Муаммоли савол:
Миллий маданият ривожига қарши турувчи реакцион кучлар ва маданиятнинг ривожига ҳисса қўшган илғор кучлар кимлар, уларни таққосланг?
Санкт-Петербург мустамлака истибдодини кучайтиришга қаратилган бу дастурни ҳам тасдиқлади. Генерал Қоролpков ва Духовский режалари зудлик билан ижрога тавсия қилинди. Мустамлака идоралари кенгайтирилиб, ҳарбий миршаблик мансаблари кўпайтирилди. Туркистон генерал-губернатори фуқароларга нисбатан ҳарбий суд чиқарадиган ҳукмларни тасдиқлашдек империя ички ишлар вазири ҳуқуқига ҳам эга бўлди. Метрополия ҳукумати генерал-губернаторга рус келгиндиларини ҳар эҳтимолга қарши янги қўзғолон кўтарилган тақдирда заҳира кучларга эга бўлиш учун милтиқлар билан қуроллантиришга рухсат берди.
Чоризм 90-йиллардаги халқ ҳаракатлари, хусусан Андижон қўзғолонидан тегишли хулоса чиқариб, 1886 йилда тасдиқланган «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида Низом»га ўзгартиришлар киритди. Бу Қонун Туркистон генерал-губернаторлигини «Маъмурий-полиция бошқаруви»га ўзгартирган эди. Санкт-Петербург ҳарбий вазирлиги ўлкада «Ҳарбий-полиция бошқаруви»ни тиклади. Туристондаги мустамлакачиларга кенг ваколатлар бериб, уларга «ерли аҳоли ўртасида ҳар қандай норозиликни таг-туги билан шафқатсиз босиш, бирон-бир душманлик ҳолати сезилса, дарҳол уни бўғиб ташлаш, тартибни бузувчилар ва уларнинг маслакдошларига тегишли сабоқ бериш ва уларга қудратимизни кўрсатиб қўйиш учун ҳар қандай чоралардан қайтмаслик»ни буюрди.
2. Рус-тузем мактабларининг очилиши, унинг мақсад ва вазифалари
XIX асрнинг охирларида Туркистонда бўлгани сингари Фарғона вилоятида ҳам жуда кўп эски мактаблар ишлаб турди. Булар асосан бошланғич ва ўрта ҳамда олий диний таълим берувчи маданий ўчоқлар эди. Илғор домлалар диний таълим билан чегараланиб қолмасдан дунёвий таълим ҳам берарди. Ўқувчилар хат-саводини чиқаришар, ҳисобдан ҳам бир қадар дарс оларди. Мактабларда адабиёт, тарих, географик илмларга ҳам анча ўрин ажратилган эди.
Эски мактабларда камбағалларнинг болалари биринчи босқичдаги таълим-тарбиядан сўнг ўқишни тамомлаган ҳисобланарди. Ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари мактабдорлар қўлида яна 8 йил шогирд бўлиб, ўқишни давом эттирар эдилар. Ўқишни тамом қилгандан кейин уларнинг бир қисми олган билимларини савдо-сотиқ ишларида, косибчиликда қўллар, баъзилари хаттотликни касб қилиб олар, иқтидорли қисми эса мадрасага кириб яна ўқишни давом қилдирар эди.
Эски мактаб, одатда, кичик бўлиб, унда 10-15 нафар ўқувчи таҳсил олган. Лекин мадрасалар ўз ҳашаматлилиги, жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб турган.
Шу билан бирга, вилоятда мадрасалар ҳам ўз фаолиятини давом эттирди. Туркистонда таълимнинг бу тури ўрта асрлардаёқ ўзини ҳар томонлама оқлаган бўлиб, улардан жаҳоншумул миқёсли олимлар етишиб чиққани ва улар фаннинг бешигини тебратганлиги дунёга маълумдир. Аммо XIX асрга келиб мадрасалар бундай нуфузини йўқотиб, маҳаллий, ўлка аҳамиятига молик мутахассислар тайёрлаш даражага тушиб қолган эди.
Мадрасалар таълимида диний таълимотга ҳаддан ташқари эътибор берилиб, дунёвий фанларга ғамхўрликнинг пасайиб кетиши ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. XIX аср охирида Фарғона вилоятида 96 та мадраса фаолият кўрсатарди. Улар вилоят уездлари бўйича, Қўқон уездида 34 та, Марғилон уездида 25 та, Андижон уездида 18 та, Наманган уездида 14 та, Ўш уездида 5 та эди.
Ўлканинг йирик шаҳарларида мадрасалар (Тошкент, Бухоро, Қўқон, Хива, Андижон) қурилиши давом этди. Улар одатда улуғворлиги билан ажралиб турар эди. Йирик мадрасалар олий таълим бериш вазифасини бажариб, уларда бир неча мударрислар дарс берганлар. Мударрисларнинг кўпчилиги диний фалсафа, мусулмончилик ҳуқуқлари, шариат (фиқҳ) қонунчилигидан таълим берар эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |