
“Подагра” буйраги касаллиги
“Миелома” буйраги касаллиги
Буйрак оралиқ тўқимаси ёки интерстиций касалликлари
Пиелонефрит ёки интерстициал йирингли нефрит
Нефросклероз – оралиқ тўқиманинг чандиқланиши
Буйрак тош касаллиги
1. Гломерулонефрит – бу буйрак коптокчаларининг диффуз ҳолда йирингсиз яллиғланишли, инфекцион аллергик табиатли, аутоиммун яллиғланиш билан давом этадиган ўткир, ўткир олди ҳамда сурункали кечадиган касаллик ҳисобланади. Гломерулонефрит касаллиги иккиламчи аутоиммун касаллик бўлиб, у кўпинча стрептококкли инфекциялардан кейин ривожланади, яъни буйрак коптокчаларида системали аутоиммун жараён ривожланади. (иммунопатологик жараён, ревматизм касаллигида).
Гломерулонефритнинг ривожланиш механизми – қонда антиген антитело иммун бирикмаси пайдо бўлса коптокчалар, капилярлар базал мембранасида тўпланиб мембранани шикастласа, мукоид бўкиш, фибриноид бўкиш, фибриноид некроз ривожланиб базал мембрана оқсилларидан аутоантиген пайдо бўлиб системали аутоиммун касалликка айланади. Гломерулонефрит касаллиги аутоиммун яллиғланишнинг жойланишига қараб:
Интракапиляр гломерулонефрит яъни яллиғланиш эндотелийни, базал мембранани ҳамда мезангиумни қамраб олади ва бу яллиғланишнинг турига қараб бир неча кўринишда учрайди. 1) Интракапиляр экссудатив гломерулонефрит – бунда серозли экссудат базал мембрана атрофида кам миқдорда тўпланади ва қисқа вақт ичида подоцит ҳужайраларнинг ёрилишидан экстакапиляр экссудатив гломерулонефритга айланади. 2) Интракапиляр эндотелий ҳужайрали пролифератив гломерулонефрит. 3) Интракапиляр мезангиал ҳужайрали пролифератив гломерулонефрит. 4) Интракапиляр мембраноз пролифератив гломерулонефрит. 5) Интракапиляр аралаш ҳужайрали пролифератив гломерулонефрит.
Экстракапиляр гломерулонефрит – бунда яллиғланиш коптокчалар бўшлиғида ҳамда ички ва ташқи пардалар ҳужайраларини қамраб олади (подоцит ҳамда нефротелийларни). 1) Экстракапиляр серозли экссудатив гломерулонефрит. 2) Экстракапиляр фибринозли экссудатив гломерулонефрит. 3) Экстракапиляр геморрагик экссудатив гломерулонефрит. 4) Экстракапиляр нефротелий, подоцит ҳужайрали пролифератив гломерулонефрит.
Ўткир гломерулонефрит – морфологик жиҳатдан интракапиляр экссудатив гломерулонефрит кўринишида бошланиб қисқа вақт ичида интракапиляр пролифератив гломерулонефрит кўринишида давом этади. Макроскопик жиҳатдан буйрак катталашмайди, ташқи юзаси, кесиб кўрилганда тўқимаси ҳам геморрагик экссудат ҳамда қон қуйилишлар ҳисобига ола-була рангга киради ва бундай буйракни “катталашмаган ола-була буйрак” дейилади.
Ўткир олди гломерулонефрит – морфологик жиҳатдан экстракапиляр экссудатив гломерулонефрит билан бошланиб экстракапиляр пролифератив гломерулонефрит кўринишида давом этади ва бунда коптокчаларнинг яллиғланиши билан бир қаторда эгри-бугри каналчалар эпителийси ҳам шишиб, бўкиб, дистрофияланиб катталашади. Натижада макроскопик жиҳатдан буйраклар кескин катталашган, ташқи юзаси геморрагик экссудат ҳисобига ола-була рангга кирган. Бундай буйракни “катталашган ола-була буйрак” дейилади.
Сурункали гломерулонефрит – морфологик жиҳатдан интракапиляр мембраноз пролифератив гломерулонефрит билан бошланиб секин асталик билан давом этиб интракапиляр аралаш ҳужайрали пролифератив гломерулонефрит билан давом этади. Макроскопик жиҳатдан буйрак катталашади, пролифератив жараён ҳисобига қон томирлари торайиб тўқимаси қонсизланиб оқариб қаттиқлашади, бундай буйракни “катталашган оқ буйрак” дейилади.
Гломерулонефритнинг терминал даврида – иккала буйрак ҳам атрофияланиб, кичиклашиб бужмаяди, барча коптокчалари склерозланиб битиб кетади. Макроскопик жиҳатдан буйраклар кескин кичиклашган, бужмайган, ташқи юзаси ғадир-будир, кесиб кўрилганда қатламлари, асосан пўстлоқ қавати юпқалашган, чандиқланиб кўп сонли ретинцион кисталар пайдо бўлган, бундай буйракни “буйракнинг иккиламчи бужмайиши” ёки иккиламчи нефроцирроз дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |