7–МАВЗУ: ЎЙИН МОҲИЯТИ ВА ПСИХОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
РЕЖА:
7.1.Ўйин турлари классификациялари: Д.Эльконин, А.Леонтьев, Л.Виготский, Ж.Пиаже.
7.2.Ўйин турлари ва уларнинг психологик хусусиятлари. Ўйин ва билиш жараёнларининг ривожланиши.
7.3. Ижодий ўйинлар ва унинг аҳамияти. Ролли ва сюжетли ўйинлар.
7.4.Жамоавий ўйинлар табиати ва ижтимоий тажрибаларни ўзлаштириш
7.1. Ўйин турлари классификациялари:Д.Эльконин, А.Леонтьев, Л.Виготский, Ж.Пиаже.
Катталар ва тенгдошлари билан бўлган муносабат орқали бола ахлоқ меъёрлари, кишиларни англаши, шунингдек, ижобий ва салбий муносабатлар билан таниша бошлайди. Боғча ёшидаги бола энди ўз гавдасини яхши бошқара олади. Унинг ҳаракати мувофиқлаштирилган ҳолда бўлади. Бу даврда боланинг нутқи жадал ривожлана бошлайди, у янгиликларни эгаллашга нисбатан ўз билганларини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезади, ўзи билган эртагини қайта-қайта эшитиш ва бундан зерикмаслик, шу даврдаги болаларга хос хусусиятдир.
Боғча ёшидаги болаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишлари жадал равишда ортиб боради. 3-7 ёшли даврида болаларнинг асосий фаолияти қуйидаги кетма-кетликда кечади:
-предметларни ўрганиши;
-индивидуал предметли ўйинлар, жамоа сюжетли-ролли ўйинлар;
-индивидуал ва гуруҳий ижод;
-мусобақа ўйинлари;
-мулоқот ўйинлари;
-уй меҳнати.
Боғча ёшидаги болалар нутқни бир мунча тўла ўзлаштирганлари ва ҳаддан ташқари ҳаракатчанликлари туфайли уларда ўзларига яқин бўлган катта одамлар ва тенгдошлари билан муносабатда бўлиш эҳтиёжи туғилади. Улар тор доирадан кенгроқ доирадаги муносабатларга интила бошлайдилар. Улар энди боғчадаги ўртоқлари ва қўни-қўшниларнинг болалари билан ҳам жамоа бўлиб ўйнашга ҳаракат қиладилар.
Ҳамма нарсани билиб олишга бўлган эҳтиёж кучаяди. Боғча ёшидаги бола табиатига хос бўлган кучли эҳтиёжлардан яна бири, унинг ҳар нарсани янгилик сифатида кўриб, уни ҳар томонлама билиб олишга интилишидир.
Боғча ёшидаги болалар ҳаётида ва уларнинг психик жиҳатидан ўсишида қизиқишнинг роли каттадир, қизиқиш худди эҳтиёж каби, боланинг бирор фаолиятга ундовчи омиллардан биридир. Шунинг учун ҳам қизиқишни билиш жараёни билан боғлиқ бўлган мураккаб психик ҳодиса деса бўлади.
Боланинг камол топишида қизиқишнинг аҳамияти шундаки, бола қизиққан нарсасини мумкин қадар чуқурроқ билишга интилади ва узоқ вақт давомида қизиққан нарсаси билан шуғулланишдан зерикмайди. Бу эса ўз навбатида боланинг диққати ҳамда иродаси каби муҳим хислатларни ўстиришга ва мустаҳкамлашига ёрдам беради. 3-7 ёшли болаларнинг психик ривожланишида бадиий-ижодий фаолият тури бўлган мусиқанинг аҳамияти ҳам жуда каттадир. Мусиқа орқали болалар ашула айтишга, мусиқа оҳангига мос ритмик ҳаракатлар қилишга ўрганадилар
Do'stlaringiz bilan baham: |