Ғижжак. Ғижжак мусиқа чолғуси ҳақида турли манъбаларда ҳар хил маълумотлар берилган. Ғижжаклар дастлаб бир торли, кейин икки ва уч торли ҳозирги кунда эса тўрт торлидир. Озарбайжон мусиқашунос олимаси Саодат Абдуллаева ўзининг "Мусиқалние инструменти Азербайджана". Баку. 1972. Бу китобининг 16 ва 17 саҳифаларида “Кеманча” ва унга оиладош “чегане” мусиқа чолғулари ҳақида маълумот берган. Файзулло Кароматов ўзининг мусиқа чолғулари ҳақида ёзган китобида "Бобурнома" асари ҳақида маълумот бериб, бу асарда Қул Муҳаммад Удий ғижжакка учинчи торни тоққанлиги ҳақида маълумот беради19.
Ўзбекистонда ғижжак ва қубуз, Эрон ва Кавказ халқларида "кеманча" номлари билан ва унга оиладош Ҳиндистон, Покистон, Афғонистонда "дилрабо", Тожикистоннинг Кўлоб, Тоғли Бадахшон Автоном вилоятида "жиғак" (ғижжак) мусиқа чолғулари мавжуд. 1937 йилда Москва шаҳрида ўтказиладиган ўзбекларнинг биринчи декадасига бағишлаб Ўзбекистонда жуда кўп миллий мусиқа чолғулари халқ устаси Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган Санъат арбоби Усто Усмон Зуфаров томонидан қайта тайёрланиб, жумладан уч торли танбур ва ғижжакларга яна бир тор тақилиб, улар тўрт торли бўлган.
Ҳозирги кунда тўрт торли ғижжаклар мусиқий таълим даргоҳларида ижрочилигида қўлланилмоқда. Ғижжакларнинг тўрт торини биринчиси кичик октава "сол" иккинчи ва учинчиси биринчи октава "ре" ва "ля", тўртинчи тори эса иккинчи октава "ми" товушларига созланади. Ғижжак ижроси учун эса от думидаги табиий ва махсус тайёрланган сунъий оппоқ қил торларидан "комон" тайёрланади. Миллий мусиқа ижрочилигида ғижжак ўзига хос ижрочилик мактабига эга бўлиб, буюк устозлардан - Имомжон Икромов, Салоҳиддин Тўхтасинов, Ғуломжон Ҳожиқулов, Илҳом Тўраев, Ғанижон Тошматов, Дони Зокиров, Маҳмуджон Муҳаммедов, Обит Холмухаммедов, Ботир Расуловлар ҳамда уларнинг давомчилари- Абдуҳошим Исмоилов, Ўлмасжон Расулов, Зиёвуддин Андижоний, Аҳмаджон Дадаев, Салоҳиддин Азизбоев, Қаҳрамон Комилов, Шуҳрат Йўлдошевлар, Қашқадарёдан Бўронхон Муқимов, Аъзам Ражабов, Бахриддин Остонов, Салоҳиддин Аъзамов, Нишонбой Авазов, Равшан Муҳаммадией, Дилшод Мингишев, Жамол Холмуродов, Жуманазар Иброгимов ва бошқаларнинг устозона ижролари таҳсинга лойиқдир.
Ўзбекистон Давлат консерваториясида ғижжак синфи бўйича профессор Мурод Тошмуҳаммедов устозлик қилди. Бу устоз томонидан ғижжак мусиқа чолғусини анъанвий ва замонавий ижроларига хос кўпгина дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланиб, нашр эттирилган ва ўқув жараёнида кенг миқёсда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |