Мойли уруғларни сақлаш ўсимлик мойи олиш жараёнида асосий ҳоллардан бири ҳисобланади, чунки тўғри ташкил қилинган сақлаш шароитлари уруғдаги асосий модда мой, оқсил ва бошқа фойдали маҳсулотларни деярли камаймасдан сақланиб қолишига сабаб бўлади. Сақлаш шароити қўйилаётган талабларга жавоб бермаган тақдирда намлик, иссиқлик, микроорганизмлар ва баъзи бир кемирувчи жониворлар таъсирида, биринчи галда асосий модда липидларни парчаланиш жараёни кучаяди. Бундай хомашёдан олинган мой эса сифат жиҳатидан паст, ранги ва кислота сони юқори, оксидланган моддалар миқдорининг кўплиги билан ҳарактерланади. Шунинг учун келтирилган хомашёнинг турига қараб, уни сақлаш шароитлари, омборхонанинг эса техник жиҳозланиши нормал бўлиши керак. Келтирилган хомашёнинг сифати энг аввало экиш учун ишлатилган уруғлик сифатига боғлиқ ва шу билан биргаликда уруғликнинг ўсишдаги вегетацион шароитига, етишган ҳосилнинг йиғиб олиш шароитига ҳамда мой заводига етиб келгунча фермер ва ширкат хўжаликларда сақланган шароитларга боғлиқ. Маълумки, хомашё таркибида асосий маҳсулотдан ташқари ёввойи ўсимликлар уруғлари, асосий ўсимликларнинг барги, гул барги, пояси ҳамда атроф муҳитдан аралашиб қолган органик, минерал ва металл аралашмалар билан аралашган ҳолда бўлади. Шу билан биргаликда асосий хомашё ва унга қўшилиб келган аралашмалар, намликлари турлича бўлади, яъни органик ва минерал ифлосликларнинг намлиги ўта юқори бўлса, асосий хомашё намлиги эса пастроқ бўлади. Бунинг устига хомашё таркибидаги микроорганизмлар ва кемирувчиларнинг миқдори акс таъсир қилиб, унинг сифатини буза бошлайди.
Хулоса қилиб айтганда, асосий компонентлар бир хилда эмаслигини назарда тутсак, мойли уруғларни сақлашдаги жараён анча мураккаблиги намоён бўлади. Сақлаш жараёнида юқорида кўрсатилган омиллар таъсирида уруғнинг сифат жиҳатидан бузилиши оддий кўринишда ўз-ўзидан қизиб кетиш ҳодисаси билан белгиланади. Албатта сақлаш жараёнида уруғларни ўз-ўзидан қизиб кетиш даражасида қолдириш мумкин эмас. Чунки бу ҳодиса аввал кичик бир ҳажмда намоён бўлса, бир оз вақтдан сўнг бутун бир уруғ тўплами ҳажмига ёйилиб кетиши мумкин. Бу ҳолда уруғ хўжалиги моддий жиҳатдан катта талофот ва бунинг устуга қизиш натижасида ёниб кетган уруғ кўмирдек қаттиқ қатлам ҳосил қилиб, катта маблағ ҳисобига омбордан ташиб чиқаришга тўғри келади. Шу ҳодиса рўй бермаслиги учун уруғ сақлаш хўжаликларида доимий назорат олиб бориш лозим. Бу назорат уруғ тўпламининг турли жойидан ҳар хил баландликда ҳарорат ва намликни аниқлаш йўли билан бажарилади.
Мойли уруғлар сақланиш даврида уларнинг қуйидаги физик хоссалари ҳисобга олинади: тўкилувчанлик, ўз-ўзидан хилларга ажралиб қолиш, ғоваклик зичлик, сорбцион хусусиятлар, иссиқлик ва ҳарорат ўтказувчанлик.
Тўкилувчанлик. Мойли уруғларнинг тўкилувчанлиги уларнинг табиий қиялик бурчак ташкил қилишига боғлиқ. Тўкилувчан моддаларнинг табиий бурчаги деб уларнинг горизонтал текисликка нисбатан, маҳсулотнинг сирт юзаси билан қиялик ҳосил қилинган бурчагига айтилади.
Табиий қиялик бурчаги маҳсулот турига қараб турлича бўлади. Маҳсулот қанча сочилувчан ва сирти силлиқ бўлса, табиий қиялик бурчаги шунча кичик бўлади. Ушбу хусусият мойли уруғлар жойланганда уларга қараб омборхоналарнинг тури ва шакли танлаб олинади. Баъзи бир уруғлар учун табиий қиялик бурчаги (град.) қуйидагича:
Do'stlaringiz bilan baham: |