4. Адабиёт, кутубхоналар ва музейларнинг ташкил топиши.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1858-1909)нинг ижоди XIX аср охири, XX асрнинг бошларида янада сермаҳсул ва мазмунли бўлди: у маърифат жонкуяри сифатида фаоллик кўрсатди. Шоир шеърларида бўлсан, хоҳ ижтимоий қарашларида бўлсин, адолатни тарғиб қилди, жоҳилликни қоралади.
Фурқат Европа илғор маданиятига ҳавас билан қаради. У мамлакатни илм, маърифат билан янги тараққиётга буриб юбориш тарафида турди. Шунинг учун халқига «илм иста» дея мурожаат қилди.
Фурқат адабиётнинг публицистика соҳасини ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшди. У ўзининг публицистик мақолаларида даврнинг энг долзарб муаммоларига фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) мактабни тамомлагач, 1905-1909 йилларда мадрасада таҳсил олди. Ҳамза шоир ва педагог сифатида элга танилди. У 1913 йилда Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия ва Россиянинг жанубий ҳудудларида бўлди. Ҳамза Қўқонга қайтгач, маориф ишларига ғайрат билан киришди. У поэзияда маърифатпарвар-демократик қарашларидан инқилобий ғояларга бурилди. Айниқса, унинг 1917 йилдан кейинги ижодида бу йўл яққол кўзга ташланиб туради.
XX асрнинг бошларида адабиёт ва ижтимоий тафаккур майдонида Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий, Боту каби халқимизнинг забардаст ўғлонлари ўз овозлари, ижодий меҳнатлари билан маданиятимизнинг бойиши ва ривожига катта улуш қўшдилар. Улар нафақат адабиёт тараққиётига, балки ўзбек тилининг бой имкониятларидан кенг фойдаланиб, ўзбек адабий тилининг тараққиётига ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий (1850-1903) ҳам бу даврда ўзбек адабиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шоирдир. Унинг шеъриятида тўғрилик, поклик ғояси алоҳида ўрин тутади. Муқимий ҳам замондоши Фурқатга ўхшаб, диний эътиқодидан юз ўгирмаган ҳолда, ақидапарастлик, жоҳиллик ботқоғига ботган, тараққиётни кўра олмайдиган ва уларга қарши бўлган руҳонийларга ўз қаламини қарши қўйди. Шунингдек, Муқимий ҳам Фурқат каби маълум миқдорда шовинизм таъсирида бўлди.
Фурқат ва Муқимийнинг маърифатпарварлик ғояларини давом эттирганлардан бири Убайдулла Абдулла Солиҳ ўғли Завқий (1853-1921)дир. У Шарқ поэзиясидаги қочириқ, одат ва услублардан унумли фойдаланиб, мазмундор шеърлар битди. Уларда реакцион кучлар – булутларга, озодлик-офтобга, хон давлати – кўпикка, халқ – денгизга ўхшатилади.
Анбар отин (1870-1906) ижоди ҳам ижтимоий адолатсизликка қарши туғён урди ва халқни ғафлатда ётмасликка чақирди:
Мендек ётма, уйғонғил замони Фарғона!
Эрлардек бел боғла, эмди бўлиб мардона!
Фарғонада биринчи музей 1899 йил 26 май куни А.С.Пушкин туғилганига 100 тўлиши муносабати билан очилган эди. Бу даврда ўлканинг фақат учта шаҳри: Самарқанд (1874), Тошкент (1876), Ашхабодда музейлар бўлиб, Фарғона музейи тўртинчи эди.
Музейнинг ташкил этилиши қуйидагича бўлган: 1894 йилнинг 16-17 октябрида Янги Марғилонда биринчи Фарғона вилоят қишлоқ хўжалик ва саноат кўргазмаси ташкил этилади. Худди шу ҳодиса музей таъсис этиш фикрини вужудга келтиради.
Бўлажак музейнинг негизи бўлиб қисман кўргазмадан қолган коллекциялар, қисман турли шахслар ҳадя қилган коллекциялар хизмат қилди. 1897 йилнинг 4 июлида музейнинг Низоми тасдиқланди. Бу вақтга келиб музей ҳисобида 1200 та дан ортиқ буюм ва китоблар бўлган.
Адабиётлар:
1. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб, «Шарқ», Тошкент, 2000.
2. Умаров А. XIX асрнинг иккинчи ярми, XIX аср бошларида Фарғона водийсида маданий ҳаёт. Автореферат, Тошкент, 1985.
Do'stlaringiz bilan baham: |