1-§. Капилляр–ғовакли коллоид моддаларни қуритишнинг
назарий асослари
Қуритиш назарияси асосини намликнинг материал билан боғланиш шакллари, материал ичида иссиқлик ва намликни ўтиш қонунлари, қуритилаётган материал юзасини атроф муҳит билан масса ва модда алмашинуви қонуниятлари ташкил этади.
Мойли уруғлар капилляр – ғовакли материаллар туркумига кириб, улардаги сув турли шаклларда боғланган бўлади. Намликни материал билан қандай шаклда боғланганлиги қуритиш механизмида муҳим аҳамиятга эга. Материаллардаги сувнинг боғланганлигини бир нечта классификацияси мавжуд. Булар ичида энг кўп тарқалгани, акад. П.А. Ребиндер томонидан таклиф этилган схемадир. Бу схема энергетик принцип асосида тузилган бўлиб, сувнинг боғланиш интенсивлигини ва бузилиш даражасини очиб беради. П.А. Ребиндер классификациясига кўра материалдаги сув кимёвий, физик-кимёвий ва механик боғланган ҳолда бўлади.
Кимёвий боғланган – стехиометрик, аниқ миқдорий нисбатда ифодаланади. Кимёвий боғланган сув материал билан мустаҳкам боғланган бўлиб, уни йўқотиш учун иссиқлик билан интенсив ишлов бериш ёки кимёвий таъсир қилиш керак.
Физик-кимёвий – турлича, аниқ белгиланмаган нисбатда учрайди. Боғланишни бу шакли адсорбцион боғланиш, осмотик ютилган ва структура намлиги кўринишида бўлади. Физик-кимёвий боғланган ҳоллар ичида адсорбцион боғланган сув мустаҳкам ушланиб туради. Коллоид жисм билан сувнинг боғланиш жараёни эриш жараёнига яқин бўлиб, иссиқлик ажралиши ва системани контракцияси (сиқилиш) билан боради.
Энг кўп иссиқлик биринчи мономолекуляр қават ҳосил бўлганда ажралади. Бу сув қавати молекуляр куч майдонини катта босими остида бўлади. Боғланган сув оддий сувдан айрим хоссалари билан ажралиб туради ва енгил эрувчан моддаларни эритиш қобилиятини йўқотади. Сув мицеллани ташқи ва ички юзасига адсорбцияланиши аниқланган. Осмотик ютилган ва структура намлиги (бўкиш намлиги) материал билан кучсиз боғланган. Бу намликнинг ютилиши иссиқлик ажралмасдан ва системани контракциясисиз рўй беради. Бу босқичда ютилган сув ўз хусусияти билан оддий сувдан фарқ қилмайди. Осмотик ютилган сувга шунингдек ҳужайралар ичидаги, гель ҳосил бўлганда тутилган сув ҳам киради. Коллоид жисмда осмотик ва структура намлик миқдори адсорбцион боғланган сувдан бир неча марта кўпроқ бўлади.
Механик боғланган сув – бу макро ва микрокапиллярлар ва ҳўллаш намлигидир. Макрокапиллярлардаги намлик радиуси 10-5 см.дан катта капиллярлар ичида жойлашган бўлади. Микрокапиллярларнинг намлиги радиуси 10 -5 см.дан кичик бўлган капиллярларни тўлдиради. Капиллярлар орасидаги боғланиш сирт таранглиги ва капилляр босими билан ифодаланади.
Капилляр намлик боғланиш энергиясига кўра бўкиш намлигидан мустаҳкамроқ боғланган. Хўллаш намлиги жуда кучсиз боғланган бўлади. У жисм бўшлиқларида, тешикларида, шунингдек унинг юзасида жойлашган бўлади.
Қуритиш нуқтаи назаридан адсорбцион, осмотик ютилган ва структура намлиги, шунингдек капилляр намлик катта аҳамиятга эга.
Сувнинг йўқотилиши уни материал билан боғланиш шаклига боғлиқ бўлади. Адсорбцион боғланган сувни йўқотиш учун уни буғга айлантириш керак. Макрокапиллярлардаги намлик капиллярлар бўйлаб суюқлик ҳолида ҳаракатланади, бўкиш намлиги ҳужайра девори орқали чиқиб диффузияланиб кетади.
Сувнинг материал билан боғланишини ўрганишда кенг тарқалган усул – бу сорбция ва десорбция изотермаларини тадқиқ қилишдир. Сорбция (десорбция) изотермаси эгри чизиқ бўлиб, материалнинг мувозанат намлигини ҳавонинг нисбий намлигига боғлиқлигини кўрсатади. Бу боғлиқликни ифодалайдиган эгри чизиқни ҳарактери сувни материал билан боғланиш шакли бўйича аниқланади. Капилляр – ғовак жисмларнинг сорбция ва десорбция изотермаси текис, сингуляр, нуқталарсиз, S – симон эгри чизиқдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |