4.1-расм. Ташкилотда ваколатларни узатиш концепциялари
- Маъмурий концепция ёки ваколатларни қабул қилиш концепциясига кўра ходим раҳбар талабларини рад этиши мумкин. Ходим ваколатга ахборот сифатида (буйруқ сифатида) қараб, уни ташкилот манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб бажариши ёки бажармаслиги мумкин. Шундай қилиб, агар ходим раҳбардан ваколатларни олмаса, ваколатларни бериш рўй бермайди.
4.3.Вазифалар бажарилишини назорат қилиш. Бўйсуниш ҳақида тушунча
Умуман, маъмурий ходимларнинг ваколати уларнинг бошқарув поғонаси ўсиши билан ошиб боради. Ҳар бир ходимнинг лавозими доирасидаги барча ваколатларнинг маълум чегараси мавжуд. Ҳатто энг юқори раҳбарнинг ҳам ваколатлари чегараланган. Масалан: Акционерлик жамияти директори акционерлар олдида ҳаражатлар учун жавобгардир. Директорлар кенгаши келишувисиз раҳбар ўз маошини мустақил равишда белгилай олмайди ёки ошира олмайди. Ваколатларнинг хусусиятлари маълум маънода ташкилот фаолият кўрсатаётган жамиятнинг анъана, урф–одати, маданияти билан аниқланади. Ходимларнинг кўпчилиги раҳбар буйруғига унинг ижтимоий адолатлилиги учун буйсунадилар. Раҳбар анъана, қимматликларга мос бўлмаган, қонунга ҳилоф ваколатларни тақсимлай олмайди. Бироқ, амалиётда ваколатларни узатишда меъёрий чегарадан четга чиқиш ҳоллари ҳам учрайди.
Ҳокимият деганда – ваколатдан фарқли улароқ, вазиятга таъсир кўрсатиш ёки ҳаракат қилишнинг мавжуд имкониятини тушунамиз. Бошқача қилиб айтганда, ваколат маълум лавозимга эга шахс қандай ҳуқуқларга эга эканлигини билдиради. Ҳокимият эса, унинг амалда қандай имконият ва ресурсларга эгалик қилишини ифода этади (6.2-расм.). Ҳокимият қилиш усуллари ташкилотга зарар ёки фойда келтириши мумкин. Масалан, раҳбар ходимни ишдан бўшатиш ваколатига эга, директор ташкилотга тегишли маблағни шахсий эҳтиёжи учун ўзлаштириш ҳолатлари учраб туради.
4.2-расм. Раҳбарнинг ходимларга таъсир этиш шакллари
Чизиқли ва аппарат (штабли) ваколатлар. Ваколатларнинг фаолият доирасини уларнинг хусусиятларини ўзлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ваколатларнинг даражалари ўртасидаги муносабатларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Улар икки асосий турга бўлиб ўрганилади:
Чизиқли ваколатлар - раҳбардан бевосита унинг қўл остидаги ходимга берилади. Айнан шу турдаги ваколатлар раҳбарнинг ўз қўл остидагиларни мақсадларга эришишда йўналтиришда ҳукмронлик қилишга имкон беради. Бу ҳолда раҳбар ваколат доирасида бошқа раҳбарлар билан келишмасдан ҳаракат қилиши мумкин. Масалан, бош шифокор касалхонани таъмирлаш учун ҳомийлар маблағларини жалб этиши мумкин. Бундан ташқари маълум бир лавозимга мос деб ҳисоблаган кишини ишга олиши, унга иш ҳақи ҳажмини белгилаши мумкин.
Чизиқли ваколатларни ваколатларни узатиш ташкилот бошқарув даражалари иерархиясини ифода этади. Улар ўзига хос буйруқ занжирини ҳосил қилади. Ваколатларни узатиш асосида тузилган буйруқлар занжири жуда кичик ташкилотлардан ташқари барча расмий ташкилотлар учун хос.
Штабли ваколатларни аниқлашдан олдин нима учун чизиқли ваколатлар баъзи ҳолларда ташкилот эҳтиёжларини қондира олмаслигини тушуниб олиш лозим. Буниг учун маъмурий аппаратнинг келиб чиқиш тарихини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Биринчи бўлиб штаб тушунчаси Александр Македонский (эр.ав. 336-323) қўшинларида қўлланилган. Офицер учун жангда ўз аскарларига жангда раҳбарлик қилиш ва бир вақтнинг ўзида стратегик режалар ишлаб чиқишнинг иложи бўлмаган. Буни таъминлаш учун ҳарбийлар икки тоифага бўлинган: тактик ва стратегик режалар тузиш билан шуғулланувчи штаб офицерлари ҳамда аскарларга буйруқ берувчи сафдаги офицерлар – дала командирлари. Солдатлар буйруқ олишда чалкашмаслиги учун А.Македонский штаб офицерларидан буйруқ бериш ваколатларини олиб қуйган.
Кўп йиллар мобайнида штабли аппаратдан фойдаланиш имкониятлари чекланган бўлган. Лекин охирги йилларда ташқи муҳитнинг ўзгарувчанлиги, технологияларнинг ривожланиши, рақобатнинг кучайиши ташкилотларда турли малакага эга бошқарув кадрларига бўлган эҳтиёжни оширди. Масалан, фармацевтика фирмасига химиклар, сифатли назорат қилувчи техниклар, дастурловчилар, ҳуқуқшунослардан ташкил топган маъмурият керак. Штаб концепцияси замонавий ташкилотлар эҳтиёжларини қондириш учун такомиллаштирила бошлади. Натижада ҳозир маъмурий аппаратлар (штаблар) ва штабли ваколатларнинг кўплаб турлари вужудга келди. Ҳозирги пайтда уларни асосан уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1) Консультатив аппарат. Чизиқли бошқарув баъзида махсус малака талаб қилувчи муаммоларга дуч келади, шунда у масалани ечиш учун шунга мувофиқ аппарат тузади. Бу аппарат кўпинча ҳуқуқ, янги технология, малака ошириш, кадрлар билан ишлашда қўл келади.
2) Хизмат кўрсатувчи аппарат. Баъзида аппарат функциялари маълум хизматлар бажаришга қаратилган бўлади. Масалан: кадрлар бўлими ходимлар рўйхатини олиб боради, ишга номзодларни топади, лавозимларга тавсия этади. Яъни маъмурий аппарат ҳам консультатив, ҳам хизмат кўрсатиш функцияларини бажаради, жумладан жамоатчилик билан алоқа, маркетинг, молия, режалаш, моддий таъминот, ҳуқуқий масалалар ва бошқалар. Бу функционал бўлинмалар раҳбариятнинг самарали қарор қабул қилиши учун ахборот етказиб беради.
3) Шахсий аппарат. Унинг вазифасига раҳбар хизмат фаолияти учун нима керак бўлса, шуни бажариш киради. Одатда ташкилотда унинг аъзолари ваколатга эга бўлмайди. (Президент унинг шахсий аппарати; ректор ёрдамчиси, котибаси). Бундай аппарат қарор қабул қилиш, ахборотларни етказиш вазифасини бажариш давомида раҳбар қабулига киришни назоратга олиш, раҳбарга ахборот оқимини чеклаш имкониятига эга. Шу сабабли бошқа ходимлар шахсий аппарат билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиладилар. Масалан, кўпинча котибалар ўз ваколатидан анча юқори ҳукмронликка эга бўлиб олади.
Штабли (маъмурий) аппарат ғоясини яхши тушуниш учун ундаги ваколатларни узатиш табиатини кўриб чиқиш зарур бўлади. Улар чекланган, яъни фақат консультатив ёки шунчалик умумий бўлиши мумкинки, штабли ва чизиқли мажбуриятлар ўртасидаги фарқни ажратишнинг иложи бўлмай қолиши мумкин.
Аппарат (штаб) ваколатлари ўз навбатида бир қанча турларга бўлинади:
1) Тавсияли ваколатлар. Бунда чизиқли раҳбарлар аппаратга тавсиялар учун мурожаат қилади, улар бу тавсияларга амал қилишлари шарт эмас. Ҳатто улар аппаратга айтмаган ҳолда бу муаммони мустақил ҳал этишлари мумкин.
2) Мажбурий келишув. Ҳизмат фаолиятида аппарат чизиқли бошқарув билан айрим келишмовчиликларга дуч келса, фирма баъзи масалаларида аппаратнинг ваколатини мажбурий келишув билан кенгайтириши мумкин. Бу ҳолда чизиқли раҳбарлар белгиланган масалаларда бошқарув аппарати кўрсатмаларига риоя этишга мажбур бўлади.
3) Параллел ваколатлар. Юқори раҳбарият аппаратга чизиқли раҳбарларнинг қарорларини рад этиш ҳуқуқини беради. Бундан мақсад ҳукмронликни мувозанатлаштириш ва қўпол хатоларга йўл қуймасликдир.
4) Функционал ваколатлар. Бунда функционал ваколатга эга аппарат ўз соҳаси даражасидаги маълум масалаларда янги фикрлар таклиф этиши ёки таъкидлаши мумкин.Бундай ваколатлар ташкилотлардаги меҳнат муносабатларида кўп қўлланилади.
5) Аппарат ичидаги чизиқли ваколатлар. Йирик ташкилотларда аппарат кўплаб ходимлардан иборат бўлади, яъни унинг бошқаруви бир нечта бўлимлардан иборат бўлади. Бунда менеджерлар аппарат иерархиясида чизиқли ваколатларга эга бўладилар. Масалан, вазирлик, концернлар, банк бошқарув идоралари кўп поғонали бошқарувга асосланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |