4.2.Вазифалар, жавобгарлик ва ваколатлар. Уларни тақсимлаш, узатиш усуллари Ташкил этиш – бу ташкилотнинг ўз мақсадига етишда ходимларнинг самарали фаолият кўрсатишига имкон берувчи ташкилот структурасини яратиш жараёнидир. Бунда икки жиҳат диққатга сазовордир. Биринчиси, ташкилот тузилишининг стратегия ва мақсадларга мувофиқ бўлишидир. Биз унинг иккинчи жиҳати, яъни юқори раҳбариятнинг қуйи бўғин билан алоқасини таъминловчи ваколатлар доирасидаги муносабатларини эътиборни қаратишимиз мақсадга мувофиқ. Раҳбариятнинг турли даражадаги ваколатлар ўртасидаги муносабатни белгилаш воситаси бўлиб тақсимлаш ҳисобланади.
Ваколатларни тақсимлаш (ваколатларни узатиш) – бу вазифа ва ваколатларни уларни бажаришга жавобгарликни олган шахсга тақсимлаш тушунилади. Унинг воситасида раҳбарият ходимлар ўртасида ташкилот мақсадларига эришиш билан боғлиқ беҳисоб вазифаларни тақсимлайди. Мантиқан қараганда, агар мавжуд вазифа бирор ходимга узатилмаган бўлса, бу вазифани раҳбарнинг ўзи бажаришга мажбур бўлади. Кўп ҳолларда бошқарувнинг мазмуни ўз вазифаларини бошқалар томонидан бажарилишига эришиш деб тушунилади. Амалиёт кўрсатишича, айнан вазифаларни узатишни нотўғри қўллаш кўплаб ривожланаётган ташкилотлар инқирозига олиб келган. Ваколатларни тақсимлашни самарали амалга ошириш учун унинг жавобгарлик ва ташкилот ваколатлари концепциялари билан боғлиқлигини тушуниб олиш керак бўлади.
Жавобгарлик - бу мавжуд вазифаларни бажариш мажбуриятини олиш ва унинг амалга оширишига жавоб беришдир. Амалда ходим ўзига берилган лавозим доирасидаги вазифаларни бажариш эвазига маълум мукофот олиш ҳақида ташкилот билан шартнома тузади. Табиийки, агар маъмурият ходими ўз вазифасини нотўғри бажарса, уни тузатишга мажбур бўлади ёки оқибатлари учун жавоб беради.
Шуниси муҳимки, ваколатларни узатиш ваколатлар қабул қилингандан кейингина амалга оширилади, жавобгарлик эса тақсимланиши мумкин эмас. Раҳбар ўз қўл остидагиларга жавобгарликни бериб, ўзи четда қолиши мумкин эмас. Масалан операция вақтида врачнинг ҳамширага; тижорат бўйича директорнинг савдо агентига; туман ҳокимининг ҚФЙ раисига ваколатларни бериши уларнинг жавобгарлигини камайтирмайди. Шуни алохида қайд этиш зарурки, жавобгарликнинг ҳажми менежер ойлик маошининг юқорилигини изоҳловчи сабаблардан бири ҳисобланади.
Шу билан биргаликда, маъмурий ходим маълум бир вазифаларни қониқарли бажариш учун жавобгарликни ўз зиммасига олса, ташкилот уни зарур ресурслар билан таъминлаши лозим. Раҳбарият буларни ваколатларни вазифалар билан бирга тақсимлаш орқали амалга оширади.
Ваколат - ўзида ташкилот ресурсларидан чекланган ҳолда фойдаланиш ва унинг баъзи ходимларини маълум вазифаларни бошқаришга йўналтиришни ифодалайди. Ваколатлар айнан шахсга эмас, балки унинг лавозимига тақсимланади. Масалан ташкилотда бўлим бошлиғи бошқарув бўйича бошқа бўлимга ўтказилди. Энди у илгариги бўлим ходимларига буйруқ бера олмайди.
Ваколатларнинг табиатини ўрганишда икки концепцияга асосланиш мумкин (4.1-расм):
- Мумтоз концепцияга кўра, ваколатлар юқори бўғиндан қуйисига берилади.