2.1-расм. Ташкилотда бошқарув аппаратининг ўрни
Тузилиш бўлинмалари расмий ва норасмий алоқаларда бўлади. Расмий алоқалар - бу энг аввало раҳбарлар билан буйсунувчилар ўртасидаги алоқалардир(вертикал алоқалар). Улар раҳбарликнинг ва буйсунувчиларнинг турига қараб фарқ қилади. Агар раҳбарлик тўлақонли бўлиб, қуйи бўлинмалар фаолиятига доир барча масалаларга даҳлдор бўлса, бу хилдаги алоқа мунтазам алоқа деб айтилади.
Раҳбарлик чекланган бўлса, у ҳолда алоқа функционал бўлади. Бўлинмалар ўртасида, вертикал алоқадан ташқари горизонтал алоқалар ҳам мавжуд бўлиб, улар мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик қилиш тарзидаги алоқалардир.
Ишлаб чиқариш бирлашмаларининг бошқарув тузилиши кетма-кет жойлашган бир нечта бошқарув иерархия (хизматда юқори мансабдорларга тобелик) босқичлари тузилади. Уларга ҳар хил, масалан, ишлаб чиқариш, хўжалик фаолияти масалаларини ҳал қилиш хуқуқи берилади ва бу фаолият натижалари учун масъулият юкланади.
Бошқариш иерархия даражаси тузилиши бўлинмаларининг йиғиндисини ва бошқарув фаолиятини амалга оширадиган ходимларни кўрсатади. Уларнинг фаолиятини бир мақсадга йўналтиради ва бир даражадаги раҳбарларга буйсунади.
Олий бошқарув иерархия даражасига ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори, кейинги даражасига эса бош директорга буйсунувчи раҳбарлар кўрсатилади. Ўз навбатида уларга кейинги даражадаги раҳбар буйсунади. Улардан сўнг навбатдаги бошқарув иерархия даражалари жойлаштирилади.
Ишлаб чиқариш бирлашмаси қанчалик йирик бўлса, унинг иерархия даражаси шунчалик катта бўлади. Унчалик катта бўлмаган корхоналарда иерархия даражаси 2-3, ўртача корхоналарда 5-6, йирик бирлашмалар ва ишлаб чиқариш комплексларида 10-12 тага етади.
Тузилиш бўлинмалари, алоқалар босқичма-босқич буйсунишлари билан ажралиб туради. Қуйи босқичдаги раҳбарлар юқори босқичдаги раҳбарларга буйсунади. Юқори босқичдаги раҳбар қуйи босқичдаги раҳбарларнинг вазифаларини белгилайди ва уларнинг ишига, натижаларига баҳо беради, тақдирлайди ёки жазолайди.
“Структура” лотинча сўз бўлиб, нарсалар таркибий қисмларнинг ўзаро боғлиқ равишда жойлашиши, тузилишини билдиради.
Бошқарувда структура-ташкилотдаги бошқарув даражалари ва буғинлари бирлашувини, улар орасидаги ўзаро муносабат ва алоқалар тизими англатади.
Бошқаришнинг у ёки бу вазифаларини ечиш учун бошқариш органлари тузилади, натижада бошқаришнинг мақсадлари, функциялари, вазифалари, объектлари ва органлари унинг ташкилий структурасини белгилаб беради.
Шундай килиб, ташкилий структурага умумий тавсиф бериб, унинг аҳамиятини белгиловчи бир неча қоидаларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Ташкилотнинг ташкилий структураси менежментнинг барча вазифаларини мувофиқлашувини таъминлайди.
2. Ташкилий структура бошқарув даражасининг ҳуқуқ ва жавобгарликларини аниқ белгилайди.
3. Фирмада қабул қилинган тартиб хизматчиларининг ташкилий аҳлоқини белгилайди шу билан менежментнинг услуби ва жамоанинг сифатини аниқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |