2. Фарғона водийси тарихини ўрганишнинг манбалари ва тарихшунослиги.
Туркистон ўлкаси, шу жумладан, Фарғона водийси тарихини ўрганишда адабиётларни қуйидаги гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Чор Россияси ҳукмронлиги даврида яратилган адабиётлар.
2. Совет даври адабиётлари.
3. Мустақиллик йиллари адабиётлари.
Шуни таъкидлаш жойизки, бу адабиётлар нафақат даврий жиҳатдан, балки манбавий, илмий-назарий ва ғоявий асослари билан ҳам бир-биридан фарқланади.
Бу даврни ўрганишда архив ҳужжатлари асосий манба бўлиб хизмат қилади. Масалан, Москва, Санктпетербург ва Тошкентдаги Марказий давлат архиви.
2-МАВЗУ: Қўқон хонлигининг тугатилиши.
Фарғона вилоятининг ташкил топиши.
РЕЖА
Худоёрхон билан К.П.Кауфман ўртасидаги 1868 йилги савдо ва
тинчлик шартномалари.
1873-1876 йилларда Қўқон хонлигидаги қўзғолон ва хонликнинг тугатилиши ҳамда Фарғона вилоятининг ташкил топиши.
Чор Россиясининг Фарғона водийсидаги мустамлакачилик сиёсати ва унинг ўзига хос хусусиятлари.
Худоёрхон билан К.П.Кауфман ўртасидаги 1868 йилги савдо ва тинчлик шартномалари.
Россия 1847-1866 йилларида Қўқон ва Бухоро хонликларига қарашли бир неча шаҳар, қишлоқ ва чўлларни босиб олди. 1865 йили генерал Черняев бошчилигида тузилган Туркистон ўлкаси босқинчиларнинг минтақада юритмоқчи бўлган мустамлакачилик талабига жавоб беролмай қолди. Айниқса, бу ўлканинг узоқ масофадаги Оренбург генерал-губернаторлигига бўйсундирилиши бир қанча қийинчиликларга сабаб бўлди. Рус давлатига ўз босқинчилик урушларини давом эттириб, мустамлакачилик сиёсатини хаётга изчиллик билан татбиқ этиш учун мустаҳкам ва такомиллашган маъмурий тизим зарур эди.
1867 йил 2 июлдан бошлаб алоҳида Туркистон генерал-губернаторлиги тузилиб, генерал-адъютант К.П. Кауфман бошлиқ этиб тайинланди, Тошкент унинг пойтахти бўлди.
Туркистон генерал-губернаторлигига Сирдарё вилояти (маркази Тошкент) ва Еттисув вилояти (маркази Верний) киритилди. Туркистон харбий округи ҳам барпо қилинди.
Сирдарё вилоятига Тошкент, Чимкент, Хўжанд, Авлиёота, Жиззах, Ғазоли ва Перовский уездлари киритилди.
Еттисув вилояти Сергикол, Копал, Верний, Иссиқкўл, Тўқмоқ сингари уездларни ўз ичига олди.
Биринчи генерал-губернатор Кауфман катта ваколатларга эга бўлиб, унга мустақил равишда харбий юришлар уюштириш ва қўшни давлатлар билан алоқалар олиб бориш хуқуқи берилган эди. Кауфман шу даражада катта мавқега эга эдики, уни туб аҳоли “ярим подшоҳ” деб юритган. Генерал-губернаторлик билан бир қаторда Туркистон харбий округи хам тузилиб, унга қўмондонлик қилиш ҳам Кауфманга юкланди.
Шундан сўнг бутун уруш ҳаракатлари Тошкент орқали амалга ошириладиган бўлди. Кауфман Чор Россиясининг босқинчилик сиёсатини давом эттириб, 1868 йилда Бухоро ва 1873 йилда Хива хонликларини босиб олиб, уларни рус давлатининг вассаллигига айлантирди. Шу тариқа, Ўрта Осиёнинг асосий қисми Россия томонидан босиб олиниб, навбатда Қўқон хонлигини тугатиш масаласи Чор ҳукумати олдида кўндаланг бўлиб турарди.
1868 йилнинг январp ойида Рус давлати билан Қўқон хонлиги ўртасида қуйидаги савдо битими тузилди:
1. Қўқон хонлигининг барча шаҳар ва қишлоқларида Россия савдогарлари учун бемалол савдо-сотиқ билан шуғулланиш имкони берилади. Шунга ўхшаб Қўқон савдо аҳлига ҳам Россияга қарашли ерларда иш юритиш ҳуқуқи тавсия этилади.
2. Хонлик Россия савдогарларига шаҳарларда, хоҳласалар, ўз карвонсаройларига эга бўлишга рухсат берилади. Ўз навбатида, Қўқон хонлиги савдогарларига ҳам Россия шаҳарларида бундай имконият яратилади.
3. Савдонинг боришини ва божларнинг қонун асосида олинишини назорат қилиб туриш учун рус савдогарлари хонликнинг барча шаҳарларида ўзларини савдо агентларини тайинлайдилар. Бундай ҳуқуқ Россия қўл остидаги шаҳарларда Қўқон савдогарларига ҳам берилади.
4. Россиядан Қўқон хонлигига ва хонликдан Россияга олиб кетиладиган моллардан Туркистон ўлкасида олинадиган миқдорда, яҳни молларнинг таннархидан 2,5 фоиз бож олинади.
5. Рус савдогарлари карвонларининг хонлик ерлари орқали қўшни хонликларга бемалол ва хавф-хатарсиз қатнашлари таъминланади. Бундай шароит қўқонликларга Россия ерларида ҳам яратилади.
Мазкур битим 1868 йил 29 январда Туркистон генерал-губернатори Кауфман, 13 февралда эса, Худоёрхон томонидан тасдиқланади. Бундан бир неча йиллар илгари Россия билан тенг ҳуқуқли давлат сифатида элчилик ва савдо алоқаларини олиб борган Қўқон хонлиги энди, вақти келиб, империянинг атиги кичик бир қисми бўлиши билан бирга, Туркистон генерал-губернаторлиги билан алоқа қилиш даражасига тушиб қолди, ҳамда губернаторликнинг таъсир ва назорати доирасига тортилди.
Гарчанд мазкур битимда асосан савдога доир масалалар назарда тутилган бўлса-да, лекин унинг қабул этилиши Қўқон хонлигининг сиёсий жиҳатдан ҳам Рус давлатига қарамлигини таҳминлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |