ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС
ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ КИМЁ-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ
Й.Қ. ҚОДИРОВ, Д.А. РАВШАНОВ, А.РЎЗИБОЕВ
ЎСИМЛИК МОЙЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ
ТЕХНОЛОГИЯСИ
Тошкент-2014
Ўқув қўлланмада мойли хомашёларни сақлаш, тозалаш, намлиги бўйича кондициялаш, қайта ишлашга тайёрлаш, қовурма тайёрлаш ва пресслаб мой олиш, экстракциялаш усули билан мой ишлаб чиқариш, кунжара ва шротга ишлов бериш, эритувчини регенерация ва рекуперация қилиш ва мойларни бирламчи тозалаш технологиялари ёритилган. Янги технологиялар ҳақида маълумотлар берилган.
Ўқув қўлланма бакалавриатуранинг 5321000 – “Озиқ-овқат технологияси” (Ёғ-мой технологияси бўйича) таълим йўналиши талабалари учун мўлжалланган бўлиб, ундан, шунингдек магистратуранинг 5А321001 – “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологияси” мутахассислигида таҳсил олаётган талабалар ва ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият кўрсатаётган технологлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
Тақризчилар:
С.А. Абдурахимов – техника фанлари доктори, профессор.
Қ.О. Додаев – техника фанлари доктори, профессор.
Кириш
Ёғ-мой саноати республика озиқ-овқат саноатининг етакчи тармоқларидан бири. Ўзбекистонда қадимдан ўсимлик мойи кунжут, зиғир, рапс, махсар уруғи, пахта чигити, полиз экинлари уруғларидан жувозларда олинган. Ўзбекистонда пахта чигитидан мой олувчи дастлабки завод 1884 йили Қўқонда қурилган. Республикада саноатнинг бу тармоғида мойлар пахта, соя, рапс, мева данаклари ҳамда сабзавот уруғларидан олиниб, атир-упа, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати тармоқларида ишлатилади Ёғлардан, маргарин маҳсулотлари, майонез, хўжалик совуни, атир совун, техника мақсадлари учун бошқа турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ўсимлик мойи ишлаб чиқаришда йилига ўртача 2,1 млн. т дан кўпроқ пахта чигити ва рапс, зиғир, махсар уруғи, шунингдек импорт бўйича олинадиган соя дуккаги қайта ишланади. Республика ёғ-мой саноати озиқ-овқат саноати умумий маҳсулоти ҳажмининг 40%га яқинини беради. Тармоқ корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, хусусн пахта мойи экспортга ҳам чиқарилади. Косон, Гулистон ёғ экстракция, Фарғона ёғ-мой, Қўқон ёғ-мой, Тошкент ёғ-мой комбинати, Каттақўрғон ёғ-мой, Сурхонозиқовқатсаноат ва Урганч ёғ-мой ҳиссадорлик жамиятлари тармоқдаги энг йирик корхоналардир.
“Эффектив ойл” хорижий корхонасида мева данаклари ва сабзавот уруғларидан мой ишлаб чиқарадиган махсус завод ишлайди. Бу заводда 15 номдаги мева данаги мойлари ( ўрик, шафтоли, помидор, узум, ва б.) ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Тошкент ёғ-мой комбинатида маргарин маҳсулотлари ва майонез, тармоқдаги 10та корхона Фарғона, Янгийўл, Андижон, Урганч, Каттақўргон ва б. ёғ-мой ХЖ ларда хўжалик совуни ишлаб чиқарилади. Фарғона ёғ-мой ХЖда турли кичик ўлчамдаги атир совунлар ишлаб чиқарилади. Тармоқ корхоналарида технологик жараёнларни автоматлаштириш, хорижий фирмалар ускуналари билан жиҳозлаш ишлари давом эттирилмокда. Корхоналарни техникавий жиҳатдан қайта жиҳозлашда Крупп, Скет (Германия), «Альфа-Лаваль» (Швеция), «Жон Браун», «Карвер», «Краун» (АҚШ), «Маццони», «Боллиста», (Италия), Германия, Польша, Украина, Россия фирмалари билан ҳамкорлик яхши самара бермокда.
Республикамиз иқтисодий мустақиллигининг бугунги босқичида корхоналарда ўрнатилган жиҳозлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, уларни ишлатиш муддатини узайтириш учун профилактика ва таъмирлашни амалга ошириш лозим. Шу билан бирга эскирган жиҳозларни хорижда ишлаб чиқарилган кам ҳарж техника билан алмаштиришни йўлга қўйиш бугуннинг талабидир. Келажакда республикамизнинг машинасозлик базасида ёғ-мой саноати жиҳозларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Тармоқнинг асосий вазифалари - ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини мукаммалаштириш, ёғ-мой маҳсулотлари чиқишини, технологик йўқотиш ва сарфларни аниқлаш ҳамда камайтириш, янги стандартларни ишлаб чиқиш, тайёр маҳсулотларни сертификациялаш ҳисобланади. Бу чоралар тармоқнинг техник тараққиётига, ёғ-мой корхоналарнинг иш унумдорлигини оширишига олиб келади. Бу масалаларни ҳал қилишда чуқур билим ва етарли кўникмага эга бўлган Олий таълим муассасаларининг битирувчилари асосий ўринни эгаллашади.
Ҳозирги вақтда республикамизнинг бир неча институтларида “Озиқ-овқат технологияси” (ёғ-мой маҳсулотлари бўйича) таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрланмоқда. Ушбу дарслик мана шу йўналиш бўйича таълим олаётган талабаларга ўсимлик мойлари ишлаб чиқариш технологиясини ўргатиш, талабаларнинг талаб қилинадиган билим ва кўникмага эга бўлишини таъминлаш учун мўлжалланган.
Тармоқнинг бундан кейинги ривожланиши ҳам ана шу мутахассисларнинг фидокорона меҳнатига боғлиқ. Уларни вазифаси хомашёни сифатли қабул қилиб олиш, сақлаш ва ишлаб чиқаришга узатишнинг илғор йўлларини топиш, ёғ-мой ишлаб чиқариш технологик жараёнларининг оптимал режимларини таъминлаш, барча босқичларда техник-кимёвий назоратни йўлга қўйиш, йўқотиш ва сарфлар миқдорини камайтириш, шу билан бирга ёғ чиқишини кўпайтириш чора-тадбирларини кўриш, ишлаб чиқаришнинг рационал режаларини ишлаб чиқиш ва амалга тадбиқ қилиш, фан ва техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот сифатини ошириш чораларини, шунингдек, маҳаллий хомашёдан фойдаланиб, озиқавийлик ва биологик қиймати юқори бўлган ёғ-мой маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқаришдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |