2-§. Мойли уруғларнинг айрим физик хоссаларининг қуритиш жараёнидаги аҳамияти
Мойли уруғлар ташқи муҳит билан намлик алмашиниш қобилиятига эга. Уруғларни қуритишни оптимал режимда иш олиб бориш, ички ва ташқи намлик алмашинувини тадқиқ қилиш учун уруғлар ва уларнинг таркибий қисмининг гигроскопик хусусиятлари ҳақидаги маълумот муҳим аҳамиятга эга. Мойли уруғларнинг гигроскопик хусусиятини кўпгина олимлар томонидан ўрганилган. М.И. Игольченко ва В.М. Копейковскийлар кўпгина ишларини кунгабоқар уруғи таркибий қисмини ва уруғда намликнинг сорбцияланиш ва десорбцияланиш жараёнини ўрганишга бағишлаганлар. Худди шундай изланишларни А.И. Ган пахта чигити устида, В.М. Копейковский ва В.Г. Щербаков зиғир уруғи устида олиб боришган.
Юқори мойли кунгабоқар уруғи ва унинг таркибий қисмлари (мағиз, уруғ, пўстлоқ)даги мувозанат намлик 2.1-расмда кўрсатилган.
Тадқиқотларда аниқланишича, кунгабоқар уруғида ва унинг таркибий қисмларида, шу жумладан бошқа мойли уруғларда ҳам мувозанат намлик уларнинг структурасига ва кимёвий таркибига боғлиқ бўлади. Масалан, уруғ қобиғи мағизга нисбатан юқори гигроскопиклиги билан фарқланади. Мойли уруғ гидрофиль қисмининг намлиги унинг умумий намлигидан катта фарқ қилади.
Ҳар хил мойли уруғларнинг гидрофиль қисмидаги компонентларнинг ўзаро нисбати бир-биридан фарқ қилади.
Мойлилик бир хил бўлганда, кам оқсилли уруғга нисбатан кўп оқсилли уруғ намликни ўзига кўп ютиб олиши аниқланган.
Мойли уруғларда, масалан, кунгабоқарда, мойлиликни ўсиши билан мувозанат намлик пасаяди.
Мувозанат намлик миқдори уруғлар ўлчамига боғлиқ: кичик ўлчамли уруғлар учун у катта ўлчамли уруғларга қараганда кичик бўлади, бу, уруғларнинг сирт юзаси ва кимёвий таркибини фарқи билан тушунтирилади.
Мувозанат намликни ва ютилган намлик миқдори уруғга иссиқлик билан ишлов бериш интенсивлиги ортиб бориши билан пасаяди, буни оқсил моддаларнинг денатурация жараёни билан тушунтириш мумкин. Мувозанат намлик, шунингдек, ҳавони нисбий намлиги ва ҳароратига ҳам боғлиқ бўлади. Ҳавонинг нисбий намлиги кўтарилиши билан уруғнинг мувозанат намлиги кескин кўтарилади, ҳаво ҳарорати ошиши билан эса уруғнинг мувозанат намлиги бироз камаяди.
Уруғни куритиш тезлигига уруғнинг солиштирма юзаси ва ғоваклиги таъсир этади. Солиштирма юза 1 кг уруғдаги барча уруғларнинг сирт юзасини уруғ массасини ташкил этувчи ҳақиқий ҳажмига нисбати билан ифодаланади.
Мойли уруғ қанча кичик бўлса, унинг солиштирма юзаси шунча катта бўлади.
Уруғнинг ғоваклиги уруғ шаклига, ўлчамига ва уруғ юзасининг ғадир-будирлигига боғлиқ.
Уруғнинг иссиқлик сиғими унинг кимёвий таркиби ва таркибий қисмларининг ўзаро нисбатига боғлиқ. Ф.Т. Гоголеванинг берган маълумотларига кўра абсолют қуруқ азотли моддалар ва углеводларнинг ўртача иссиқлик сиғими – 1,41 кЖ/(кг·К), ёғларники – 2,05 кЖ/(кг·К), целлюлозаники эса – 1,33 кЖ/(кг·К)ни ташкил этади. Сувнинг иссиқлик сиғими уруғ таркибидаги компонентларга қараганда анча юқори бўлади ва 4,19 кЖ/(кг·К)га тенг бўлади. Шунинг учун уруғнинг намлиги ва мойлилиги қанча юқори бўлса унинг иссиқлик сиғими ҳам шунча катта бўлади. Абсолют қуруқ, кам ёғли кунгабоқар уруғининг иссиқлик сиғими 18-200Сда 1,51 кЖ/(кг·К), зиғирники – 1,65 кЖ/(кг·К), канакунжутники – 1,85 кЖ/(кг·К)ни ташкил этади.
Ҳароратни кўтарилиши билан уруғнинг иссиқлик сиғими ортади. Мойли уруғларнинг ҳарорати 10Сга ортиши билан унинг иссиқлик сиғими 0,0017 кЖ/(кг·К)га кўтарилади.
Иссиқлик ўтказувчанлик – иссиқликнинг изоляциясини ҳарактерлайди, ҳарорат ўтказувчанлик эса – моддаларни совитиш ёки қиздириш жараёнида ҳароратни тарқалиш тезлигини билдиради.
Уруғ массасининг иссиқлик ўтказувчанлиги кичик бўлиши унда иссиқликни ёмон ўтказувчан ҳаво миқдорининг кўплиги билан тушунтирилади. Алоҳида уруғнинг иссиқлик ўтказувчанлигини одатда ёғочнинг иссиқлик ўтказувчанлигига тенг [0,419 Вт/(м·К)] деб қабул қилинади.
Уруғ массасининг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти ўртача 0,14 дан 0,22 Вт/(м·К)гача бўлади. Бу, темир ва мис каби металларнинг иссиқлик ўтказувчанлигидан юз ва минг марта кичикдир. Намлик ортиши билан уруғнинг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти ошади.
Уруғ массасининг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти ҳавонинг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициентидан тахминан 100 марта кичик бўлади, шунинг учун уруғ массаси секин қизийди ёки совийди, яъни улар нисбатан катта иссиқлик инерциясига эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |