ОЧКО УЧУН ЎЙИН БОШЛАШ
Очко учун ўйин бошлаш деб рақибни хато қилишга мажбур этиш мақсадидаги навбат билан зарб уришга айтилади. Очко учун ўйин бошлаш узатиш вақтидан бошланади. Узатувчи ҳар икки оёғи билан югуриш сатҳидаги узатиш жойида, майдоннинг орқа чизиғида туради (19-расм). Тўпни ўйинга киритиш учун узатувчи икки уринишдан, яъни биринчи ва иккинчи уринишдан фойдаланиши мумкин. Агар биринчи узатиш хатога йўл қўйилса, шу заҳоти иккинчиси амалга оширилади. Коптокни қайси томонга ташлашдан қатъи назар узатувчи уни майдонга тушишидан олдин уриши керак. Бир қўлга эга бўлган ўйинчи тўпни ракетка билан ташлаб бериши мумкин. Узатишни бажариш вақтида узатувчи узатиш йўналишида таянч оёғи билан қадам ташлашга ва орқа чизиқни босишга ҳақли эмас (“орқага қадам”).
УЗАТИШ НОТЎҒРИ ҲИСОБЛАНАДИ
Агар: а) узатувчи узатиш вақтида орқа чизиққа қадам босса (“орқага қадам”); б) тўпни ура олмаса; в) копток узатишдан кейин тиргак ва устун орасидаги тўрга тегса; г) тиргакка тегса (якка ўйинда) ёки жуфт ўйинда тўсинга тегса; д) шерикка (жуфт ўйинда), кийимга ёки ракеткага тегиб кетса; е) ҳар қандай шахсга тегса (якка ўйиндаги қабул қилувчидан ташқари), шунингдек, жуфт ўйинда қабул қилувчига ёки унинг шеригига тегса, ёки ўйин майдони ташқарисидаги буюмларга тегса.
УЗАТИШ ҚАЙТА ЎЙНАЛАДИ
Агар: а) узатувчи тўпни ташлайди, лекин зарб урмайди, тўпнинг майдонга тушишига йўл қўяди ёки уни ушлаб олади;
б) узатувчи беихтиёр бир мартадан ортиқ ташлайди;
в) узатилган тўп ҳар қандай жойда – якка ўйинда тиргаклар орасида ёки жуфт ўйинда тўсинлар орасида тўрнинг юқори четига тегиб, рақиб томонга учиб ўтади ва узатиш майдончасига тушади;
г) қабул қилувчи тўпни қабул қилишга тайёр бўлмаса ёки узатилган тўпни қабул қилишга нимадир ҳалақит берса.
ҲИСОБ
Агар ўйинчи ўзининг биринчи очкосини ютса, унинг фойдасига 15 ҳисобланади, агар иккинчиси ҳам ютса, яна 15 ҳисобланади ва ҳисоб унинг фойдасига – 30 – 0 бўлади, агар учинчи очкони ҳам ютса яна 10 ҳисобланади ва ҳисоб 40 – 0 бўлади. Агар у тўртинчи очкони ҳам ютса, у геймни ютган ҳисобланади. Агар ҳар икки томон ҳам уч очкодан ютса, ҳисоб “тенг” бўлади. Агар ўйинчи “тенг”дан кейинги очкони ютса, унда “кўп” бўлади. Агар “кўп” ҳисобидан кейин ўйинчи кейинги очкони ҳам ютса, у геймни ютган ҳисобланади. Геймни ютиш учун ўйинчи “тенг” ҳисобидан кейин яна икки очкони ютиш керак. Олти геймда ғолиб чиққан ўйинчи “сет”ни ютган ҳисобланади, лекин шу шарт биланки, рақиб тўрт геймдан ортиқ ютмаган бўлиши керак, акс ҳолда рақиблардан бири токи икки гейм ортиқ ютмагунча ўйин давом этаверади, яъни ҳисоб: 6:0, 6:2, 6:3, 6:4 бўлиши мумкин. Агар ҳисоб 6:5 бўлса, токи ҳисоб 7:5 бўлмагунча ўйин давом этаверади. Яъни ютуқ икки геймга фарқ қилиши лозим. Мусобақалар тўғрисидаги қоидалар бўйича бир гейм ҳисоб билан ютуқ кўзда тутилиши мумкин – 7:6, бу ҳолда ҳисоб 6:6 бўлганида ҳал қилувчи ўн учинчи гейм – “Тай-брейк” ўйналади.
“ТАЙ-БРЕЙК” ТИЗИМИ БЎЙИЧА
ГЕЙМ ЎЙНАЛИШИ
Ҳар бир ютилган тўп бир очко ҳисобланади ва биринчи бўлиб етти очко йиғган ўйинчи гейм ва сетни ютади, лекин бунда рақиби бештадан ортиқ очкога эга бўлмаслиги керак, яъни ғолиб икки ютуққа эга бўлиши керак. Узатиш навбати келган ўйинчи биринчи очко учун узатишда ўнг томондан узатади. Рақиби иккинчи ва учинчи очко учун чап томондан кетма-кет икки марта узатилади. Кейин биринчи узатувчи тўртинчи ва бешинчи очколар учун икки марта узатилади. Тоқ очколар ўйинда узатиш чап томондан амалга оширилади, жуфт очколар ўйинида эса тўп ўнг томондан ўйинга киритилади. Агар узатиш тегишли майдондан амалга оширилмагани аниқланса, барча ўйналган очколар ҳисобга олинади, узатишнинг зарурий тартиби эса дарҳол тикланади. Рақиблар ҳар бир ўйналган олти очкодан кейин ва гейм тугаганидан сўнг майдондаги ўринларини алмашадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |