4-§. Эритувчиларни сақлаш ва уларни
экстракциядан аввал тайёрлаш
Экстракция усули билан мой олишда мой ва шротдаги буғлатилган эритувчи регенерация қилиниб, буғ ҳолидан суюқ ҳолга ўтказилади ва яна қайтадан ишлатилади.
Бироқ сув ажратгичда эритувчи ва сув аралашмасидан эритувчини ажратиб олинаётганда унинг таркибида сув, шлам ва эмульсион ёғ бўлиши мумкин. Циркуляцион (айланма) бензинни қўшимча тиндириш ҳамда уни экстракцион цехларда сақлаш учун НД-1250 линияли цехларда айланма бензинни сақлаш резервуарларидан фойдаланилади. Мавжуд нормалар бўйича битта НД-1250 экстракцион линияли заводларда ҳар бирининг сиғими 22 м3 горизонтал, цилиндрик ер ости резервуарларидан камида учта бўлиши лозим. Улардан бири сув ажратгичдан келаётган эритувчини қабул қилиб олишга, иккинчиси – тиндиришга, учинчиси – тиндирилган эритувчини ишлаб чиқаришга беришга мўлжалланган.
Айрим эктракцион линияларда (ДС, Т1-МЭМ) циркуляцион эритувчини оралиқ сақлагичларда қўшимча тиндирмасдан қайта ишлатишга юборишни кўриш мумкин. Бундай ҳолларда экстракция ускуналаридаги асосий эритувчининг қайтмас йўқотишлари резервуарлардан тўлдириб турилади.
Экстракторга:
а) таркибида сув ва аралашмалар бўлмаган;
б) таркибида 0,10%гача ёғ тутган;
в) оптимал ҳароратгача қиздирилган эритувчи берилади.
Циркуляцион эритувчида сувнинг бўлиши экстракцияланувчи материал намлигининг ошишига, сочилувчанлиги йўқолиб, ҳамирсимон масса ҳосил бўлишига, ҳамда эритувчини экстрактордан шротни қайта ишлаш ускуналарига ўтиб кетишига ва экстракторни прессланиб қолишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида экстракцион қурилмаларга ва уларнинг двигателига ортиқча юклама беради.
Экстракторга сувнинг тушиши шрот буғлатгичларни ишчи қисмларини ёпишиб қолишига ва цехнинг узоқ вақт тўхташига олиб келади.
Эритувчини сепарациялаш ишчи ҳажми 0,41 м3 бўлган, цилиндрик колоннали автоматик сув тутгичларда (5.4-расм) амалга оширилади.
Бензин, марказдан қочма насос билан патрубка (1) орқали юқориги йўналтирувчи труба(3)га узатилади. Труба(3)дан чиқаётган бензин аппаратнинг пастки қисмидаги аппаратни ишчи бўшлиғига тушади ва у тўлиши билан патрубка (2) орқали экстракторга берилади. Сувсизланган эритувчи аппаратга келиб тушаётганда қалқовуч (4) пастга тушиб, клапан (5) ёпилади. Агар эритувчи билан бирга сув ўтиб кетса, аппаратнинг пастки қисмида йиғилади ва критик даражага етганда, қалқовуч юқорига қалқиб кўтарилади ва автоматик клапан (5) ричаг система орқали очилади. Аппаратда йиғилган сув клапан (6) орқали чиқиб кетади. Аппарат ишлаётган вақтда у доим очиқ туриши керак. Аппаратнинг пастки қисми бензин билан тўлгач, қалқовуч секин-аста туша бошлайди ва пастки қисмига келганда клапан автоматик тарзда ёпилади.
Экстракция жараёнини жадаллаштириш мақсадида бензин сув чўктириш ускунасидан экстракторга берилишидан олдин, ишлатиладиган бензин маркасига қараб А марка учун 50-530Сгача, Б марка учун 55-600Сгача горизонтал – трубали иссиқлик алмашгич – бензинқиздиргичда иситилади. Унинг иситиш юзаси 10 м2 га тенг. Иссиқлик ташувчи сифатида сув буғи ишлатилиб, у трубалар орасига берилади. Тасвирланган бензин қиздиргич НД-1250 ускунаси комплектига киради. “Лурги”, Т1-МЭМ, ДС, “Олье” ва бошқа экстракцион қурилмалари труба ичида труба туркумидаги иситкичлар билан таъминланган бўлиб, улар сув буғи билан қиздирилади.
Асосий бензин сақлагичлар эритувчиларни темир йўл цистерналаридан қабул қилиш ва уларни алангаланиш, ҳаво билан портловчи концентрация ҳосил бўлиши ва эритувчини қабул қилиш, бўшатиш, узатиш ва сақлаш операциялари билан банд бўлган ишчиларни заҳарланиши юз бермайдиган шароитда сақлаш учун мўлжалланган.
Эритувчиларни асосий сақлаш резервуарлари сиғими 50 м3 бўлган пўлат цилиндрик шаклда (2-4 дона)дан тайёрланади. Улар ер остида сақланади. Резервуарларнинг ташқи юзаси коррозиядан ҳимоялаш учун гудрон ёки бошқа сувдан ҳимояловчи қатлам билан қопланади.
Эритувчини сақловчи асосий резервуарларнинг сиғими заводнинг 40 кунлик эҳтиёжини қондиришга мўлжалланган бўлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |