5-§. Пахта чигитини намлаш
Марказий Осиё шароитида иссиқ ёз ойларида баъзан пахта чигитининг намлиги 5-7%гача пасаяди, ёмғирли, куз ва қиш ойларида эса пахта чигитининг намлиги 13%гача кўтарилиши мумкин. Бу ўзгариш айниқса чигитни бунтли майдонларда сақлашда билинади. Уруғлар намлигини камайиб кетиши чақиш-сепарациялаш бўлимидан чиқаётган шулханинг мойлилигини жуда тез ошиб кетишига олиб келади. Бу, паст намликда мағизнинг мўртлашишига ва чақишда мойли чанг ҳосил бўлиб, у шулхани тукли юзасига ўтириши билан тушунтирилади. Бундан ташқари, чақишда ҳосил бўлган мағизнинг майда заррачалари чақилмадан кейинги сепарациялашда қийин ажралади.
Пахта чигитини кондициялашда уларнинг намлигини 10-11%га етказиш нафақат чақиш-сепарациялаш бўлими ишини яхшилайди ва чиқаётган шулха мойлилигини камайтиради, балки қовуриш жараёнини ҳам яхшилайди. Маълумки, пахта чигити янчилмаси намлиги 1-навли уруғларни қайта ишлашда қовуриш бошланишида 12%гача етказилади. Қуруқ уруғларни қайта ишлашда қовуриш қозонига кираётган янчилма намлиги 6%ни ташкил этади, шунинг учун қовуриш бошланишида кўп миқдорда сув берилади ва уни бир текисда тақсимлаш қийин бўлади. Уруғларни намлашда ва уларни маълум вақт давомида ушлаб туришда намликни қайта тақсимланиши содир бўлади, бунда мағизнинг ва янчилманинг намлиги кўтарилади, шунинг учун намлик янчилма заррачаларига тенг тақсимланади.
Намланган уруғларни янчишда кам миқдорда оқшоқ ва чанг ҳосил бўлади, чунки намланган мағиз бир мунча эластик бўлади, шулхани мойланиши кам бўлади, чақилма эса мағиз ва шулхага яхши ва аниқ ажралади.
Юқори намликка эга бўлган пахта чигитини қайта ишлашда чақиш-ажратиш бўлимининг иши ёмонлашади, чигит, қобиғи эластик бўлганлиги сабабли қийин чақилади, янчиш сифати ёмонлашади ва ускуналар унумдорлиги камаяди.
Пахта чигитини қайта ишлашдан олдин қобиғини намлиги 11-12% ва мағзини намлиги 1-3 навлар учун 8,5-9,5%, 4 нав учун 9,5-10,5% бўлиши керак.
Пахта чигитини намлиги бўйича кондициялашда ВНИИЖ намлагичи (2.4-расм) ва намлагич камералардан фойдаланилади.
Чигитни ВНИИЖ намлагичида намлаш учун чигитга (13) намловчи шнекда (12) пуркагич ёрдамида сув пуркалади ва (2) таъминловчи бункерга келиб тушади. Бункерни пастки қисмида иккита (3) майда тишли валлар ва икки қатор ростловчи (4) тўсиқлар ўрнатилган. Таъминловчи валлар уруғни сув ва иссиқлик билан ишлов бериш учун (6) камерага бир меъёрда ўтишини таъминлайди. Кираётган уруғ миқдори тўсиқлар ва валлар ёрдамида тирқишлар катталигини ўзгартириш йўли билан ростланади.
Уруғга тушиб қолган қаттиқ аралашмалар тирқишлар орқали ўтади, натижада, тўсиқларни бироз четга чиқишига тўғри келади. (6) камеранинг юқори қисмида буғ учун (1) ва (5) труба ўтказгичлар жойлашган. Буғни ўтиши учун мўлжалланган патрубкалар (7) швеллерга пайвандланган.
Иссиқлик ва намлик билан ишлов берувчи (буғлаш) камерасида уруғ 70-800С ҳароратгача қиздирилади ва намланади. Ҳароратни ростлаш автоматик тарзда бажарилади. Юқоридан пастга қараб ҳаракатланаётган чигит (8) валлар орасидан, (9) ростловчи тирқишлар ва (10) эластик енг орқали ўтиб, тўртта амортизаторли таянчларга ўрнатилган (11) вибротарновга тушади. Тарнов ичида 100 қияликда горизонтал қилиб элакли рама жойлаштирилган. Тарновнинг ён деворига дебалансли вибратор маҳкамланган, у электродвигателга уланган. Виброэлакнинг тебраниш частотаси 33 Гц, амплитудаси эса 3 мм. Юзадаги намликни йўқотиш ва уруғларни совитиш мақсадида вентилятор ёрдамида ҳаво пуфланади.
Виброэлакдан кейин чигит кейинги ишлов учун юборилади.
Намлагичнинг иш унумдорлиги 350 т/кун га тенг.
Пахта чигитининг буғлаш камерасида бўлиш вақти 30 минут.
Лекин кўрсатилган вақт давомида чигитнинг умумий намлиги миқдор жиҳатидан технологик жараён талабаларига мос келсада, аслида сув мағизнинг ички қатламларига бир текисда етиб бораолмади. Шунинг учун намлагич кўп заводларда ишлатилмай қўйилди.
Намлагич камераларда пахта чигитини намлаш учун чигит одатдаги транспортёр шнекда Шуков форсункалари ёрдамида сув ва тўйинган буғ билан намланади. Бу қурилмада чигитга намлик берилган вақтда у яхши тарқалади ва намлашдан кейин 6-8 соат, баъзи ҳолларда 12-16 соат давомида, ҳар бир чигит ичига намлик тенг тақсимланиши учун тиндириб қўйилади. Бунинг учун ҳар бир чигит намловчи цехда камида учта намлагич камераси бўлиши керак. Бу ҳолда битта камерадан намланган чигит қайта ишлашга узатилаётган бўлса, иккинчи камерада юқорида кўрсатилган вақт ичида чигит ушлаб турилади. Учинчи камера эса маҳсулот билан тўлдиришда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |