4-§. Мойли уруғларни қуритиш технологияси ва техникаси
Қуритиш жараёнининг вазифаси – бу уруғ намлигини тушириш, ҳамда уруғ ва унинг таркибидаги мой сифатини сақлашни таъминлашдир. Қуритилган уруғлар ташқи ҳаво ҳароратидан 50Сгача ошмаган ҳароратда совитилиши керак бўлади. Қуритиш қурилмаси ва ўчоғи автомат назорат асбоблари билан таъминланган, шу билан бирга қуритишнинг ҳарорат режимига назорат ўрнатилган бўлиши керак.
Мойли уруғларни қуритиш билан боғлиқ ҳамма операциялар механизациялашган ва автоматлашган бўлиши керак. Қуриткичлар техника хавфсизлиги талабларига, ёнғин хавфсизлиги меъёрларига жавоб бериши ва учқун ўчирувчи қурилмага эга бўлиши лозим.
Қуриткич иқтисодий самарали бўлиши керак: қуриткични тайёрлаш қиймати, бино қурилиши, 1 т қуритилаётган уруғга тўғри келадиган ёнилғи, электрэнергия, хизмат қилиш ва таъмирлаш сарф-ҳаражатлари минимал даражада бўлиши керак.
Ёғ-мой саноати корхоналарида стационар қуритиш қурилмалари кенг қўлланилади, улар алоҳида биноларда ёки усти ёпиқ айвонларда жойлашиши мумкин. Мойли уруғларнинг қуриткичлари тузилиши бўйича жуда хилма-хил бўлади. Қуриткичлар конструктив белгилари бўйича: шахтали, жалюзли, барабанли, пневмогазли, уруғнинг мавҳум қайнаши билан газ-рециркуляцияли ва бошқаларга бўлинади. Қуриткичлар тузилишидаги энг катта ва принципиал фарқлар уруғларни қабул қилиш ва қуритиш усули билан боғлиқ. Мойли уруғларни қуритиш учун – уруғларни секин ҳаракатланувчи зич қатламда – шахтали ва жалюзли қуриткичларда, ярим муаллақ ҳолатда – барабанли қуриткичда, муаллақ ҳолатда – пневматик трубали ЛАУМП қуриткичида конвектив қуритиш усули кенг тарқалган.
Қуриткичлар, қуритувчи агентнинг ҳаракатланиш схемаси, қуритиш босқичлари, вентиляторнинг ишлаш ҳарактери, уруғни чиқариш механизми тузилиши бўйича ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Қуритилаётган уруғга нисбатан қуритувчи агентнинг ҳаракати – тўғри оқимли, қарама-қарши оқимли, кўндаланг ва аралаш оқимли бўлиши мумкин.
Вентиляторлар қуритувчи агентни сўриш ёки ҳайдаш учун ўрнатилиши мумкин. Қуритиш камераси қуритиш зоналарига бўлинган ва бўлинмаган қилиб қурилади. Камерани зоналарга бўлиниши қуритишнинг босқичли режимларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди. Совитиш камерасидан уруғларни чиқиши узлуксиз, даврий ёки комбинацион бўлиши мумкин. Қуритгичга қуритувчи агентни сўриб олинса совутиш камерасидан чиқаётган уруғлар шлюзли тўсиқ орқали ўтади.
Шахтали ва жалюзли қуриткичлар узоқ вақт давомида мойли уруғларни, асосан кунгабоқар уруғини қуритиш учун қўлланиб келинди. Кейин ёғ-мой корхоналарида ёппасига барабанли қуриткичлар кенг қўлланила бошланди ва улар хозирги кунда ҳам ишлаб турибди.
Кунгабоқар уруғини муаллақ ҳолатда, юқори ҳароратда конвектив қуритишнинг тезкор усули таклиф қилинди ва қисқартирилган ЛАУМП номи остидаги пневмогазли қуриткичнинг конструкцияси ишлаб чиқилди. Бу типдаги қуриткичлар ёғ-мой корхоналарига 1950 йилларда жорий қилинди. Кейинги йилларда ёғ-мой корхоналари учун юқори қувватли ДСП-32 ва ДСП-32 от типидаги шахтали қуриткичлар ишлаб чиқаришга жорий қилина бошланди. Шу билан бир қаторда илмий – тадқиқот бирлашмаларида қуритишнинг янги усуллари синовдан ўтказилди. Хусусан, ВНИИЖ ходимлари кунгабоқар уруғини мавҳум қайнаш қатламида қуритувчи қуриткич яратишди.
Шахтали қуриткичлар. Шахтали қуриткичлар битта ёки иккита қирқими тўғрибурчак шаклидаги камерага эга бўлиб, бу камералар шахталар деб аталади.
2.2-расмда ВТИ-8 русумли шахтали қуриткич қўрсатилган. Шахта(1)нинг юқори қисми уруғларни қуритиш учун, (3) пастки қисми эса совитиш учун мўлжалланган. Қуритувчи агентнинг кириши ва ишлатилган агентнинг чиқиши учун шахтанинг бутун баландлиги бўйича (2) беш қиррали киритувчи ва чиқарувчи туйнук токчалар ўрнатилган, улар қуритувчи агентнинг киритувчи ва чиқарувчи каналлари ҳисобланади.
Шахта устида, шахтадаги юқориги қатордаги каналлар устида уруғлар қатламини ҳосил қилувчи, бункер ўрнатилган. Бункер заҳира сиғими ҳисобланиб, транспорт механизмларида узилишлар бўлганда, у қуриткични узлуксиз таъминлайди. Шунингдек бункердаги уруғлар қуритувчи агентнинг сизиб чиқиб кетишини олдини олади.
Қуриткич шахтаси уруғлар билан тўлиқ тўлдирилади. Қуритиш жараёнида шахтада уруғлар ўз оғирлиги билан юқоридан пастга қараб ҳаракатланади. Қуритиш зонасида уруғларга (7) вентилятор билан қуритувчи агентни ҳайдаб қуритилади, совитиш зонасида эса (5) вентилятор билан ташқи ҳавони ҳайдаб берилади.
Қуритиш ва совитиш камералари ўртасида уруғларни камерадан-камерага ўтказувчи (6) оралиқ тўсиқ ўрнатилган бўлиб, у қуритиш бошланганда яхши қуримаган уруғлар совитиш камерасига ўтмаслиги учун ғилдирак ёрдамида қўл билан ёпиб қўйилади. Меъёрдаги қуритиш режимида (6) тўсиқ очиқ ҳолатда бўлади. Иккинчи тўсиқ (4) совитиш камераси остида ўрнатилган бўлиб, у автомат тарзда бошқарилади ва совитилган уруғ белгиланган вақт оралиғида чиқариб турилади.
Шахтага юқоридан тушаётган уруғ туйнук токчалар орасидаги барча бўшлиқларни тўлдиради. Туйнукнинг пастки очиқ томонидан уруғ табиий қиялик бурчаги остида жойлашади. Туйнуклар уруғларни яхши аралаша олиши учун шахмат тартибида жойлаштирилган.
Баъзи қуриткичлар шахталарининг деворларга яқин жойда секин ҳаракатланиши натижасида уруғни қизиб кетишини олдини олиш учун яримтали туйнуклар ўрнатилади.
Киритувчи туйнукларнинг қуритувчи агент кирадиган томони очиқ, бошқа томони эса ёпиқ бўлади. Чиқарувчи туйнукларда эса бунинг акси бўлиб, уларда ишлатилган агент чиқадиган томон очиқ, унинг кириш томони эса ёпиқ бўлади. Қуритувчи агентларни туйнук бўйлаб тақсимлаш учун қуриткичда тақсимлаш камераси мавжуд. Иккита шахтадан иборат тақсимлаш камераси умумий бўлиб, у шахталар орасида жойлашган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |