3.2. Д.Элькониннинг “Ўйин психологияси” асари ҳақида.
Болалар ўйинларини тадқиқ этиш назарияси ва муаммолари.
Д.Эльконин “Ўйин психологияси” асарининг дунё келиши ҳақида мазкур монографиянинг кириш қисмида “тадқиқот биографияси” номли сўзбошисида атрофлича тушунтириш беради. Д.Б.Элькониннинг ўйин психологиясига қизиқиши 1932 йилдан ўз қизчалари ўйинларини кузатиш ва болалар психологиясидан маърузаларга ўқиш жараёнида пайдо бўлади. Узоқ йиллик кузатувлари, Л.Виготский билан ўйин ва унинг бола психик тараққиётидаги роли ҳақида суҳбатлари натижасида, кейинчалик 1936 йилда А.Н.Леонтьевнинг унга йўллаган хати орқали берилган саволлар, мулоҳазалари уни яна бу муаммо устида ишлашга туртки бўлди. 1936 йилдан бошлаб Д.Элькониннинг илмий ишлари А.Н.Леонтьевнинг илмий ғояларига боғлиқ эканлигини тушунади. Мазкур монография илк бор 1966 йилда эълон қилинади. Асар сўзбоши ўрнида тадқиқотнинг биографияси тўлиқ келтирилганлиги ва сўнггида унинг устози ҳисобланган Л.С.Виготскийнинг мактабгача ёшдаги болалар психологияси бўйича Ленинград(Санкт-Питербург) педагогика институтида ўқиган маърузалари конспект ёзувларининг келтирилганлиги билан қимматли ҳисобланади.
Бу асар VI бобдан иборат бўлиб асарда ўйин ва санъатнинг илк кўриниши, ролли ўйинларнинг ижтимоий табиати, ўйинчоқлар тарихи, ўйин фаолияти шаклларининг тарихий келиб чиқиши, ўйин назариялари, онтогенезда ўйиннинг пайдо бўлиши, мактабгача ёшда ўйининг ривожланиши, ўйин ва психик тараққиёт масалалари кенг ёритилган мумтоз асардир. Бугун психологияда бу асарнинг ўрни ва қиммати ҳақида кўплаб тадқиқотчилар ижобий фикрларни билдиришмоқда.
Д.Б.Эльконин ўз тадқиқотида ролли ўйиннинг сюжети билан бир қаторда, унинг мазмуни ҳам мавжуд эканини ёзади, Унинг фикрича, ўйинда бола катталар фаолиятининг асосий жихатини аниқроқ акс эттириши ўйиннинг мазмунини ташкил қилади.
Энг содда психик жараёндан энг мураккаб психик жараёнгача ҳаммасининг энг муҳим жиҳатларини шакллантиришда ўйинлар катга роль ўйнайди. Богча ёш даврида ҳаракатнинг усишида ўйиннинг таъсири ҳақида гап борганда аввало шуни айтиш керакки, биринчидан, ўйинни ташкил қилишнинг ўзидаёқ мазкур ёшдаги боланинг ҳаракатини устириш ва такомиллаштириш учун энг қулай шарт-шароит яратади. Иккинчидан, ўйиннинг бола ҳаракатига таъсир этишини сабаби ва хусусияти шуки, ҳаракатнинг мураккаб куникмаларини субъект айнан ўйин пайтида эмас, балки бевосита машғулот орқали ўзлаштиради. Учинчидан, ўйиннинг кейинчалик такомиллашуви барча жараёнлар учун энг қулай шарт-шароитларни вужудга келтиради. Шу боисдан ўйин фаолияти хатти-ҳаракатни амалга ошириш воситасидан боланинг фаоллигани таъминловчи мустақил мақсадга айланади.
Болалар лаборатория шароитига нисбатан ўйинларда кўпроқ сўзларни эслаб қолиш ва эсга тушириш имкониятига эга бўладилар, бу эса ихтиёрий хотира хусусиятини чуқурроқ, очишга ёрдам беради, Тажрибада йигилган маълумотларни тахлил қилиш қуйидагича хулоса чиқариш имконини беради
а) ўйинда бола томонидан маълум рол танлаш ва уни ижро этиш жараёни бир талай ахборотларни эслаб қолишни талаб қилади;
б) шу боисдан персонажнинг нутқ бойлигини эгаллаш, хатти-ҳаракатини такрорлашдан иборат онгли мақсад болада олдинроқ пайдо бўлади ва осон амалга ошади.
Д.Б.Элькониннинг шахс шаклланиши классификацияси етакчи фаолият назариясига (А.Н.Леонтьев таълимотига) асосланиб, ҳар бир тараққиёт палласида у ёки бу кўринишдаги фаолият устунлик қилиш эҳтимолига суянади. Инсоннинг шахс сифатида камол топиши жараёнидаги етакчи фаолият роли ушбу назариянинг асосини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |