Элак юзасининг ҳолати. Рамкадаги тўр яхшилаб тортилган бўлиши ва паст-баланд жойи бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда у ерда ифлослик туриб қолади. Элакни унинг тешикларига кириб қолган заррачалардан тозалаш катта аҳамиятга эга, чунки элакнинг ифлосланиши фойдали элаш юзасини камайтиради ва тозалаш сифатини пасайтиради. “Главпродмаш” заводида чиқарилган илгариги сепараторларда маҳсус узатмали механизм орқали илгариланма-қайтувчи ҳаракатланадиган, элак тозалайдиган чўткалар бўлган. Бу чўткали тозалагичлар мукаммал бўлмаган. Замонавий сепараторларда элакни тозалаш чўткали барабанли инерцион тозалагичлар ёрдамида амалга оширилади. Бу тозалагичлар мажбурий узатма ёки резинали шарларга эга бўлмай, элакнинг пастки юзаси бўйлаб сакраганда урилади ва тешикларга тиқилиб қолган ифлосликларни қоқиб чиқаради.
Уруғнинг ифлослик даражаси ва намлиги. Уруғдаги ифлослик миқдори қанчалик кўп ва бу ифлос аралашмаларнинг шакл ва ўлчамлари уруғдан қанчалик кам фарқ қилса, тозалаш самараси шунчалик кичик бўлади.
Уруғ ва ифлосликларнинг намликлари ҳам тозалаш жараёнига сезиларли таъсир этади. Намлик 10-11%дан ошганда тозаланиш даражаси пасаяди.
Машиналарнинг аспирацион режими. Берилаётган ҳаво миқдори ва тезлиги енгил аралашмаларнинг кўп қисмини юқори елканлик коэффициенти билан аспирациялашни таъминлаши лозим. Бироқ бунда уруғлар учиб кетмаслиги керак. Маълумотларга кўра уруғларни учириб кетиши мумкин бўлган ҳаво тезлигининг чегаралари қуйидагича: кунгабоқар уруғи учун 4,3дан 7,7 м/с гача, зиғир уруғи учун 3,3дан 6,0 м/с гача, каноп уруғи учун 3,2дан 7,8 м/с гача. ВНИИЖ берган маълумотларга кўра кунгабоқар уруғининг юқори мойли навлари учун критик тезликни ўзгариши 3,8дан 10 м/с гача бўлади.
8-§. Уруғларни метал аралашмалардан тозалаш
Маълумки, ёғ-мой корхонасида қайта ишланадиган ёғли уруғлар ва уларнинг таркибида минерал ҳамда органик аралашмаларбилан бирга металл аралашмалар мавжуд бўлади. Шунинг учун хомашё таркибидаги магнит майдон таъсир қилувчи аралашмаларни доимий магнит, электромагнит ёки электро-магнит сепараторлари ёрдамида ажратиб олинади. Доимий магнит ишлатилган пайтда бир неча тақасимон магнит бирлаштирилиб, маҳсулот ўтаётган лента ёки нов, атрофига қўйилади. Доимий магнит қуввати кам бўлгани учун ва магнит қуввати секин-аста камайиб борганлиги учун ҳозирги пайтда кўпроқ доимий электр оқими ёрдамида ҳосил қилинувчи электромагнит ишлатилади. Электромагнит ҳаракатдаги маҳсулотнинг тепа томонига осиб қуйилади. Маҳсулотдаги металл аралашмалар тортиб олинади. Бу хусусда айниқса электромагнитларга нисбатан электромагнит сепараторлари кўпроқ самара беради. Саноатда қуйидаги электромагнит сепараторлари ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |