Танбур ва сато мусиқа чолғуси. Танбур мусиқа чолғуси икки хил ижро йўли асосида мусиқа ижрочилигида қўлланиб келинган. Яъни нохун (мизроб) ва комон воситасида ижро этилган. Комонли танбур ҳақида Омулий кейинчалик Абдулқодир Мароғий ўзининг "Мақосид-ул-алҳон" (Куйлар мақсадлари) асарида 40 га яқин мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бериб, танбурнинг комон воситасида ижро этиладиган нусхаси "Най танбур" ҳақида маълумот берган. Бизнинг давримизда эса 1920 йиллардаги мусиқа ижрочилиги яъни "Шашмақом" асарларини ижроси ҳақида маълумот бериб, Абдурауф Фитрат ўзининг "Ўзбек синфик мусиқаси ва унинг тарихи" китобида шундай фикр билдирган."Шашмақом" асарлари икки ё уч танбур жўрлигида ижро этилиб, уч танбурдан бири комон воситасида ижро этилган. Агарда бир танбур комон воситасида ижро этилмаганда унинг ўрнига қубуз чолғуси жўр бўлган.
Демак, созандалар баъзан танбурни комон воситасида ижро этишган. Дастлабки ўзбек театрида Ўзбекистоннинг энг етук режиссёрлари, актёрлари, созандалари ва хонандалари ушбу театрда фаолият кўрсатишган. Етим Бобожонов, Юнус Ражабий, Турғун Алиматов ва бошқалар. 1957 йилда эса Ўзбекистон радиоси ва телевиденияси қошида Юнус Ражабий раҳбарлигида миллий, мақом анъсамбли ташкил этилиб, энг етук созанда ва хонандалар бу анъсамблга таклиф этилади. Жумладан Турғун Алиматов ҳам танбур чолғучи созанда сифатида таклиф этилган. Юнус Ражабий Турғун Алиматовга ўз хоҳишини билдириб, энг етук устозлардан Султонхон Ҳакимов, Маъруфжон Тошпўтатов, Фазлиддин Шаҳобов ва бошқалар баъзан танбурни комон воситасида ижро этишган. Шу боис Турғун Алиматов шу анъанани қайта тиклаши ҳақида фикр юритилади.
Ҳозирги биз фикр юритадиган "сато" ёки "танбур сато" ҳақида Ўзбекистон халқ артисти Ўзбекистон давлат консерваториясининг профессори Турғун Алиматов халқ устаси Усто Усмон Зуфаровга мурожаат қилиб, бир танбур каттароқ кўринишида бўлиб, бунда ҳам нохун, ҳам комон воситасида мусиқа ижро этилиши лозимлигини айтади. Устахонага келиб Усто Усмонга бу хоҳишни билдиради ва устахона бурчагида чанг босиб ётган мусиқа чолғусини кўради. Бу мусиқа чолғуси 1937 йилда Ўзбекистоннинг Моcквада бўлиб ўтган биринчи декадасига бағишлаб тайёрланиб, кўргазмада намойиш этилиб, шу йилдан 1957 йилгача устахонада сақланган. Ушбу мусиқа чолғуси олиниб унинг парда, қопқоқ, харрак каби қисмлари янгиланиб қайта таъмирланди ва Турғун Алиматов томонидан комон воситасида мусиқий асарлар ижро этила бошланди. 1937 йилда Ўзбекистонинг 1-чи декадасини Москва шаҳрида ўтиши муносабати билан Усто Усмон Зуфаров томонидан барча ўзбек миллий чолғуларини кўпгина кўринишдаги турлари қайта тайёрланиб, декадада намойиш этилади. Танбур сато ҳам кўргазма учун Москвада намойиш этилади. Лекин ҳеч бир созанда уни ижро ва созига қизиқмаган. Турғун Алиматов бу чолғуни баъзи бир қисмларни янгилаб ижрочиликка ҳам танбур, ҳам сато услубида ижро эта бошлади. Дастлаб Турғун Алиматов "Наво" номли мусиқий асарини тайёрлаб ижро этган. Бу радио ва телевидения орқали намойиш этилгач, бу мусиқа чолғусини танбур сингари "нохун" воситасидаги ижроси "танбур", комон воситасидаги ижроси "сато", ёки "танбур сато" деб атала бошланган. Кейинги йилларда Турғун Алиматов жуда кўп мусиқий асарларни сато ижрочилиги йўлида ижро этиб, ўзига хос ижрочилик мактабини яратиб, "Сато наволари" номли пластинка ёзувини шинавандаларга ҳадя этган.
Сато - сўзининг асл маъноси шундан иборатки, "сато" сўзи "садо" ёки "сетор" сўзидан олинган. Аниқроғи сетор сўзини Уйғур тилидаги талаффузидан олинган. Уйғур халқида ҳам мақом асарларини "марғул" номли ижровий бўлаклари танбурнинг комон воситасидаги ижроси асосида ижро этилади. Яъни сетор сўзини уйғур тилидаги талаффузи "сатар" сўзидан олинган бўлиб, Уйғурларда комонли танбур - "сато" ёки "сатар" деб аталган. Шундай қилиб ушбу "сато" сўзининг атамасини юқоридагича изоҳлаш мумкин.
Сато ижрочилигида ғижжак чолғусидаги ижровий зарб ва безаклари қўлланилади. Фақат "Зарби оро" зарби танбурда нохун воситасида, "сато" ёки "танбур сато" да кўрсатгич бармоқ воситасида ижро этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |