Таянч иборалар: Иқтисодий усуллар, бошқариш усуллари, психологик усуллар, ҳуқуқий усуллар, тарбиявий усуллар, ижтимоий жавобгарлик, бошқаришнинг ташкилий усуллари, фармойиш усуллари.
Саволлар:
Иқтисодий бошқарув усулларининг қандай ҳусусиятлари мавжуд?
Ташкилий-фармойиш (маъмурий) усулларнинг моҳияти нима?
Ташкилий-мувофиқлаштирувчи таъсир меҳнат жамоаларига нима учун керак?
Шахсга психолигик таъсир этишнинг қандай усулларини биласиз?
Маънавий рағбатлантириш деганда нимани тушунасиз?
4-БОБ. МАЪМУРИЙ МЕНЕДЖМЕНТДА ВАЗИФАЛАР ВА ВАКОЛАТЛАРНИНГ ТАҚСИМЛАНИШИ
4.1. Вазифалар ва уларни тавсифлаш зарурияти.
4.2. Вазифалар, жавобгарлик ва ваколатлар. Уларни тақсимлаш, узатиш усуллари.
4.3. Вазифалар бажарилишини назорат қилиш. Бўйсуниш ҳақида тушунча.
4.4. Ваколатлар тақсимланишини самарали ташкил этиш.
4.1. Вазифалар ва уларни тавсифлаш зарурияти
Ҳар қандай корхонанинг маъмурий аппарати фаолиятининг самарадорлигини таъминлашда ходимлар ўртасида вазифаларни тўғри тақсимлаш муҳимдир. Ташкилотда вазифаларни белгилашда ташкилотнинг структурасини ҳисобга олиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ташкилот структураси ташкилотнинг ўз мақсадларига самарали равишда эришишини таъминлайдиган бошқарув поғоналари ва функционал соҳалар ўртасидаги мантиқий ўзаро муносабатни ифодалайди.
Ҳар бир ташкилотда меҳнат тақсимоти мавжуд бўлади. Айниқса, ихтисослаштирилган меҳнат тақсимоти кенг тарқалган – бунда маълум ишни мутахассисга, яъни шу ишни ташкилот нуқтаи назаридан энг яхши бажара оладиган ходимга юклаш тушунилади. Одатда вертикал ва горизонтал меҳнат тақсимоти ажратиб кўрсатилади. Вертикал меҳнат тақсимоти ташкилотда бошқарув даражалари иерархиясини ташкил этади. Горизонтал меҳнат тақсимоти бир поғонадаги ходимлар ўртасида амалга оширилади. Масалан: ўрта бўғин менежерлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари.
Ихтисослашув (биринчи бор бу ибора А.Смит томонидан 1776 йилда қўлланилган) мураккаб тушунча бўлиб, мақсадга эришишда вазифаларни ходимнинг ихтисослиги, кўникма ва тажрибасига асосланган ҳолда тақсимлашни назарда тутади. Инсоннинг индивидуал ҳатти–ҳаракати ва фаолияти муваффақиятига таъсир этувчи омиллар қуйидагилардир: қимматликлар – бу инсоннинг умумий тушунчаси, нима яхши-ю нима ёмонлиги, нимага бефарқлигига эътибор қилиш, эҳтиёжлар, қобилият, уқув, ўз ҳаракатларидан натижа кутиш, берилган маълумотларни қабул қилиш ва ҳоказо. Ихтисослашув ва меҳнат тақсимотидан ташқари, ходимлар ўртасидаги хизмат муносабатлари ҳам катта аҳамиятга эга. Агар ходимлар ташкилот бўлинмалари ўртасидаги хизмат муносабатлари аниқ белгиланмаса ва мувофиқлаштирилмаса, ихтисослашувнинг самарадорлиги бўлмайди. Ваколатларни тақсимлаш раҳбариятнинг ташкилотда ходимлар ўртасидаги расмий ўзаро алоқани ўрнатиш воситаси ҳисобланади. Ваколатларни тақсимлаш ва вазифаларни тавсифлаш орқали раҳбар қандай мутахассисни тегишли лавозимга ишга қабул қилиши мумкинлигини аниқлайди. Чунки ташкилот режалари амалга оширилиши учун, ҳар бир ходим ташкилот мақсадларидан келиб чиқадиган маълум бир вазифани бажариши керак бўлади. Албатта, ташкилот мақсадларини белгилаш, стратегияларни ишлаб чиқиш бу вазифаларнинг бажарилишига маълум маънода ёрдам беради. Лекин бундан ташқари, ташкилот фаолиятида ходимлар ўртасидаги расмий муносабатларни ташкил этиш, вазифаларни мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |