10.2. Болалар миллий ўйинларининг ривожлантирувчи вазифаларини таҳлилий ўрганиш
«Боланинг ўйини-ҳаётий лабораториядир”-деб ёзган эди С.Т.Шацкий. Таълим бериш асосан онгни шакллантиришга қаратилган бўлса, тақлидий хулқ-атвор ҳиссиёт билан боғлиқ бўлса, унда «юксак онг» ўйин туфайли машқ қилинади ва шаклланади.
Назарий адабиётларда ўйин:
1)шахснинг атрофдаги дунёга алоҳида муносабати;
2) боланинг субъектив фаолияти сифатида ўзгарадиган ва авж оладиган унинг алоҳида фаолияти;
3) болага ижтимоий берилган, тақдим этилаётган ва у томонидан ўзлаштирилган фаолият тури (ёки дунёга муносабати);
4) ўзлаштиришнинг алоҳида мазмуни;
5) бола руҳиятининг ривожланиши рўй берадиган фаолият;
6) бутун болалар ҳаёти «болалар жамиятини ташкил этишнинг ижтимоий-педагогик шакли” сифатида талқин этилган. Болалар ўйинининг барча вазифалари олимлар(Л.С.Виготский, С.Л.Рубинштейн, Д.Б.Эльконин ва бошқа олимлар)тадқиқотларида очиб берилганидек руҳий хусусиятларни ривожлантиришни амалга оширади.
Миллий ўйинларнинг афзалликлари шундаки, бу ўйинлар жой ёки анжомлар талаб этмайди. Кўпгина ўйинларни турли ёшдаги болалар биргаликда ўйнашлари мумкин. Шу сабабли, болалар учун бундай ўйинлар севимли саналади. Демак, мактабгача таълим муассасаларида дастурга киритилган ва киритилмаган халқ ўйинларидан кенг фойдаланиб, болаларнинг психик тараққиётига катта таъсир кўрсатадиган омил сифатида қўллаш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун педагоглар аввало ҳар бир ўйиннинг психологик таҳлилини яъни, ўйинда боланинг билиш жараёнлари, ҳиссий иродавий сифатлари ва индивидуал хусусиятлари ривожига қай даражада таъсир этишини таҳлил этишлари керак бЎлади. Шу мақсадда ўйинларнинг психологик харитасини тайёрлаш ва кун давомида болалар билан шуғулланишни режалаштирмоқ зарур.
Ўйиннинг психологик таҳлили қуйидагича амалга оширилади: масалан, «бештош» ўйини:
Ўйин жараёнида тошлар билан бўладиган манипульяция ҳаракатлари яъни, бармоқлар билан тошларни пайпаслаш, ҳис этиш, ҳавога отиш вақтидаги ориентировка ҳаракатлари боланинг сенсомотор координациясини ривожлантиришга хизмат қилади. Боланинг ўйин вақтидаги ўтириш ҳолати гавдасини олдинга, орқага, чапга ва ўнгга эгиши эса қон айланиш тизими фаолиятини жадаллаштиради, бу эса болани умумий ҳолатини тетиклаштиради.
Ўйиндаги машқларнинг номланиши ва уни эсда сақлаб қолиш топшириқларнинг кетма-кетлигини эсга тушириш боланинг хотирасини чархласа, ҳар бир топшириқни ўзи ва шериги бажараётган вақтдаги кузатувчанлик диққатни барқарорлаштиради, машқларнинг «от», «қайчи», «келин», «капа», «қудуқ» каби номланиши ва уларнинг ўзига хос тимсолий маъноси ижтимоий муҳитдаги тафаккур тарзи ҳақида билим беради. Шунингдек, ўйин жараёни боланинг умумий психик тараққиёти учун аҳамиятлилиги шундаки, ўйинни дастлабки ўзлаштириш жараёни болага жуда катта психофизиологик ривожлантирувчи таъсир кўрсатади. Чунки, тош майда предмет сифатида боланинг сенсор тараққиётига катта таъсир кўрсатса, ўйин жараёнидаги боланинг тана ва гавда ҳаракатлари мувозанат сақлаш ва ўзига қулай бўлган ҳолатларни танлай олиш малакасини шакллантиради. Шунингдек, ҳар бир машқда номларни тўғри талаффуз этиш, ўйин қоидасини иштирокчиларга тушунтириб бериш бола нутқини ривожлантиради. Бундан ташқари ўйинни 2-4 киши бўлиб ўйнаш болаларда ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қўйишга хизмат қилади.
Бу ўйинни 4 ёшдан бошлаб элементар вариантларини ўргатиш тавсия этилади. 6-7 ёшлиларда эса, 8-12 тагача машқларни тўлиқ бажартириш мумкин.
Педагоглар ўйин жараёнини кузатиб болалар эгаллаётган малакаларни сифатига эътибор қаратиб, баъзи машқларни ўзлаштиришда қийналаётган болаларга индивидуал тарзда осон йўлларини кўрсатиб бериш тавсия этилади.
Хуллас, миллий ўйинларнинг ҳар бирини худди шу тартибда психологик таҳлилини амалга ошириб, педагог болаларнинг умуметуклик даражасидан келиб чиқиб ўз гуруҳи учун ўйинларни танлайди ва ташкил этади. Бу эса болаларнинг психик тараққиёти учун энг зарур восита ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |