ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
Фарғона водийси чор Россияси мустамлакачилиги даврида
махсус курсидан
муаммоли маъруза матни
Фарғона - 2010
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
5А 220221 – «Ўзбекистон тарихи» мутахассислиги магистрантлари учун
Фарғона водийси чор Россияси мустамлакачилиги даврида
махсус курсидан
муаммоли маъруза матни
Мазкур маърузалар матни ФарДУ тарих кафедрасининг 2010 йил _________ даги йиғилишида муҳокама қилинди ва маъқулланди, ____-рақамли мажлис баёни.
Фарғона – 2010
Ажратилган соатлар: 50 соат
Шу жумладан:
Маърузалар: 20 соат
Семинарлар: 30 соат
Семестр: III
Тузувчи: Тарих фанлари номзоди,
доцент А.Шарафиддинов
Тақризчилар: Тарих фанлари номзоди, доцент О.Охунжонов
Тарих фанлари номзоди М.Жабборов
1-МАВЗУ: «ФАРҒОНА ВОДИЙСИ ЧОР РОССИЯСИ МУСТАМЛАКАЧИЛИГИ ДАВРИДА» МАХСУС КУРСИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ.
РЕЖА:
1. Махсус курсни ўрганишнинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари.
2. Фарғона водийси тарихини ўрганишнинг манбалари ва тарихшунослиги.
1. Махсус курсни ўрганишнинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари.
Маълумки, мустақиллик жамият ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, ижтимоий фанларда ҳам туб ўзгаришларга асос солди. Энг аввало, уларнинг назарий-услубий асослари янгиланди. Айниқса, тарих фанининг назарий-услубий асослари, унинг мақсад ва вазифалари тубдан ўзгарди.
XIX аср иккинчи ярми, XX аср бошларидаги юртимиз тарихи мураккаб ва зиддиятли воқеаларга бой бўлди. Ўлканинг Чор Россияси томонидан истило этилиши, мустамлакачилик сиёсатининг юритилиши ва унга қарши курашлар шулар жумласидандир. Ўзбекистон тарихининг ажралмас қисми бўлган Фарғона водийсининг тарихида ҳам ушбу жараёнлар алоҳида махсус курс сифатида ўрганишга арзигуликдир. Бу даврда Фарғона водийсида кечган воқеалар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар Туркистон ўлкасининг тараққиётини тушунишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ушбу махсус курс учун Фарғона водийсини Россия томонидан босиб олиниши, унинг сабаб ва оқибатлари асос қилиб олинди.
Бу катта регион ўрганилаётган даврда Туркистон ўлкасининг аҳоли сони, иқтисодий потенциали жиҳатидан энг олдинда турувчи ҳудуд ҳисобланар эди. Аҳолисининг сони 1897 йилги аҳоли рўйхати маълумотлари бўйича 1572214 кишини, 1907 йилда эса 1972200 кишини ташкил этган. Ваҳоланки, 1898 йилда Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг аҳолиси биргаликда 238419 кишини ташкил этарди.
Бу даврда Фарғона вилояти таркибига Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ва Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари кирган. Фарғона вилояти таркибига 5 та уезд, 91 та волост кирган бўлиб, бу ҳудуд бутун Туркистон ўлкасининг 60 фоиз пахтасини, 80 фоиз пилласини етказиб берган.
Фарғона вилоят таркибида бутун Туркистон ўлкасида мавжуд бўлган 700 та саноат корхоналарининг 300 таси жойлашган эди. Кўмир, нефтp қазиб олишда ҳам ўлкада энг олдинги ўринда турган. Шу билан бирга, Туркистон ўлкаси ишчиларининг катта қисми ҳам Фарғона вилоятида эди. Масалан, 1914 йилда ишчилар синфи 12,5 минг кишини ташкил этган. Ёки Туркистон ишчиларининг бешдан икки қисмини Фарғона вилояти ишчилари ташкил этарди. Бу кўрсаткичлар XIX аср охири, XX аср бошларида Фарғона вилояти Туркистон ўлкасида ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳам маданий соҳаларда анча ривожланган, тараққий этган ҳудуд ҳисобланар эди. Шу боис, Фарғона вилоятидаги ривожланишни магистрантларга тушунтириш, уларда илмий фикрларни ўйғотиш, шакллантириш ва мустамлака даврида аниқ бир ҳудуддаги воқеа-ҳодисалар ва тараққиёт ҳақида хулоса қилиш имкониятини вужудга келтириш мақсад қилиб олинди. Ушбу мақсад эса қуйидаги вазифаларни қўяди:
Қўқон хонлигининг тугатилиши ва унинг ўрнида Фарғона вилоятининг ташкил қилиниши жараёнларини янги маълумотлар асосида ўрганиш;
Чор Россиясини Фарғона водийсида мустамлакачилик сиёсати ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунча ҳосил қилиш;
мустамлака шароитида вилоят аҳолисининг ўсиш динамикаси ва ижтимоий таркибидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш;
Чор Россияси аграр сиёсатининг мақсади, ер-сув муносабатлари. Россиядан аҳолини кўчириш сиёсати. Вилоятда пахтачиликнинг ҳукмрон тармоққа айланиш жараёнларини ўрганиш;
ҳунармандчиликнинг аҳволи. Дастлабки саноат корхоналарининг вужудга келиши. Унинг тармоқлари, маҳаллий ишчилар синфининг шаклланиш жараёнларини ўрганиш ва хулоса чиқариш;
вилоятдаги ички ва ташқи савдо муносабатлари, уларнинг асосий кўрсаткичларини келтириш;
Чор Россияси мустамлакачилиги даврида вилоятдаги маданий ҳаёт, кишилар дунёқарашидаги ўзгаришларни ўрганиш;
Чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати билан боғлиқ ҳолда миллий озодлик ҳаракатларининг пайдо бўлиши, уларнинг оқибатлари ҳақида тушунча ҳосил қилишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |