КИРИШ
Магистрлик диссертацияси мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 4-йўналишида «фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш» юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган [1,2,3,4].
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги
ПФ-4947-сон «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича
Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони, 2018 йил 23 январдаги
ПҚ- 3489-сонли «Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш
ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисида»ги
қарори, 2018 йил 14 февралдаги ПҚ-3532-сонли «Фармацевтика тармоғини
жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлари тўғрисида»ги
қарори, ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий
ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга республикамизда
Alcea nudiflora L. ўсимлигидан ажратиб олинган преналонни
аллоксанли диабетда ичак ферментлари ассимиляциясига таъсирини тадбиқ этиш муайян даражада хизмат қилади [1,2,3,4].
Жаҳон соғлиқни сақлаш (ЖССТ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) берган маълумотига кўра ХХI асрда бутун дунё хамжамиятлари учун энг хавфли бўлган муаммо сифатида қандли диабет касаллиги эълон қилинди. Берилган маълумотларига кўра ҳозирда дунё аҳолисининг 415 миллиони диабетдан азият чекмоқда [7, 10].
Дунёни барча мамалакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам диабетнинг тарқалиш даражаси юқоридир. Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистонда қандли диабет касаллиги билан оғриган беморлар 245 мингдан ортиқроқ бўлиб, улардан 2,3 мингтаси ёш болалар, 879 таси ўсмирлар ҳисобланади [7, 10]. Тошкент шаҳрида 1-тип ва 2-тип диабет билан оғриган беморларнинг эпидемиологик жиҳатлари таҳлил қилиниб чиқилганда 16356 та диабет билан оғриган беморлар рўйхатда туриши маълум бўлиб, улардан 7,5% 1-тип, 92,5% и 2-тип диабет билан оғриган беморлар эканлиги аниқланган [5]. Диабет билан оғриган беморларнинг жинс бўйича таққосланганда 1-типдагиларда деярли бир хил, 2-тип диабетда эса аёллар 70,6% ни ташкил қилган. Беморлар орасида 70-79 ёшлилар 28,2% ни, 10,5% ни 80-89 ёшлилар ташкил қилади [5, 24].
Юқорида келтирилган маълумотлардан шуни айтиш мумкинки ҳозирги кунда мамлакатимизда диабет касаллигини даволаш чораларини излаб топишда махаллий ўсимликлардан олинган дори препаратларидан фойдаланишни йўлга қўйиш долзарб муаммолардан ҳисобланади.
Бир неча йиллардан бери диабет касаллигида организмда юзага келадиган турли патологик ҳолатларни аниқлашга қаратилган тажрибалар амалга оширилиб келинмоқда. Тажрибавий қандли диабетда қон томирлар асоратлари юзага келиб, бундай деструктив ўзгаришлар тажрибани илк кунларидаёқ аниқланган [23].
2-тип диабет касаллиги дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. Ушбу касаллик ортиқча вазн, инсулин қаршилиги ва шунингдек ошқозон ости бези β-ҳужайралари ва массасини ўзгариши билан боғлиқ бўлиб, ушбу метаболик касалликлар инсулинни глюкоза, липид ва оқсил метаболизми бошқарувига тўсқинлик қилади. Бу эса физиологик жараёнларни бузилиши билан боғлиқ тавсифланган касалликларни кучайтиради [54, 67]. Аммо диабет касаллигини ривожланиши учун йиллар керак бўлади. 2-тип диабет касаллиги билан оғриган беморлар кўп ҳолатларда метаболик профилини бир қисми бўлган ортиқча базал инсулин секрецияси ва гиперинсулинемия каби фаоллаштирилган ҳужайрали компенсацион механизмга кўра инсулин сезгирлигини пасайиши билан боғлиқ семиришни бошдан кечиришади [30, 67].
Do'stlaringiz bilan baham: |